ШЕЪРИЯТ

ШЕЪРИЯТ, поэзия — шеърий асарлар мажмуи. Дастлаб Шеърият дейилганда, умуман бадиий адабиёт тушунилган. Шеърият бадииятга дахлдор саналган. Инсоният тарихида фақат шеър шаклида ёзилган битикларгина сўз санъатига тегишли ҳисоблаб келинган. Гарчи қадим замонларда ҳам насрга оид асарлар яратилган бўлсада, улар нафис санъатга, бадиий адабиётга тегишли эмас, деб қаралган. Шеърнинг муайян ички тартиб асосига қурилганлиги, оддий сўзлашувга ўхшамаслиги, ҳамма ҳам фикру туйғуларини бу шакдда ифодалай олмаслиги унга қандайдир сирлилик, мумтозлик мақомини беради. Бундай қараш бутун дунёда ҳукмрон бўлган. Европада Уйғониш даврига келибгина насрий асарлар бадиий адабиётга тегишли эканлиги тан олинган. Россияда 19-аср бошларида насрий асарлар ҳам бадиий адабиёт намуналари саналадиган бўлди. Мусулмон Шарқида эса, насрни сўз санъатига тегишли, деб ҳисобламаслик 19-аср охирларига қадар давом этиб келди.

Алишер Навоий «Ҳайрат улаброр» асарида чаманзордаги гул каби гўзал ва тартибли шеър (назм)нинг тупроққа қоришиб ётган чечак сингари бўлган насрдан мислсиз даражада устун эканлигини «Назм анга гулшанда очилмоғлиғи, Наср қаро ерға сочилмоғлиғи» ва «Бўлмаса эъжоз (мўъжиза) мақомида назм, Бўлмас эди Тенгри каломида назм» тарзида ифода этади. Шунинг учун ҳам ўзбек адабиёти тарихида Шеърият устувор ўрин тутади. Шеъриятнинг ахборот бериш воситасигина бўлган сўзлашувдан ёки фикрни тушунтириш йўли бўлмиш илмий баёндан ўзининг алоҳида қурилиши, нутқнинг одатдаги талабларига бўйсунмаслиги билан ажралиб туриши, кишида ҳиссиёт уйғотадиган оҳангга эгалиги аждодларимизда унга нисбатан эҳтиромли муносабат уйғотган. Шеъриятга хос мусиқийлик, тартиблилик, шартлилик уни ўз-ўзидан ижодга, бадииятга дахлдор қилиб қўрсатган.

Шеърият туфайли инсон нутқи жарангдор мусиқийлик, тугаллик, бутунлик ва уйғунлик касб этади. Чунки Шеъриятда сўзнинг сеҳрли жозибаси, одам руҳиятига таъсир кўрсата оладиган даражадаги кўтаринкилиги намоён бўлган. Қадимда Шеъриятга ижро этиладиган, бинобарин, кишилар томонидан бевосита идрок қилинадиган ҳодиса сифатида қаралган. Минглаб йиллар мобайнида Шеърият, асосан, инсон туйғуларига таъсир кўрсатиш воситаси саналгани учун ҳам унинг мусиқийлиги, оҳангдорлиги ва жарангдорлигига алоҳида эътибор берилган. Шеърият намуналари фақат мазмуни билан эмас, балки ифода тарзи орқали ҳам ўқувчилар ва тингловчиларни ром этган. Бу ҳол Ш. намуналарининг куйлайдиган даражадаги қатъий акустик хусусиятларга эга бўлишини тақозо қилган. Шеъриятда муайян мусиқий зарб (ритм) ва қофия, поэтик синтаксис ва инверсиялар қўлланиши сўзларнинг ҳаракатчанлиги, оҳангдорлиги ва ёқимлилигини таъминлайди. Бу ҳол мазмун товланишларига эришиш борасида Шеъриятга туганмас имкониятлар беради. Насрий асарлар ўқувчи томонидан ёлғиз идрок этилгани, асосан, ичда ўқилгани учун ҳам муаллиф ҳамда қаҳрамонлар овозини ҳар бир киши алоҳида «ички қулоқ» билан эшитган.

Шеърият учун воқеа ва тафсилотлар тасвири эмас, балки инсон руҳияти ифодаси муҳимдир. Бу борада ўзбек Шеърияти айрича юксак мақомда туради. Шу боис миллий Шеърият учун воқеабандлиқдан кўра инсон туйғулари жилваси, чигал кечинмаларини ҳиссиётга таъсир этадиган, уни титроққа соладиган йўсинда ифода этиш муҳимдир. Қатъий поэтик қолипларга амал этилган ҳолда шеърий кашфиётлар қилиш зарурияти ўзбек Шеърият ининг мукаммаллашувига олиб келди.

Шоир шеърий оламининг тамомила ўзгачалиги, муайян шеърда ифодаланган поэтик мазмунни бошқа асарларда, бўлакча йўсинда бериш деярли мумкин эмаслиги Шеъриятда универсалликнинг кўзга кўринмайдиган, илғаб бўлмайдиган даражада кам эканлигига сабабдир. Ҳар бир шеър ўзигагина мансуб қоида билан туғилади ва шунга кўра яшайди. Чўлпон қаламига мансуб қуйидаги мисраларда Шеъриятга хос айни шу хусусиятларни кўриш мумкин: Бир тугам сочларинг менинг қўлимда, Ғижимлаб ўпайми ё тараб очай? Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда, Сир деб сақлайинми ё елга сочай? Сочилган сочингдай сочилса сиринг, Анор юзларингни кимга тугасан? Ўзингку уларда вафо йўқ дединг, Нимага уларни тағин кутасан? Бу мисралар насрий матнга айлантирилса, ундаги сирлилик, таъсирчанлик, мукаммаллик бутунлай йўққа чиқиб, оддий сўзларнинг унчалик ҳам мантиқли бўлмаган йиғиндисига айланиб қолади. Шеъриятнинг сеҳри унинг моҳиятини англаш мушкуллигида, мазмуннинг тутқич бермаслигидадир. Шоирнинг ўзигагина хос жонли оҳанг, фақат ўзигагина тегишли бетакрор руҳий ҳолатнинг ифодаланиши Шеъриятни юксак даражага кўтарувчи омилдир.

Сўз санъатининг алоҳида шакли сифатида насрнинг пайдо бўлиши ўзбек Шеърият ининг моҳиятини ўзгартириб, тараққиётини сусайтириб қўймаган бўлсада, унинг табиатига жиддий таъсир кўрсатади. Янги ўзбек Шеърияти янада нафислашди, янада турфалашди. Шеърият жамият ва табиатда рўй берган ҳаётий ҳодисани бадиий ҳодисага айлантириш воситаси ҳамда шахсий кечинмаларни, шоирнинг бетакрор ва ҳақиқий ҳисларини ифода қилишнинг йўли сифатида шиддат билан ривожланмоқда. Шубҳасиз, янги ўзбек Шеърияти кўпроқ лирик моҳият касб этаётир.

Қозоқбой Йўлдошев.

Prev Article

ШЕФФИЛД

Next Article

ШЁНБЕРГ