ШЕВЧЕНКО Тарас Григорьевич [1814.25.11(9.3), ҳоз. Черкасск вилояти Звенигород тумани — 1861. 26.2(10.3), Петербург] — украин шоири ва рассоми. 14 ёшидан помешчик П. В. Энгельгардтнинг дастлаб Вильшан қишлоғи, сўнг Вильно, 1831 йилдан Петербург шаҳарларидаги уйида рассом чифатида тарбияланган. Шевченко 1836 й. рассом И. С. Сошенко ва у орқали К. П. Брюллов, В. И. Григоревич, В. А. Жуковский сингари таниқли рус рассом ва адабиётчилари билан танишган. 1838 йил Брюлловнинг кимошди савдосида топган пули эвазига крепостнойликдан озод этилган. Шу йил Бадиий академияга қабул қилинган Шевченко тасвирий санъат сирларини эгаллаш билан бирга илгор ва курашчан дунёқарашли ижодкор сифатида шаклланган.
Шевченконинг илк балладаси 1838 йилда эълон қилинган. Унинг 1840 йил Петербургда нашр этилган «Қўбузчи» шеърий тўплами украин адабиёти тарихида янги даврнинг бошланганидан дарак беради. Шевченконинг романтик руҳ билан йўғрилган илк ижодида баллада, қўшиқ ва «ўйлар» устуворлик қилади. «Катерина» (1838) сингари дастлабки шеър ва достонларида крепостной воқеликка бўлган норозилик кайфияти яққол ифодаланган. Шевченко ижодининг шоҳ намуналаридан бири — «Гайдамаклар» (1841) достонида украин халкининг 1768 йилда поляк феодаллари зулмига қарши кўтарган қўзғолони тасвир этилган. Шевченко 1842—43 йилларда рус тилида «Никита Гайдай» драмаси, «Кўр қиз» ва «Истеъдодсиз» достонларини, рус ва украин тилларида эса «Назар Стодоля» (1843) драмасини ёзган.
Шевченко 1843 йил майида Украинага келиб, украин халқи ҳаёти билан яқиндан танишган. У шу сафар чоғида кўплаб расмлар яратиб, уларни «Украина манзаралари» (1844) альбомида эълон қилган. 1844 йил фев. да Петербургга қайтган Ш. Бадиий академияни «эркин санъаткор» унвони билан тугатиб, 1845 йилда яна Украинага келган. У Киев археологик комиссиясининг рассоми сифатида Украинанинг бир қанча вилоятларига саёҳат қилган. Шевченконинг 1843—45 йилларда яратган «Туш», «Кавказ», «Даҳрий», «Укки», «Чўри» сингари достонлардан иборат «Уч йил» тўплами украин шеъриятининг янги жанрлар билан бойиши, унга сиёсий мавзуларнинг кириб келишига замин ҳозирлади.
Шевченко 1847 йил апр. да «Уч йил» тўпламига кирган шеърлари учун қамоққа олиниб, Орск қалъасидаги Оренбург алоҳида корпусига солдат сифатида юборилган. 1848 йил капитанлейтенант А. И. Бутаков Шевченкони Орол денгизини текшириш экспедициясига рассом сифатида таклиф этган. Шевченко мазкур сафар пайтида 350 дан зиёд акварель портрет ва манзаралар яратган. Аммо 1850 йил апр. да Шевченко яна қамоққа олиниб, Каспий денгизи бўйидаги Манғишлоқ я. о. га жўнатилган. Шевченко қаттиқ назорат остида бўлишига қарамай, 1851 йил геологик экспедиция таркибига рассом сифатида жалб этилган. Ш. Новопетровскда қалъа комендантининг ижозати билан рус тилида «Созанда», «Эгизаклар» (1855), «Бахтсиз» (1856), «Нашъали сайр» (1858) сингари қиссалар ёзган. Аммо муаллиф бу асарларини ҳаётлик пайтида эълон қилолмаган. Николай I вафотидан кейин Шевченко озод этилган ва 1858 йил мартида Шевченкога Петербургда яшаши учун ижозат берилган.
Россия шу йилларда крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилишга тайёрланаётган ва инқилобий уйғонишлар даврига кира бошлаган эди. Крепостнойлик тузумини ислоҳ этиш бўйича олиб борилаётган ишларни кўрган Ш. халқни ҳурриятни инқилобий йўл билан қўлга киритишга чақирувчи асарлар ёзган.
Шевченко янги украин адабиётига халқнинг тарихий тақдири ва келажаги билан боғлиқ ғоя ва образларни олиб кирган, ундаги реалистик йўналишга янги ҳаёт бағишлаган. Айни пайтда украин тилининг миллий адабий тил сифатида шаклланиши ва камол топишида Шевченко ижоди катта роль ўйнаган.
Шевченконинг айрим асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Тошкент шаҳрида унга ҳайкал ўрнатилган, номига кўча қўйилган.
Ас: Танланган асарлар, 1—2ж., Т., 1959 — 60; Катерина, Т., 1964; Сочинения, т. 1—4, М., 1977.
Ад.: Белецкий А. И., Дейч А. И., Тарас Шевченко. Критикобиографический очерк, М., 1964; Шевченковский словник, т. 1—2, Киев, 1976—77; Воспоминания о Т. Шевченко, Киев, 1982.