ШАХСИЙ- НОМУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАР

ШАХСИЙ – НОМУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАР — шахсдан ажратиб, бегоналаштириб бўлмайдиган, мулкий характерда бўлмаган ҳуқуқлар. Одатда, Шахсий- номулкий ҳуқуқларни фуқаролик ҳуқуқининг бошқа объектлари сингари товарларнинг умумий эквиваленти ҳисобланган пулга (муайян суммадаги пулга) алмаштириб, тенглаштириб бўлмайди. Шахсий- номулкий ҳуқуқларга шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадрқиммати, шахсий дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга, тасвирга бўлган ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи кабилар киради. Ўзбекистон Республикасининг ФКга кўра, Шахсий- номулкий ҳуқуқлар ёки қонунга мувофиқ фуқарога тегишли бўлган бошқа номоддий неъматлар тортиб олинмайди ва ўзга усул билан бошқа шахсга берилмайди. Вафот этган кишига тегишли бўлган Шахсий- номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматлар қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бошқа шахслар, шу жумладан, ҳуқуқ эгасининг ворислари томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя этилиши мумкин (98-модда).

Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаро ёки ташкилот шаънига доғ туширадиган ва қадрқимматини, ишчанлик обрўсини пастга урадиган маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исбот қила олмаса, суд орқали раддия талаб қилишга ҳақлидир. Қонун шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда шахснинг жамиятда ўз меҳнати билан тутган ўрни, топган обрўсини назарда тутади. Фуқаролик қонунчилигида бундай қоидаларнинг бўлиши шахсларнинг ҳуқуқлари яна ҳам кенгроқ ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор берилганлигини билдиради.

Фуқаронинг шаъни, қадрқиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар қайси оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади. Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Ўзининг шаъни, қадрқиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

Миродил Баратов.

Loading...