ШЕМАХА

ШЕМАХА (озарбайжонча Шамахи, араб. Аш-Шамаҳийа) — Озарбайжон Республикасидаги шаҳар. Катта Кавказнинг жан. шарқий этагида, Бокудан 122 км ғарбда, Кюрдамир т. й. станцкясидан 72 км шим. шарқда жойлашган. Республиканинг виночилик ва гиламчилик маркази. Аҳолиси 24 минг киши (1990-й. лар ўрталари).

Шемаха — Озарбайжоннинг энг қадимий шаҳарларидан. Археологик қазишмалар натижасида шаҳарнинг шим. ғарбий қисмида мил. ав. 5—4-асрларга оид манзилгоҳ топилди. Птолемей ( 2-аср) Ш. ни Шемахия деб тилга олган. 9 — 16-асрларда шаҳар Ширвон мулкининг пойтахти ва Ширвоншоҳлар қароргоҳи. Шемаха ширвонапшерон меъморлиги, шунингдек, амалий санъат (гилам тўқиш, ўймакорлик, мисгарлик ва бошқалар) ва миниатюра марказларидан бўлган. Шаҳар карвон йўлларининг чорраҳасида жойлашган, шу боис Яқин Шарқда йирик савдоҳунармандчилик марказига айланган, халқаро ипак савдосида муҳим ўрин тутган. Шемахада озарбайжон, эрон, араб, ўртаосиёлик, рус, ҳинд ва ғарбий европалик савдогарлар савдосотиқ қилганлар. Шаҳарда уларнинг факториялари бўлган. Кўплаб ипак ва ип газлама ишлаб чиқариш ва гилам тўқиш устахоналари ишлаб турган. 1222 йилда Шемахани мўғуллар узоқ вақт қамал қилиб эгаллагач, вайрон қилган. Шемахада А. Женкинсон (1562, 1565) бўлган. 18-аср ўртасидан Шемаха Шемаха хонлиги пойтахти. 1805 йил Россия қўшинлари эгаллаган. 1991 йилдан мустақил Озарбайжон таркибида.

Шемахада Озарбайжон маданиятининг машҳур арбоблари (олимлар, шоирлар, меъморлар)дан Хоқоний Ширвоний (12аср), Зайниддин Ширвоний (13-аср), Имодиддин Насимий (14-аср охири — 15-аср боши), Нишот Ширвоний (18аср), Ҳожи Зайналобиддин Ширвоний (18-аср), Саид Азим Ширвоний (19-аср), М. А. Собир (19-аср охири — 20-аср боши) ва бошқалар яшаб ижод қилганлар. Меъморий ёдгорликлардан Жомеъ Масжид (10-аср), Ширвоншоҳлар саройи (12-аср), карвонсаройлар (17-аср) нинг айрим қисмларигина, «Етти гумбаз» мақбараси харобалари сақланиб қолган. Шемаха 1820 йилда қайта тикланган. Шемахадан 22 км шим. ғарбда 1435 м баландликда астрофизика расадхонаси жойлашган. Шемаха яқинида машҳур ўрта аср қалъалари Гулистон ва ҚалъаиБугурд бор.

Ад.: Азербайджан (Исторические и достопримечательние места), Баку, 1960.

Loading...