ШАШМАҚОМ

ШАШМАҚОМ (форс. — олти ва мақом) — ўзбек ва тожик халқлари мусиқий меросида марказий ўрин тутган мақомлар туркуми; парда, оҳанг, усул, шакл, услуб каби воситалар билан ўзаро узвий боғланган мумтоз куй ва ашулалар мажмуи. У муайян шартшароитларда мусиқий фольклор ҳамда касбий мусиқа йўналишларида орттирилган кўп асрлик илмийижодий тажриба ҳамда изланишлар натижасида юзага келган. Шашмақом миллий ҳамда минтақавий мумтоз мусиқа анъаналарининг тарихан узун тараққиёт жараёни натижасида бир қатор бастакорлар авлоди санъатининг қомусий маҳсулидир.

Ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа илмида мақом, асосан, парда тузилмалари тушунчасини ҳамда уларга мос ҳолда яратилган қуй ва ашулаларни ифодалади. Мақомлар дастлабки даврда тарқоқ шаклларда ривожланди, 13-асрда эса Сафиуддин ал-Урмавий уларни ўн икки асосий мақомдан иборат назарий тизим шаклига келтирди. 17-асрдан сўнг Ўн икки мақом тизими инқирозга учраб, унинг негизида Шарқ халқлари орасида мақомларнинг янгича миллий ва маҳаллий шакллари вужудга кела бошлади. Хусусан, 18-асрнинг ўрталарида Ўрта Осиёнинг йирик маданий марказларидан бири Бухоро шаҳрида сарой созанда, хонанда ва бастакорлари ижодийижрочилик фаолиятида Шашмақом узилкесил шаклланиб, Бухоро мақомлари, Бухоро Шашмақоми номларида ҳам юритилди. Ўзбек мақом турларидан Хоразм мақомлари, ФарғонаТошкент мақом йўллари, шунингдек, ёввойи (эркин кўринишдаги) мақомлар, сурнай, дутор йўллари ва бошқалар Шашмақом таъсирида ривожланди. Ўтган замон бастакорлигида кенг қўлланилган амал, кор, нақш, пешрав, савт, тарона, қавл каби жанрларнинг ноёб намуналари Шашмақом таркибида бизгача етиб келди.

Ш. Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ ва Ироқ мақомларидан ташкил топган бўлиб, жами 250 дан ортиқ ҳар хил шаклдаги куй ва ашула намуналаридан иборат. Шу қунга қадар созанда, ҳофиз ва бастакорлар мақом йўлларининг қўплаб ижровий талқинларини кашф этдилар, овоз, танбур, сурнай, дутор ва бошқалар мақом йўлларида бир қисмли ва туркумли асарлар ижод қилдилар, улар асосида янги куй ва ашулалар яратдилар.

Мақомлар созанда ва хонандалар томонидан якка тарзда, шунингдек, жўровозлик ва жўрнавозликда ижро этиб келинган. Хусусан, Бухоро амирлари саройида энг сўнгги даврда жўрнавозлик асосан, 2 танбур, 2 доира (доирачилар хонанда ҳам бўлган), афғон рубоби, сато ёки қўбиз, имконга кўра бўламон чолғуларидан иборат бўлган. Мақом ижрочилигида танбур етакчи соз ҳисобланади. Чунки у торларини мақом пардаларига мослаб созлашда ва мақом йўлларини мукаммал янгратишда бирмунча қулайликларга эга. Доира эса созанда ва хонандаларнинг Шашмақом қисмларини белгиланган усул негизида ижро этишлари учун зарур восита бўлиб хизмат қилади.

Ҳар бир мақомнинг бош товушқатори ўзига хос ва нисбатан барқарор бўлиб, туркумнинг тўлиқ мусиқий ижро жараёнида унинг пардаларида айрим ўзгаришлар ҳам содир бўлиб туради. Чунки Шашмақом шаклланишида мақомлар таркибига 12 мақомдан мазкур мақом пардаларига яқин, куй мавзуи табиатига оҳангдош ўзга шўъба ва мақом йўллари ҳам киритилган. Уларнинг ладтоналлиги асосий мақом йўлларига баъзан мос келмаслиги ҳам мумкин.

