ШАРҚШУНОСЛИК

ШАРҚШУНОСЛИКШарқ (Осиё ва Шим. Африкадаги давлатлар) тарихи, иқтисоди, тили, адабиёти, этнографияси, санъати, дини, фалсафаси, моддий ва маънавий маданиятини комплекс ўрганувчи фан. Ш. нинг мисршунослик, ассириология (оссурияшунослик), семитология, арабшунослик, эроншунослик, туркшунослик, хитойшунослик, монголшунослик, ҳиндшунослик, японшунослик каби соҳалари мавжуд. Фаннинг ривожланиши билан Шарқшуносликнинг яна янги регионал шохобчалари (шумерология, урартология, кумранистика, кореистика ва бошқалар) пайдо бўла бошлади. Африкашунослик Ш. дан ажралиб чиқди. Шарқшуносликнинг комплекс фан сифатида ривожланиши давом этмоқда. Шарқ мамлакатлари ва уларнинг тарихи маҳаллий олимлар томонидан қадимдан ўрганила бошланган. Қадимий ва ўрта аср Шарқ олимлари яратган асарлар Шарқшунослик учун қимматли манбалардир.

Европада Шарқ тўғрисидаги дастлабки маълумотлар юнон муаллифлари асарларида учрайди. Юнонлар дастлаб Эронни, кейинчалик ўз юртларидан шарқца бўлган ҳудудларни Шарқ деб ҳисоблаганлар. Европада Осиё ва Шим. Африка билан савдо ҳамда сиёсий алоқалар ўрнатила бошланиши билан Шарққа бўлган қизиқиш қучайди. 12аср дан бошлаб, Вениамин Тудельский (12-аср) ва Марко Поло (13-аср) каби европалик савдогар ва дипломатларнинг Яқин ва Ўрта Шарққа қилган саёҳатлари ҳақидаги эсдаликлар кўпая бошлади. Халқаро алоқаларнинг кенгайиши Шарқшуносликнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. 15—16-асрларда Яқин Шарқ давлатлари ва Хитой тарихига оид асарлар пайдо бўлди. Париж, Оксфорд унтларининг Шарқ тиллари кафедраларида қадимий яҳудий ва араб тиллари ўқитила бошлади.

15-асрда Россияда Афанасий Никитиннинг Ҳиндистон тўғрисида, 17-асрда М. Петлин, рус элчилари Ф. И. Байков ва Н. Г. Сиафарийнинг Хитойга оид сафарномалари чоп этилди.

17-асрдан Европада Шарқ тилларидан форс, турк, хитой тиллари ўрганила бошлади. Айрим Шарқ тилларининг луғатлари, Шарқ муаллифлари (асосан, Саъдий) асарларининг матн ва таржималари нашр этилди. 17-аср охирида Лейден, Париж, Оксфорд унтларининг кутубхоналарида Шарқ қўлёзмалари тўпланди. 1667 йил Парижда д’Эрбелонинг «Шарқ кутубхонаси» номли тўплами нашр этилди. Россияда 18-аср бошларида (Пётр I нинг 1700 ва 1702 йиллардаги фармонларига кўра) Шарқ тилларини ўқитиш жорий қилинди.

18-асрнинг 2-ярмидан Шарқшуносликни илмий асосда ўрганиш бошланди. Мустамлакага айлантирилган Шарқ мамлакатларидан Ғарбга катта моддий бойликлар билан бир қаторда кўплаб ёзма ёдгорликлар ҳам олиб кетилди, Европанинг Лейден, Лондон, Париж, кейинчалик Петербург каби шаҳарларида бой қўлёзма фондлари ташкил этилди. Уларда тарих, фан ва маданият тарихи, диншунослик, ҳуқуқ, фалсафа, тил ва адабиётга оид қўлёзма асарлар йиғилган бўлиб, уларни таржима ва тадқиқ этиш илмий Шарқшуносликнинг шаклланишига замин бўлди. Кўп вақггача илмий Шарқшуносликнинг асосий ва ягона соҳаси Шарқ филологияси эди. Ёзма манбаларни илмий тавсифлаш, каталоглаштириш, уларни танқидий матнларини тузиш, манбанинг келиб чиқишини аниқлаш, гаржима қилиш ва илмий изоҳлаш шу соҳанинг асосий вазифалари ҳисобланган. Кейинчалик қўлёзма манбалар ёнига эпиграфик материаллар (қабр тошлари, металл идишлар ва бошқалар буюмлардаги битиклар) қўшилиши натижасида шарқ эпиграфикаси ривожлана бошлади.

