ШАРҚИЙ АВСТРАЛИЯ ГЕОСИНКЛИНАЛЬ МИНТАҚАСИ

ШАРҚИЙ АВСТРАЛИЯ ГЕОСИНКЛИНАЛЬ МИНТАҚАСИ — Австралиянинг шарқида жойлашган Тинч океан геосинклиналь минтақасининг бир қисми, кечки токембрий — палеозойнинг бурмаланиш минтақаси. Шим. да КейпЙорк я. о. нинг шарқий қисмидан жан. да Тасмания ороли билан қўшилган ҳолда 3500 км, эни 1500 км га чўзилган. Унинг геологик структура сифатида шаклланиши девон даврига тўғри келган. Шу вақт ичида тоғлараро водийлар ва чўкмаларда кўплаб қизил рангли дағал тошлар билан бирга эффузив ва чўкинди тоғ жинслари қатламлари ҳосил бўлган. Янги Англия қисмида қатламларнинг қалинлиги 12 км га етган, карбон даври охирларида ва пермь бошларида бу катламлар тектоник ҳаракатларнинг кучайиши натижасида, чўкмалар ўрнида бурмаланган геосинклиналь структураларни пайдо қилган. Уларнинг ёриқлари орасидан магмалар ҳаракатга келиб гранит интрузив жинсларни келтириб чиқарган. Пермь даври охирларида Ш. А. г. м. аста-секин емирилиб платформа даврини кечирган. Геосинклиналь структуралари билан қўргошин, мис, олтин, висмут, полиметалл конлари, пермь чўкинди тоғ жинслари билан боғлиқ бўлган конлар топилган.