ШАРҚИЙ ЕВРОПА ПЛАТФОРМАСИ

ШАРҚИЙ ЕВРОПА ПЛАТФОРМАСИ, Рус платформаси, Европа платформаси — йирик платформалардан бири, Ер пўстининг қадимий рифейгача бўлган даврига мансуб. Шарқий ва Шим. Европанинг катта қисмини эгаллаб, Скандинавия тоғларидан Уралгача ва Баренц денгизидан Қора ҳамда Каспий денгизларигача чўзилган. Платформа чегараси шим. шарқ ва шим. да Тиман кряжи бўйлаб ҳамда Кола я. о. қирғоқларидан, жан,ғарбда эса — Ўрта Европа текислигида Варшава яқинидан, шим. ғарбда Болтиқ денгизи ва Ютландия я. о. нинг шим. қисмидан ўтади. Шарқий Европа Платформасида рифейгача бўлган бурмаланган қадимий кристалли замин билан унинг устида ётган чўкинди жинслар қоплами ажралиб туради. Замин платформанинг фақат шим. ғарбида (Болтиқ қалқони) ва жан. ғарбидагина (Украина қалқони) ер юзасига чиқиб ётади. Қолган катта майдонда у чўкинди ётқизиқлари билан қопланган. Шарқий Европа Платформасининг заминида кучли метаморфлашган ва бурмаланган чўкинди ҳамда магматик жинслар бўлиб, бу жинслар катта майдонларда гнейс ва кристалли сланецларга айланган. Платформа заминининг аксари қисми (ғарбий чеккаси бундан истисно) юқори протерозой бошларида (1600 млн. йил олдин) шаклланган. Шарқий Европа Платформаси тарихида 2 йирик давр ажралиб туради. 1-давр архей, қуйи ва ўрта протерозой даврларини (3500— 1600 млн. йил) ўз ичига олади, бунда кристалли замин шаклланган; 2-даврда (юқори протерозойдан антропогенгача) эса платформанинг ўзи ривожланиб, чўкинди қоплам ва ҳоз. структура ҳосил бўлган. Палеозой даврининг охирларида Шарқий Европа Платформасининг структуралари қайта тикланиши натижасида ер сатҳининг катта қисми қўтарилган. Бунга шарқда содир бўлган Урал-Тяньшан геосинклиналь минтақасидаги герцин даврининг бурмаланиш ҳаракати таъсир кўрсатган. Заминдаги фойдали қазилмалар: темир рудаси (Кривой Рог ҳавзаси, Курск магнит аномалияси, Кируна), никель, мис, титан рудалари, слюдалар, пегматитлар апатит ва бошқалар Чўкинди қопламда ёнувчи газ ва нефть қатламлари (ВолгаУрал антеклизаси, Припять ботиғи), тош тузи ва калий тузи конлари (Кама, Урал олди, Припять ботиғи), қазилма кўмир (Львов, Донецк, Москва ёни ҳавзалари), фосфорит, боксит, қурилиш хом ашёси (оҳактош, доломит, гил ва бошқалар) конлари, шунингдек, чучук ва минерал сувлар бор.

Loading...