ШИМОЛИЙ СИБИРЬ ПАСТТЕКИСЛИГИ

ШИМОЛИЙ СИБИРЬ ПАСТТЕКИСЛИГИ, Таймир пасттекислиги — Енисей ва Оленёк дарёларининг қуйилиш ери оралиғидаги пасттекислик. Красноярск ўлкаси ва Саха (Якутия) Республикаси ҳудудида, ғарбда Ғарбий Сибирь билан, шим. шарқда Лаптевлар денгизига туташ., Ғарбдан шарққа 1550 км дан зиёд, шим. дан жан. га 480—500 км га чўзилган. Ер юзаси тўлқинсимон тузилишга эга.

Шимолий Сибирь Пасттекислиги герцин ва мезозой бурмаланишлари натижасида шаклланган структураларнинг чўккан қисмида жойлашган бўлиб, тўртламчи давр денгиз, дарё ва музлик ётқизиқларидан тузилган. Арктика ва субарктика иклим минтақаларида жойлашган. Қиши узоқ (7—8 ой) ва совуқ, ёзи қисқа ва салқин. Янв. нинг ўртача т-раси —30°, —36°, энг паст тра ғарбида —57°, шарқида —61° гача. Июлнинг ўртача т-раси шим. да 4°, жан. да 12°, энг юқори тра 30°. Ёғингарчилик ғарбий қисмида 300—350 мм, шарқий қисмида 200—230 мм, Лена дарёси дельтаси ҳудудида 100 мм. Шимолий Сибирь Пасттекислиги орқали Пясина, Юқори Таймир, Хатанга, Анабар, Оленёк ва бошқалар дарёлар оқиб ўтади. Пасттекисликда кўплаб муз ва термокарст кўллари бор. Катта қисмида доимий музлоқ ерлар ва ботқоқликлар тарқалган. Пасттекисликда, асосан, тундра ўсимликлари (мох, лишайниклар), жан. қисмида бутали тундра, жан. чеккасида ўрмонтундра ўсимликлари ўсади. Шимолий Сибирь Пасттекислигида қутб тулкиси (оқ тулки), бўри, буғу, лемминг ва бошқалар учрайди. Нефть, газ, тошкўмир конлари бор.

Loading...