Шарқ филологиясининг ўзига хос хусусияти — унинг комплекслилигидир. Зеро унда тилшунослик, адабиётшунослик, тарих, фалсафа, дин тарихи элементлари мужассамлашган бўлиб, ёзма манбалар устида ишлаш ўрганилаётган мамлакат тили, тарихи ва маданиятини билиш баробарида шу манба мансуб бўлган соҳа бўйича ҳам махсус билимларни талаб этади. Фарғоний, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек каби алломаларнинг аниқ ва табиий фанларга оид бўлган асарларининг рус ва ўзбек тилига изоҳли таржималари бунга ёрқин мисолдир. Шу маънода шарқ филологияси ҳоз. кунгача ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда, чунки ҳали ўрганилмаган ёзма манбалар жуда кўп ва уларни тадқиқ этиш комплекс билимларни талаб қилади.

Қад. форс тилидан «Авесто» француз тилига таржима қилинди (1771). Мих хатлар, Миср иероглифларини ўқишга муваффақ бўлинди. Калькутта (1784), Париж (1822), Лондон (1823), Лейпциг (1845) шаҳриларида бир неча Осиё жамиятлари, Шарқ тилларини ўрганувчи махсус олий ўқув юртлари — Венада Шарқ тиллари академияси (1754), Парижда Жонли шарқ тиллари мактаби (1795) очилди. Шарқ тарихи ва унинг маданияти (асосан, қадимий ва ўрта аср тарихига оид)га бағишланган йирик тадқиқотлар пайдо бўлди.

Россияда Г. С. Лебедев Европада биринчи бўлиб санскрит грамматикасини тузди (1801). 19-аср шарқшуносларидан энг машҳури Н. Я. Бичурин бўлган. Унтларда Шарқ тиллари ўқитишни М. В. Ломоносов таклиф қилган эди. 1807 йилдан Қозон унти, 1819 йилдан Петербург унтида шарқшунослар тайёрлана бошлади. 1818 йил Петербургда Осиё музейи очилди.

19-асрнинг 2-ярмида Европадаги йирик кутубхоналарда сакланаётган Шарқ қўлёзмалари ва китобларининг каталоглари, Шарқ тиллари луғатлари тузилди. «Ислом энциклопедияси» (4 тилда) нашр этилди. 1873 йилдан ҳар 3 — 4 йилда шарқшуносларнинг халқаро конгресслари чақириладиган бўлди. 19-аср охири — 20-аср бошида Япония, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва бошқалар Шарқ давлатларида йирик тарихчи ва филологлар етишиб чиқди. Улар манбаларни танқидий қўлланмалар асосида тадқиқ қилишга киришдилар.

Рус шарқшунослари Шарқшуносликнинг янги шохобчалари, хусусан, туркшунослик, кавказшунослик ва бошқалар бўйича қимматли асарлар ёздилар. Туркшунослик бўйича И. Н. Березин, М. К. Козимбек, В. В. Радлов ва бошқалар туркий халқлар тили, фольклори ва адабиётига оид йирик асарлар яратдилар. Мўғул, эрон, курд, осетин тилларига оид илмий асарлар нашр этилди. О. И. Сенковский, Х. Д. Френ, В. Р. Розен, Г. С. Саблуков, А. В. Болдирев Ўрта Осиё, Сибирь, Монголия, Хитойнинг моддий ва диний маданиятига оид манба ва ёдгорликларни тадқиқ қилиб, нашр эттиришди. Шарқий Туркистон (Кучон, Турфон)да топилган будда, христиан ва моний адабиётлари жуда кўп маълумотларга эга. В. В. Вельяминов-Зернов, Н. В. Хаников, В. В. Григорьев, Н. И. Веселовский, В. В. Бартольд ва бошқалар тадқиқотчилар Ўрта Осиё тарихи ва геогр. сига оид асарлар яратдилар. Б. А. Тураев қадимий Шарқ тарихи бўйича рус мактабининг асосчисидир. Қозон, Петербург ва Москва унтлари, Москвадаги Лазарев Шарқ тиллари инти, Одессадаги Ришелье лицейи, Владивостокдаги Шарқ институти ва бошқалар бир неча ўқув юртларида шарқшунослар тайёрланди. Шарқшуносларнинг тадқиқотлари, асарлари «Азиатский вестник» (1825—27), «Записки Восточного отделения Русского археологического обшества» (1887 — 1921), «Мир ислама» (1912—13) жур. ларида чоп этилган.

