ШАХСИЙ ГИГИЕНА — гигиенанинг бир бўлими; шахсий ҳаёт ва меҳнат фаолиятида амал қилиниши зарур бўлган гигиеник режим йўли билан одам соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш масалаларини ишлаб чиқади. Шахсий гигиена ҳар бир кишининг ўзига ва ёшига боғлиқ бўлиб, ақлий ва жисмоний меҳнатни тўғри йўлга қўйиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, вақтида овқатланиш, мириқиб ухлаш, меҳнат ва дам олишни тўғри уюштиришдан иборат. Тор маънода бадан (тери, соч, тирноқ, тишлар), кийимкечак, пойабзал, кўрпатўшак, турар жой, овқат тайёрлаш гигиенаси ва ҳ. к. ҳам Шахсий гигиенага киради. Биринчи навбатда, баданни озода сақлашга эътибор бериш зарур. Айниқса, баданнинг очиқжойлари, шунингдек, тирноқ ости тез кирланади, шунинг учун қўлни ботбот совунлаб ювиб туриш, тирноқларни тўғри парвариш қилишга одатланиш керак. Уйда овқат тайёрлаганда ҳам қўлнинг тозалигига эътибор бериш лозим. Шахсий гигиена қоидаларига болалар жуда ёшлигиданоқ одатланиши зарур.
Кунига душ қабул қилиш яхши одат. Уйда душ бўлмаса, баданнинг очиқ, айниқса, кўп терлайдиган жойларини, қўлтиқ ва кўкрак остини иссиқ сув билан совунлаб ювиш лозим. Ўринга ётишдан олдин оёқни ювиш, агар бармоқ бурмаларида чақаланган, бичилган жойлар бўлса даволатиш керак.
Оғиз бўшлиғини тоза тутиш фақат тишларнинг соғлом бўлишини таъминлабгина қолмай, балки ички аъзолардаги касалликларнинг олдини олишда ҳам муҳим. Тишни ҳар куни эрталаб ювишга, шунингдек, овқатлангандан кейин оғизни чайишга одатланиш керак; агар оғиз ҳидланса, дарҳол врачга кўриниш зарур.
Шахсий гигиенага умумий гигиена тадбирларидан ташқари, жинсий аъзолар парвариши ҳам киради; буни бола балоғатга етганида эмас, аксинча, бола туғилганиданоқ мунтазам амалга ошириш керак.
Ички кийим тоза бўлиши, ҳар куни ёки кунора пайпоқни алмаштириб туриш Шахсий гигиенада жуда муҳим; бадан, кийимкечак, турар жой, ошхона, иш жойи ва бошқаларнинг тоза бўлишига эътибор бериш керак (қ. Гигиена).
Ҳар бир оила аъзосининг сочиғи, кўрпатўшаги алоҳида бўлиши, кўрпаёстиқ жилди, чойшабни ҳафтада бир алмаштириб туриш зарур. Уйқуга ётишдан олдин ички кийимни алмаштириш лозим. Шахсий гигиенага оид тадбирларни, айниқса, оила аъзоларидан бирор киши оғриганда қатъий амалга ошириш талаб этилади, акс ҳолда касаллик атрофдагиларга, хусусан болаларга тез юқиши мумкин (қ. Беморни парвариш қилиш). Қиз ва ўғил болалар парваришининг ўзига хос томонлари бор (қ. Гўдак, Болалар ва ўсмирлар гигиенаси). Ш. г. қонунқоидалари барчага тегишли бўлиши билан бирга, уни кишининг ёшига, эркак ва аёлнинг анатомикфизиологик хусусиятларига боғлиқ томонлари ҳам бор. Жинсий аъзолар ва жинсий ҳаёт гигиенаси (қ. Жинсий гигиена) масалалари билан сексология шуғулланади. Меҳнат жараёнида Шахсий гигиенани тўғри ташкил этиш ишини меҳнат гигиенаси ўрганади.