ШИЛЛЕР

ШИЛЛЕР Иоганн Кристоф Фридрих (1759.10.11, Неккар бўйидаги Марбах — 1805.9.5, Веймар) — немис шоири, драматург, тарихчи, санъат назариётчиси. Немис мумтоз адабиётининг асосчиларидан. Людвигсбургдаги лотин мактабини тугатгач (1772), ҳарбий мактаб (академия) нинг ҳуқуқ ва тиббиёт бўлимларида ўқиган. Академиядаги маслақдош дўстлари билан бирга «мухолиф поэтик клуб» тузган. Шиллернинг ўзаро инсоний муносабатлардаги нафрат ва ғаразгўйликни тасвирловчи «Қароқчилар» (1781) сингари дастлабки асарлари шу клубда муҳокама этилган. Мазкур трагедияда услубий ҳар хиллик (шекспирона трагизм, барокко санъатига хос истиоравийлик, Руссо асарларига хос нотиқлик) ка йўл қўйилган бўлсада, у немис драматургиясида сиёсий йўналишга эга бўлган янги лирик драма жанрини бошлаб берган.

Шиллер тиббий академияни тугатгач (1780), Штутгартга полк фельдшери этиб юборилгпн. Аммо «Қароқчилар»нинг Мангейм шаҳрида иамбйиш этилишига рухсатсиз кетгани учун ҳибсга олинган ва унга ижод билан шуғулланиш ман этилган. Шиллер 1782 йил герцог таъқибидан қочиб кетиб, «Луиза Миллер» («Макр ва муҳаббат»нинг дастлабки нусхаси) драмасини тугатган. 1783 йил Мангеймга бориб, шаҳар театрида драматург лавозимини эгаллаган, дастлабқи йьесаларини шу театр учун қайта ишлаб берган ва «Рейн Талияси» жур. ни нашр этган. Аммо моддий барқарорликка эришиш ниятида дастлаб Лейпцигга, кейин Дрезденга кўчиб ўтган. У шу даврда тарихий ўтмиш мавзуи билан қизиқиб, «Фиесканинг Генуядаги фитнаси» (1783), «Дон Карлос» (1783—87) драмаларини, ватанпарварлик ғоялари куйланган шеърлари («Шодлик учун», «Узлат», «Енгилмас армада» ва бошқалар)ни, «Руҳназар» (1786) романини ёзган, «Ажойиб исёнлар ва фитналар тарихи» туркумида китоблар яратишга киришган (1ж., 1787), «Бирлашган Нидерландларнинг испан ҳукмдорлигидан чиқиш тарихи» устида иш олиб борган.

1787 йил Веймарга кўчиб бориши ҳамда Гёте билан яқин алоқада бўлиши Шиллер ижоди ва дунёқарашида янги даврнинг бошланишига сабаб бўлган. У 1789 йилда Гёте ёрдами билан Йен унтида тарих проф. лавозимини эгаллаб, «Жаҳон тарихи нима ва у қандай мақсадда ўрганилади?» деган мавзуда маърузалар ўқиган. И. Кант асарлари таъсирида «Санъатдаги фожиавийлик тўғрисида» (1792), «Нафосат ва қадр-қиммат тўғрисида», «Тантанаворлик тўғрисида» (1793), «Инсонни эстетик тарбиялаш тўғрисида хатлар» (1795), «Содда ва сентиментал шеърият тўғрисида» (1796) сингари илмий ишлар яратган. Шиллернинг талқинига кўра, эстетик тарбия кишилар ўртасида инсоний муносабатларнинг барқарорлашиши, уларда инсонпарварлик фазилатларининг шаклланишига хизмат қилиши зарур. Унинг 80—90-й. лар лирикасида худди шу йўналишдаги ҳистуйғу ва кечинмалар ифодаланган.

Эркин дунёни барпо этиш орзуидеали билан реал воқелик ўртасидаги зиддият Ш. ижодидаги етакчи коллизияни ташкил этади. Мазкур коллизия Ш. нинг нафақат трагедиялари, айни пайтда шеърий асарларининг ҳам замирида ётади.

Шиллернинг трагедия жанридаги энг яхши асарларидан бири «Мария Стюарт» бўлиб, унинг сюжети 16-асрдаги Англия ҳаётидан олинган. Шиллер бу руҳийфалсафий трагедиясида юнон трагедиясига хос композициядан фойдаланган. Жанна д’Арк жасоратига бағишланган «Орлеан қизи» (1801), антик трагедия анъаналарини ривожлантириш мақсадида ёзилган «Мессиан келини» (1803) трагедиялари, шунингдек, миллий озодлик ғояси билан йўғрилган «Вильгельм Телль» (1804) халқ драмаси ҳам Шиллер ижодида муҳим ўринни эгаллайди.

Шиллернинг «Қароқчилар» (1921, 1955, 1975), «Макр ва муҳаббат» (1921, 1936, 1951, 1959) ва «Мария Стюарт» (1976) трагедиялари ҳоз. Ўзбек миллий театри саҳнасида қўйилган.

Ас. Драмм. Стихотворения, М., 1975; Макр ва муҳаббат, Т., 1936.

Ад.: Лозинская Л. Я., Шиллер, М., 1960; Шиллер. Величие и трагедия немецкого гения, М., 1964; Лакнштейн П., Жизнь Шиллера, М., 1984.