20-аср бошларида йирик рус шарқшунослари янги очилган Шарқшунослик марказларида иш олиб бордилар. Н. Я. Марр, С. Ф. Ольденбург, Ф. И. Шербатской, Б. Я. Владимирцов, В. В. Бартольд, И. Ю. Крачковский, В. В. Струве ва бошқалар қимматли асарлар яратдилар. 1930 йил Осиё музейи ва бошқалар Шарқшунослик ташкилотлари асосида СССР ФА Шарқшунослик институти тузилди. СССР ФА ва республикалар ФА лари тизимларида Шарқшунослик муаммоларини ўрганувчи янги марказлар (СССР ФА Тинч Океани инти, ЎзССР ФА, ОзССР ФА, ГрузССР ФА, ТожССР ФА Шарқшунослик илмий текшириш институтлари, республика ФАларнинг тарих, адабиёт ва тил интлари, шунингдек, бошқа республикалар академиялари Шарқшунослик бўлимлари) тузилди.

Ленинград, Тошкент, Душанба, Боку, Ереван, Тбилиси, Қозон ва бошқалар шаҳарларда Шарқ қўлёзмаларининг бой фондлари тўпланди. 20-асрнинг 40-й. ларида Москва унти Тарих ва филология фтида Шарқ бўлими, Ленинград, Ўрта Осиё (Тошкент), Озарбайжон (Боку) ва Тбилиси унтларида Шарқ фтлари очилди.

1957 йил Москвада «Шарқ адабиёти» (1964 йилдан «Наука») нашриёти тузилди. «Советское востоковедение» (1955; 1959—61 йилларда) «Проблемн востоковедения», 1961 йилдан «Народи Азии и Африки» ва «Современньга Восток» (1957; 1961 йилдан «Азия — Африка сегодня») жур. ларига асос солинди. 1957 йил Тошкентда Бутуниттифоқ шарқшуносларининг 1-конференцияси бўлиб ўтди. 50—60-й. ларда кўп жилдли «Всемирная история» («Жаҳон тарихи»)нинг Шарқ тарихи бўлимлари, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Шарқий Осиё, араб мамлакатларининг янги ва энг янги тарихи, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, мустамлака тизимининг кризиси ва инқирози, муаммолари ҳамда Шарқдаги мустақил давлатларнинг иқтисодий ривожланиш муаммоларига оид йирик, умумлашган асарлар нашр этилди. Шарқ мамлакатлари тарихи бўйича И. М. Рейснер, Б. Н. Заходер, ЕА. Беляев, В. Б. Луцкий, А. Л. Гальперин, АА. Семенов, Ю. В. Ганковский, Л. И. Думан, И. М. Дьяконов, И. П. Петрушевский, О. Большаков ва бошқалар йирик асарлар ёзганлар. Шарқ адабиётшунослиги ривожланди. «Литература Востока» («Шарқ адабиёти») серияси вужудга келди. «История мировой литературм»нинг Шарққа оид қисмлари ёзилди; «Памятники литературм народов Востока» (матн ва таржималар) нашр этилмоқда.

20-асрнинг 2-ярмида қадимий қўлёзма ёдгорликларни тадқиқ қилишда ҳам катга муваффақиятларга эришилди. Бир неча диалектлар тадқиқ қилинди ва турк, кавказ, мўғул, форс, сомий ва бошқалар тиллар бўйича илмий грамматикалар, луғатлар ва уларга оид асарлар яратилди.

2-жаҳон урушидан кейин Шарқ давлатларида бўлган тарихий ўзгаришлар чет эл Шарқшунослик тадқиқотларининг ривожланишига таъсир кўрсатди. Мустамлака қилинган давлатлардаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар Шарқ давлатларидаги гуманитар фанларнинг ривожланишига, Шарқшуносликда тадқиқотлар мавзуининг долзарблашувига олиб кедди. Шарқ давлатларида олиб борилаётган археологик қазиш ишлари Шарқшуносликнинг ривожланишига айниқса муҳим ҳисса қўшмоқда.

