ШАЙБОНИЙХОН

ШАЙБОНИЙХОН, Султон Муҳаммад Шайбонийхон (1451 — 1510) — шайбонийлар сулоласи асосчиси. Абулхайрхоннинг набираси, Шоҳбудоғ султоннинг ўғли. Абулхайрхон унга Шоҳбахт деб лақаб қўйган. Отасининг эрта вафотидан сўнг, бобосининг қарамоғида қолган Султон Мухаммад Шайбон Бойшайх оталиғида вояга етган. У 15-а. 80й. ларида Абулхайрхон вафотидан сўнг Дашти Қипчоқнинг асосий ҳудудида ўз ҳукмронлигини ўрнатмоқчи бўлган. Шайбонийхон 1490 й. лардан ўзаро курашлар ва ички низолар туфайли тобора заифлашиб бораётган Темурийлар ҳудуди бўлган Мовароуннахрда ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатиш учун ҳаракат бошлаган. 15-а. охири — 16-а. бошларида Мовароуннаҳрга қилган юришлари натижасида ҳокимият бошқаруви унинг қўлига ўтган. У узбек, форс тилларида ғазал, рубоийлар ҳам битган. Унинг ана шу ғазал, рубоийларидан айримлари ва «Бахрул худо» номли достони, ўғли Темур султонга атаб ёзган панднасиҳатлардан иборат китоби (ягона нусхаси Туркияда сакланган) бизгача етиб келган. Ш. Туркистоннинг Сиғноқ, Саброн, Ясси ш. ларини ҳам ўз қўл остига киритган. 1504 й. Ҳисор, Қундуз, Бадахшон, Балх, 1505 й. да Хоразм, 1507 й. да Ҳирот ҳам Шайбонийхон қўл остига ўтган. Кейинроқ Эроннинг Машҳад ва Туе ш. ларини ҳам эгаллаган. 1510 й. да Марв яқинидаги Маҳмудобод қишлоғида Эрон шоҳи Исмоил Сафавийнинг 12 минг кишилик аскари билан Шайбонийхон қўшини ўртасидаги жангда унинг қўшинлари мағлубиятга учраган ва Шайбонийхоннинг ўзи ҳам ҳалок бўлган. Унинг бошсиз танаси Самарқанддаги Баланд Суфага дафн қилинган. Баланд Суфа Регистон майдонида Тиллакори ва Шердор мадрасалари ўртасидаги бурчакда жойлашган бўлиб, бу ерга кейинчалик бошқа шайбонийлар ҳам дафн этилган (қ. Шайбонийлар дахмаси).

Ад.: История Узбекистана, т. 3, Бартольд В. В., Шейбаниды Сочинения, т. 2 (ч.2), М., 1964.

Розия Мукминова.

Prev Article

ШАЙБОНИЙЛАР

Next Article

ШАЙИН