Шашмақомни ташкил этган мақомларнинг ҳар бири икки — чолғу (мушкилот) ва ашула (наср) йирик бўлимларидан иборат. Чолғу бўлимларида бир хил ном билан аталувчи чолғу қисмлари мавжуд бўлиб, оҳанглари ўзлари мансуб бўлган мақом куйига хос, доира усуллари эса бир хилдир. Улардан асосийлари Тасниф, Тарже, Гардун, Мухаммас ва Сақил деб аталади. Бу кисмлар мақом номларига қўшиб (мас, Таснифи Бузрук, Таржеи Дугоҳ, Гардуни Сегоҳ каби), айримлари эса бастакорлар номи билан бирга (мас, Мухаммаси Насруллойи, Сақили Ислимхон) аталади. Баъзи чолғу қисмлари алоҳида номга эга (мас, Нағмаи Орази Наво), Дугоҳ ва Сегохда эса мақом номи билан қўшиб айтилади (мас, Пешрави Дугоҳ, Самои Дугоҳ, Хафифи Сегоҳ). Шашмақомнинг чолғу қисмлари хона ва бозгўй куй тузилмаларидан ташкил топади. Бунда мунтазам равишда ўзгарувчи хоналарнинг ривожланиши учун қўлланадиган пешрав услуби алоҳида аҳамият касб этади. Тасниф, Тарже, Нағмаи Ораз, Самои, Хафиф каби чолғу қисмлари бир-бирига ўхшаш, кичик ҳажмли; Гардун ва Пешрав бирмунча ривожланган; Мухаммас ва Сақил йўллари узун ва мураккаб доира усуллари негизида ижод этилган. Шашмақом чолғу йўлларининг ички тузилиши мураккаб бўлсада, ўзининг равон оҳангдорлиги ва рангбаранглиги билан шу мақом қуй мавзулари билан бевосита боғликдир. Бу асарлар теран фалсафий ва турфа лирик кайфиятларни ифодалайди, тингловчилардан эса эшитиш кўникмаларига эга бўлишни талаб этади.

Одатда, Шашмақом чолғу қисмлари биринкетин яхлит тарзда ижро этилгандан сўнг унинг «Наср» бўлимига ўтилади. Ашула қисмлари анча мураккаб шаклдаги шўъбалар, уларнинг тарона ёки шохобчаларидан иборат. Булар ҳам яхлит туркум тарзида ижро этилади. Шашмақом ашула бўлимлари тузилиш жиҳатидан бир-биридан фарқланадиган икки тоифа шўъбалар гуруҳидан ташкил топган; биринчисига Сарахбор, Талқин, Наср деб номланувчи шўъбалар ва якуний Уфар қисми, иккинчисига эса, асосан, Савт ва Мўғулча номли шўъбалар ва уларнинг шохобчалари киради. Шашмақом даги номдош шўъбалар (Сарахбори Бузрук, Сарахбори Наво ва бошқалар)нинг куйоҳанглари турлича бўлсада, доира усули ва куйларига боғлаб айтиладиган шеър вазнлари бир хилдир. Шўъбаларнинг иккинчи гуруҳида Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар деб номланадиган шохобчалар мавжуд ва улар шу номдаги ўзига хос доира усулларида янграйди. Шашмақом шўъбаларининг ривожланишида авж ва намудлар алоҳида аҳамият касб этади. Улар ашуланинг йирик шакл олиши ва мазмунан чуқурлашишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Намудлар мақом йўлларида якка авж ёки гуруҳ тартибида эркин ишлатилади. Ўтмишда ҳофизларнинг хоҳиш ва имкониятига қараб намудлар сони (бир шўъбада 4 тагача) ўзгариб турган.

Шашмақом ашула бўлими шўъбалари шаклан баркамол бўлиб, ички тузилмалар таркиби турлича бўлиши мумкин. Мас, ҳар бир шўъба йўли чолғу муқаддимаси билан бошланади. Кейин даромад номли бош хат ижро этилади ва ўрта пардаларда баён этилувчи миёнхат жумлаларига ўтилади. Урнига қараб дунаср тузилмасида юқори пардалар забт этилади. Сўнгра шўъбаларга хос авжда намудлар айтилиб, ашула йўли миёнхат орқали ёки усиз уланиб кетадиган фуровард (туширим) тузилмаси билан якунланади. Баъзи шўъбалар тузилиши бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.

Шашмақом ашула бўлимининг биринчи гуруҳ шўъбалари туркумли тарзда яхлит ижро этилганида, Сарахбор билан бошланиб, сўнг унинг тароналари (6 тагача) ўқилади. Тароналарнинг охиргиси талқин доира усулида айтиладиган супориш қисми воситаси билан Талқин шўъбасига силлиқ уланиб боради. Талқин таронаси ижро этилиб, наср доира усулидаги супориш орқали Наср шўъбаси ва унинг тароналарига ўтилади (Наср шўъба намуналари битта мақомда 2—3 тагача етади). Охирги Наср шўъбаси, одатда, таронасиз ўқилиб, бевосита Уфар ашула йўлларига қўшилади ва охирги супориш билан туркум якунланади.

Шашмақом ашула бўлимининг иккинчи гуруҳидаги шўъбалар ўзаро боғланмаган тарзда мустақил ашула йўллари ҳисобланиб, уларнинг ҳар бири, асосан, 5 қисмли туркумни ташкил этади. Мас, асосий Савт ёки Мўғулча ашула йўлидан кейин унга ушбу куй мавзуининг янгича вазнусулли (Талқинча, Қашқарча, Соқийнома ва Уфар) намуналари навбатманавбат уланади.

