ШАХС

ШАХС — алоҳида индивид, моҳиятан яхлит ижтимоийахлоқий олам. У ўзида инсон моҳиятини, унинг мавжудот сифатидаги қадриятини мужассам этади. Шахс ижтимоийгуманитар фанларда ўз йўналиши, тадқиқот объекти ва мақсади нуқтаи назаридан турлича талқин этилади. У ўта мураккаб, зиддиятли, қарамақарши, ўзини ўзи инкор этадиган мавжудот сифатида, биологик, физиологик, ижтимоий, маънавий, руҳий, ахлоқий ва эстетик ақлидрок, тафаккур объекти сифатида, ҳатто, фалсафий ва мантиқий, яшаш ҳуқуқи ва ҳаёт мантиғи жиҳатидан тадқиқот манбаига айланиши мумкин.

Шахснинг шаклланиш омиллари кўп ва хилмахиддир. Мас, генетик (наслий), биологиктабиий, маданий, ижтимоий ҳаёт тажрибаси, ўз турдошлари билан муносабатлар ва бошқалар Шахснинг генетик жиҳати унинг наслий асоси, аждодларидан етиб келган физиономия, феълатвор билан, биофизиологик жиҳати эса яшаш учун қувват олиш, овқатланиш, жинсий алоқага киришиш ва насл қолдириш сингари индивидуал эҳтиёж билан белгиланади.

Шахс, моҳиятига кўра, маданийлашган, онг, ақл орқали фаолиятини бошқариш имкониятига эга бўлган, ижтимоийтарихий анъана, турмуш тарзи ва тажрибага асосланган муайян авлодлар вакили. Шахс феномени инсон оламининг бутун мураккабликларини ўзида мужассам этади. Уни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида турли даврларда тадқиқот олиб борилган. Айниқса, шарқда у юксак ахлоқиймаънавий меъёрлар орқали тушунилган ва олий хилқат, бебаҳо қадрият деб ҳисобланган. Инсон Шахс сифатида комилликка интилади, ҳаёт мазмунини бойитади, шу асосда кишилик жамиятининг гўзал ва фаровон бўлишига эҳтиёж сезади.

Шахснинг ҳаёт тарзи бевосита жамият ҳаётига дахлдор ва ҳаёт неъматларидан тўла фойдаланишга ҳақли. Шахс тушунчаси инсон тушунчасининг юксак кўриниши, олий мақомидир. Ҳар қандай одам табиий мавжудлиги, яшаш ҳуқуқи ва ҳаёт қадриятига эга бўлган жонзотдир. Бироқ у ҳамма вақт ҳам тўлақонли Шахс бўлиб етилмаслиги мумкин.

Prev Article

ШАТУН