ШАСТРИ

ШАСТРИ, Шастрий Лаъл Баҳодир (1904.2.10, УттарПрадеш штати, Мўғулсарой — 1966.11.1, Тошкент) — Ҳиндистон давлат ва сиёсат арбоби; Қўшилмаслик ҳаракатида иштирок этгани учун 1921 йилда қамалган; ҳаммаси бўлиб 9 йилни қамоқда ўтказган. Каший (Банорас) унтида таҳсил олган, Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг фаол қатнашчиси. Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК)нинг биринчи Бош котиби (1951), УттарПрадеш комитети Бош котиби лавозимига 2 марта сайланган. 1952—56 йиллар Темир йўл ва транспорт, 1958—61 йиллар Савдо ва саноат вазири, 1952 йилда эса Ҳиндистон парламентининг юқори палатаси (Ражйа сабҳа)га сайланган. 1961 — 63 йилларда Ҳиндистон Ички ишлар вазири; Атом энергияси масалалари бўйича вазир, Режа комиссияси раиси. Ж. Нерунинг вафотидан кейин Ҳиндистоннинг иккинчи Бош вазири, 1964 йил 9 июндан умрининг охиригача шу лавозимда ишлаган. Покистон президенти Муҳаммад Айюб Хон билан биргаликда Ҳиндистон — Покистон можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида тузилган Тошкент декларациясини имзолаган (қ. Тошкент учрашуви). Тошкентда вафот этган. Жасади Ҳиндистонга олиб борилган. Вафотидан кейин (1966) Ҳиндистоннинг олий мукофоти «Бҳарат ратна» билан тақдирланган. Деҳлида мемориал музейи бор. Тошкентдаги Содиқ Азимов кўчасида ва 24-мактаб олдида Шастрига ҳайкал ўрнатилган, номида мактаб ва кўча бор. Шастрининг 100 йиллиги муносабати билан Тошкентдаги Ҳиндистон маданият марказига унинг номи берилган.

Ансориддин Иброҳимов.