Мақомларнинг тарихий, назарий, эстетик масалалари узоқ ўтмишдан шу кунга қадар мусиқашунослар томонидан ҳар томонлама ўрганилмоқда. Хусусан, Урта асрлар мусиқа рисолаларида Шарқ мумтоз мусиқасига хос пардалад тузилмалари келтирилиб, мақомот ҳамда халқ мусиқасига хос товушқатор ва усуллар тузилиши ҳақида мулоҳазалар юритилган. 19-аср боши ва ўрталарида Шашмақомга оид махсус ёзма шеърий тўплам — баёзлар юзага келди. Уларда мақомларга айтилган ғазал матнлари келтирилган, мақом ва шўъбалар номлари ҳамда ижро этиладиган ашулалар туркумининг тартиби кўрсатилган. Комил Хоразмий ва унинг ўғли Муҳаммад Расул танбур чизиғи ёрдамида ёзиб олган Хоразм мақомлари ҳам Шашмақомнинг 19-аср намуналари ҳақида қимматли маълумот беради.

Шашмақом ашула йўлларида ўзбек ҳамда форс мумтоз шоирларидан Рудакий, Жомий, Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулий, Ҳофиз, Амирий, Нодира, Зебуннисо, Огаҳий ва бошқаларнинг ишқийлирик, фалсафий, насиҳатомуз, диний мазмундаги ғазаллари, шунингдек, халқ тўртликлари жалб этилган.

Шашмақом, асосан, оғзаки тарзда авлодданавлодга устозшогирд анъанасида ўтиб келди. 1920-й. ларда Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳриларида махсус мусиқа мактаблари, билим юртлари ташкил қилиниб, уларда мақом ва халқ мусиқа намуналарини ўзлаштиришга эътибор қаратилди; Ота Жалол, Отағиёс Абдуғаниев, Домла Ҳалим Ибодов, Шораҳим Шоумаров, Абдусоат Ваҳобов, Усто Шоди Азизов каби мақомдон созанда ва ҳофизлар ёшларга сабоқ бериш учун жалб этилдилар.

Шашмақомни илк бор В. А. Успенский Ота Жалол ва Ота Ғиёс ижроларидан ҳоз. нота ёзувига олиб нашр эттирди («Шашмаком, Шесть музмкальних поэм», М. — Бухоро, 1924). Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ва Муҳаммад Юсуф Девонзоданинг «Хоразм мусиқий тарихчаси» (М., 1925), Фитратнинг «Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи» (Самарқанд — Т., 1927) рисолалари 20-аср мақомшунослигининг дастлабки намуналари бўлиб, қимматли маълумотларга эга. Шашмақомни ўрганишга, айниқса, 1950-й. лардан кўпроқ аҳамият берила бошланди. И. Ражабов қаламига мансуб «Мақомлар масаласига доир» (Т., 1963) тадқиқоти ўзбек мақомшунослиги ривожланишини янги босқичга кўтарди. Тожикистонда Б. Файзуллаев, Шашмақом Соҳибов ва Ф. Шаҳобовлар ўз ижроларида нотага олиб, В. М. Беляев таҳрири остида Шашмақомнинг 5 жилдини нашр эттирдилар («Шашмақом», М., 1950—67). Ўзбекистонда Шашмақомни Юнус Ражабий ўзи ва бошқалар созанда ва хонандалар ижросидан ёзиб олиб, икки марта — «Ўзбек халқ мусиқаси» (V ж., Т., 1959) ва «Шашмақом» (I—VI ж. лар, Т., 1966— 75) номи билан нашр эттирди. Тошкент консерваториясида «Шарқ мусиқаси» кафедраси (1972 йил), у асосда «Мусиқий шарқшунослик» ва «Анъанавий ижрочилик» (1992 йилдан) кафедралари орқали Шашмақомни илмий ўрганиш ва амалий ўзлаштириш олий, ўрта махсус ҳамда бошланғич таълим босқичларида йўлга қўйилди. 1983 йилдан бошлаб мақом ижрочиларининг республика танлови (1991 йилдан Ю. Ражабий номида) мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбек халқи мусиқа бойликлари асосида юзага келган Шашмақом, ўз навбатида, замонавий мусиқа санъати ривожланишига самарали таъсир кўрсатди. Ўзбекистон бастакорлари ва композиторлари ўз ижодида Шашмақомдан кенг кўламда фойдаланишни давом эттирмоқдалар. Булардан М. Ашрафий, М. Бурҳонов, К. Жабборов, Т. Жалилов, Д. Зокиров, С. Калонов, Ю. Ражабий, Т. Содиқов, Фаҳр. Содиқов, М. Тожиев, О. Ҳотамов ва бошқалар яратган ашула, романс, хор, симфония ва опера асарларида мақомлар салоҳиятини оширишда салмоқли ютуқларни қўлга киритишган. «Ўзбектелефильм» студияси томонидан «Шашмақом» фильми суратга олинган (1972, реж. Т. Акромов).

Ҳоз. даврда Ўзбекистон бўйлаб Шашмақомни ижро этишга ихтисослашган профессионал ансамбллар, ҳаваскор бадиий жамоалар мақомларни ижодий ўзлаштириш ҳамда тарғиб этиш борасида самарали фаолият кўрсатмоқдалар (қ. «Мақом ансамбли»).

Ад.: Ражабов И., Мақомлар масаласига доир, Т., 1963; Иброҳимов О., Мақом ва макон, Т., 1996; Матёқубов О., Мақомот, Т., 2004.

Исҳоқ Ражабов, Равшан Юнусов.

Loading...