ШИАЛИК (араб. — гуруҳ, тарафдорлар) — исломдаги 2 асосий йўналишдан бири. Ўзининг тарқалиши ва тарафдорларининг миқдори жиҳатидан суннийликдан кейинги ўринда туради. Жаҳондаги барча мусулмонларнинг тахм. 7% Ш. ка мансуб (2004). Шиалик 7-аср ўрталарида ислом жамоаси ичида олий ҳокимият масаласида пайдо бўлган ихтилоф натижасида вужудга келган. Шиа сўзининг тўлиқ шакли «ши’ат Али» («Али партияси») бўлиб, бу ном Али ибн Абу Толиб ва унинг авлодларига эргашганларга нисбатан берилган. 7-аср охирларига келиб Ироқ ва Эронда кенг тарқалган ва исломдаги мустақил йўналишга айланган. Шиалик аввал фақат сиёсий ҳаракат сифатида шаклланган бўлсада, кейинчалик ақидавий ва фиқҳий масалаларда турли ўзига хос жиҳатлар пайдо бўлди. Бунинг натижасида Шиалик ҳам мустақил оқим сифатида фаолият кўрсата бошлади. Шиаликда мусулмонлар жамоаси ёки давлатида фақат Муҳаммад (сав) авлоди (Али ва Фотимадан тарқалган авлодлари) ҳукмрон бўлиш ҳуқуқига эга деб ҳисобланади. Уларнинг таълимотига кўра, раҳбар жамоа томонидан сайланмай, раҳбарлик мерос сифатида ўтади. Имомлик пайғамбарлик каби илоҳий мансаб ҳисобланади. Шиаликка кўра, пайғамбар вафотидан кейин халифаликка ҳақли киши Али бўлган, Абу Бакр, Умар ва Усмон эса бу ҳуқуқни ундан зўрлик билан тортиб олишган. Шиалик тарафдорлари (шиалар) суннийлар каби Қуръонни илоҳий деб эътироф этади, лекин уларнинг айрим ўта реакцион руҳдаги вакиллари халифалар даврида Қуръоннинг айрим қисмлари тушириб қолдирилган деб ҳисоблайди. Шиалик илоҳиётчилари Қуръоннинг мазмунини мажозий шарҳлаш орқали ўз таълимотларини асослайди. Улар фақат Али ва унинг авлодлари томонидан ривоят қилинган ҳадисларни тан олади. Бундай ҳадислардан иборат тўплам тузилиб, у ахбор деб аталган. Шиаликда 8 та ақидага эътиқод қилинади. Булар — тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш), адл (адолат, Аллоҳнинг одиллиги, яъни тақдир ақидаси), нубувват (пайғамбарлик), имомат (имомлик — имомлар ҳокимиятини эътироф этиш), Амри маъруф (яхшиликка буюриш), Наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш), тавалло (Аллоҳ дўстларини дўст тутиш), табарро (Аллоҳ душманларидан узоқланиш). Шиаликда Али ва унинг авлодларидан иборат ўн икки имом ҳокимияти тан олинади. 874—878 йиллар орасида 7—9 ёшида бедарак йўқолган 12имом Муҳаммад ал-Маҳдийни шиалар «яширинган» ҳисоблайди, замона охир бўлганда унинг қайтиб келишини ва адолат ўрнатишини кутади (имоми Маҳдий, имоми охир замон). Ш. да 12 имомлик (исноашария) Али ибн Абу Толибдан бошланиб, унинг Фотимадан бўлган ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнга ўтади ва Муҳаммад ал-Маҳдийга бориб тугайди. Шунинг учун Шиалик даги исноашарийлар фирқаси «ўн икки имомни эътироф қилувчилар», деб номланган. Исноашарийларнинг баъзилари Алини Пайғамбардан афзал деб эътиқод қиладилар ҳамда Али ва унинг 11 авлоди инсонларга ризқ бериб туради, деб ҳисоблайдилар. Улар нинг фикрича, Али ва унинг авлодлари Пайғамбардан кейинги Аллоҳнинг ҳужжатларидир. Уларнинг буйруқлари, тақиқлари Пайғамбарнинг буйруғи, тақиқидир, уларга итоат қилиш — Пайғамбарга итоат қилишдир, уларга бўйсунмаслик — Пайғамбарга исён қилишдир. Уларнинг жасадлари нуронийликлари сабабли қабрларда чиримайди ёки баъзиларининг эътиқодига кўра, осмонга кўтарилади. Шиалар суннийлар каби Макка ва Мадинани муқаддас ҳисоблаш билан бирга, Карбало, Нажаф шаҳриларида жойлашган Шиалик имомлари қабрларини ҳам зиёрат қилади. Шиаликда 1 та диний-ҳуқуқий мазҳаб — жаъфарийлик мавжуд. Шиалар имом Ҳусайнга мотам тутади, «шахсейвахсей» деб ном олган мотам юришлари ўтказади ва ҳ. к. Ўрта асрларда Шиалик ичида ихтилофлар юз берган, натижада кўп фирқалар вужудга келган. Булардан зайдийлар, исмоилийлар, ибодийлар ва бошқалар ҳозир ҳам мавжуд. Шиалик ҳозирги вақтда Эронда ҳукмрон эътиқод ҳисобланди. Ироқ, Сурия, Ливан, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонда шиалар бор. Озарбайжон ва Тожикистонда (Помирда исмоилийлар) аҳолининг муайян қисми Шиаликка эътиқод қилади. Самарқанд ва Бухорода шиа жамоалари мавжуд.
Ад. Петрушевский И. П., Ислам в Иране в VII—XV веках (курс лекций), Л., 1966; Прозоров С. М., Шиитская (имамитская) доктрина верховной власти, М., 1984; Ҳусниддинов З. М., Абдусатторов А. А, Исломдаги оқимлар: хорижийлик ва шиалик, Т„ 2003.
Абдулло Абдусатторов.