Қад. Шарқ тиллари — шумер, хетт, урарту, угарит, хатт, элам, тохар тилларида матнларни ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Ахоманий матнлари, паҳлавий, суғд, хўтан, қумрон, тохар тилларида ёзилган матнлар тўплами чоп этилди. Ўрта аср тарихи, адабиёти, фани ва маданиятига оид ёдгорликларни тўплаш, ўрганиш ва нашр этишда катта ишлар қилинган бўлиб, бу жараёнларни европалик шарқшунос олимлар бошлаб берган эди. Европа Ш. ига хос бўлган мукаммал ва пухта илмий текшириш анъаналари ҳозирда ҳам давом этиб келмоқда. МХР ва КХДР олимлари ўрта асрнинг историографиясига оид энг муҳим қўлёзмаларни, 50-й. ларда ХХР тарихчилари Хитойнинг янги ва энг янги тарихига оид ҳужжатлар тўпламини нашр этдилар. Япон тарихчилари — С. Хаттори, Г. Хачи ва бошқалар Япония тарихини тадқиқ қилдилар.

Урушдан оддин ва урушдан кейинги ўн йилликларда Шарқнинг жонли тилларини тадқиқ этиш қучайди. Диалектология, тилларнинг таснифи ва ривожланишига оид асарлар яратилди.

Ўзбекистонда Шарқшуносликнинг ривожланиши, асосан, уч Шарқшунослик маркази — Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тошкент Шарқшунослик институти ва Тошкент Ислом университети фаолияти билан боғлиқ. ФА Ш. институтининг илмий йўналиши ин-т фондида тўпланган ўн минглаб қўлёзма асарларни чуқур ўрганиш, каталоглар ҳамда Ўрта Осиё ва қўшни Шарқ халқларининг фани ва маданияти тарихига оид нодир ёзма манбаларни нашрга тайёрлаб, уларда мавжуд бўлган тарихий маълумотлар асосида и. т. ишлари яратиш, Шарқ халқларининг ўтмишда жаҳон маданияти тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссаларини яққол қўрсатишдир. Тошкент Шарқшунослик интида шарқшунос кадрлар тайёрлаш билан бирга Шарқ халқлари адабиёти, тилшунослик, иқтисод ва сиёсатшуносликка оид илмий текшириш ишлари ҳам олиб борилади. Тошкент Ислом унтида ислом дини тарихи, иқтисоди, ҳуқуқшунослиги, араб тили ва бошқалар бўйича мутахассислар тайёрланади ва мазқур соҳада илмий текшириш олиб борилади. Ислом дини ва у билан боғлиқ масалалар Шарқшуносликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Шарқшуносликнинг шаклланиши ва унинг жаҳонга танилишига А. К. Арендс, А. Аҳмедов, С. Азимжонова, Б. Аҳмедов, Б. Бобожонов, П. Г. Булгаков, Н. Иброҳимов, А. Ирисов, У. И. Каримов, С. Мирзаев, А. Мўминов, М. А. Салье, А. А. Семёнов, М. М. Хайруллаев, А. Хўжаев, Ш. Шомуҳамедов, А. Ўринбоев, А. Қаюмов, А Ҳайитметов, А. Рустамов, А Муҳаммаджонов, М. Б. Баратов, И. Абдуллаев, П. Қодиров каби олимларнинг хизмати катта бўлди. Ҳозир Ўзбекистонда Шарқшунослик бўйича «Шарқшунослик» альманахи (1991 йилдан), «Шарқ машъали», «Маяк Востока» ва «Имом Бухорий сабоклари» каби жур. лар чоп этилмоқда.

Шарқшуносларнинг охирги халқаро конгресси (ICANAS-37) 2004 йил Москва шаҳрида бўлиб ўтди.

Ҳозир дунёнинг турли мамлакатларида 1000 дан ортиқ илмий текшириш марказлари, ўқув ассоциациялари, ун-т ва бошқалар олий ўқув юртлари шарқ факультетлари билан бирга Шарқшунослик бўйича тадқиқотлар олиб бориб, шарқшунос кадрларни тайёрламоқда. Уларнинг кўпчилиги ўзининг даврий нашрларига эга.

Ад.: Бартольд В. В., История изучения Востока в Европе и России, Л., 1925; Ўринбоев А., Аҳмедов А., Маннонов Б., Шарқшуносликнинг долзарб муаммолари, Т., 1995; Абдусаматов М., Ўзбекистон шарқшунослари, Т., 1996.

Баҳром Абдуҳалимов, Сурайё Каримова.

Loading...