ШЕРОБОД

ШЕРОБОДСурхондарё вилояти Шеробод туманидаги шаҳар (1973 йилдан), туман маркази. Шерободдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган. Катта Ўзбекистон тракти ёқасида. Термиздан 59 км, яқин т. й. станцияси — Навшаҳар (42 км). Аҳолиси 24,2 минг киши (2000). Шеробод икки минг йилдан зиёд тарихга эга. У Шаҳри Хайбар деб аталиб, македониялик Александр даврида ҳам мавжуд бўлган. Археологик маълумотларга кўра, Шеробод ёнидаги Жондавлаттепа мил. ав. 6—5-асрларга, Шерободнинг шим. чеккасидаги Кофирқалъа шаҳар харобаси (майд. 14 га) мил. 1-асрга оид, унинг аркида ўрта асрларда ҳам ҳаёт давом этган. Шерободдан 1 км шим. да, Нондаҳана дараси ёнида мустаҳкам мудофаа девори билан ўралган манзилгоҳ жойлашган, у муҳим савдо йўлини қўриқлаш мақсадида бунёд этилган. В. В. Бартольднинг тахминича, Шеробод ҳоз. номини 18-аср бошларида олган бўлиб, Шерободдарёнинг ўнг соҳилида қалъа қурган ўзбекларнинг қўнғирот қабиласи ҳукмдори Шер Али номи билан аталган. Маҳаллий ривоятга кўра, «Шеробод» атамаси «Шоработ» — бош работ, бош бекат маъносини билдиради. Шеробод ёнида Термиз йўлидаги сўнгги бекат — Розиқ работи (10-аср) бино бўлган. Шерободдарё оқиб келадиган тоғ дараси ёқалаб ўрта асрларда Туркистонни Афғонистон ва Ҳиндистон билан боғловчи муҳим савдо йўли ўтган. 19—20-аср бошларида Шеробод Бухоро амирлигига қарашли беклик маркази бўлган.

Шаҳарда бир қанча акциядорлик жамияти, пахта тозалаш, ғишт, сут, ун маҳсулотлари, керамика здлари, кичик корхона ва хусусий фирмалар, қурилиш ва транспорт корхоналари, деҳқон бозори, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Умумий таълим, болалар мусиқа мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, маданият ва истироҳат боғи мавжуд. Спорт мажмуаси, стадион, спорт заллари ва майдончалари, марказий касалхона ва унинг бўлимлари, туғруқхона, поликлиника, дорихоналар, аёллар ва болалар консультацияси фаолият кўрсатади. Шерободдан Қумқўрғон, Ангор, Термиз ва бошқалар шаҳар ва аҳоли пунктларига автобуслар қатнайди.

Сайфулло Турсунов.