ШАЙХОНТОҲУР

ШАЙХОНТОҲУР — 1) ўтмишда Тошкентдаги даҳа номи. Шаҳарнинг шарқий қисмида (ҳоз. Шайхонтоҳур тумани ҳудудининг бир қисми) жойлашган. Тошкентнинг 4 даҳасидан бири. Шайхонтоҳур ҳудуд жиҳатдан энг катта, шу билан бирга энг ёш даҳа ҳисобланган. Шим. дан Себзор (Жангоб ариғидан), жан. ғарбдан Бешёғоч, ғарб ва шим. ғарбдан Кўкча дахалари билан чегараланган. Яссавия тариқати шайхларидан Шайх Хованди Тоҳур номидан олинган. Шайхонтоҳур дақаси дастлаб Шайх Хованди Тоҳур меъморий мажмуаси (15—16-а. лар) атрофида шакллана бошлаган. 18-а. нинг 80й. ларида Юнусхўжа ҳокимлиги даврида Шайхонтоҳур даҳасида янги мудофаа деворлари билан ўралган кичик ўрда қурилган. 19-а. бошида Қўқон хони Олимхон Тошкентни эгаллаган пайтда бу ўрда бузилиб, даҳа ҳудудига ўтган. Анқор канали чап соҳилида янги ўрда бунёд этилган (19-а. нинг 30й. ларида). Даҳа ерлари Анҳордан бош олган ариқлардан суғорилган. Тошкентнинг 19а. ўрталаридаги 12 дарвозасидан 3 таси (Қўймас, Қўқон ва Қашқар) Ш. да жойлашган; 70 масжид, 3 Мадраса, кўплаб карвонсаройлар, тегирмонлар бўлган. Шайхонтоҳур 64 та мақалладан таркиб топган. Эски жува (Чорсу) бозорининг бир қисми ҳам Шайхонтоҳурга қараган. Даҳа аҳолиси, асосан, дегрезлик, эгарчилик, газмол тўқиш ва б. ; шаҳар атрофидаги Яланғоч, Қорасув, Оққўрғон, Дархон, Бўз, Шўртепа, Посира ва б. мавзеларда жойлашган дала хрвлиларида эса деҳқончилик ва боғдорчилик б-н шуғулланганлар;

2) Тошкент ш. даги туманлардан бири (қ. Ташкент).

Ад.: Маллицкий Н. Г., Тошкент маҳалла ва мавзелари, Т., 1996; Муҳаммаджонов А. Р., Қадимги Тошкент, Т., 2002.

Машхура Шарипова.