ШИРИН

ШИРИНСирдарё вилоятидаги шаҳар (1972 йилдан). Вилоятга бўйсунади. Яқин т. й. станцияси — Фарҳод (6 км). Вилоят маркази (Гулистон шаҳри)дан 52 км. Уртача 328 м баландликда. Аҳолиси 15,3 минг киши (2003), асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, татар, корейс, рус, озарбайжон, туркман ва бошқалар ҳа. м яшайди. Шаҳар номи келиб чиқиши тўғрисида турли ривоят ва тахминлар мавжуд. Шулардан ҳақиқатга яқинроғи, шаҳарнинг ғарбий қисмидаги тоғнинг Фарҳод қояси тагидан оқиб ўтадиган Ширинқиз сойи номидан олинганлигидир. Ширин Фарҳод ГЭС қурилиши муносабати билан ишчилар посёлкаси сифатида 1943 йилда вужудга келди. Шаҳарда Фарҳод ГЭС, Сирдарё иссиқлик электр стяси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари машинасозлик з-ди, суткасига 7 т нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона, спирт з-ди ва бошқалар, шунингдек, 60 тадан зиёд турли шаклдаги хусусий ва кичик корхоналар бор. Сирдарё қурилиш бошқармаси ҳам Ширинда жойлашган. Шаҳарда 4 умумий таълим мактаби, 1 мусиқа мактаби, 2 касбҳунар коллежи, театр, «Ширин» шаҳар бозори, 5 кутубхона, 2 музей, касалхона (140 ўрин), болалар касалхонаси, врачлик соғломлаштириш пункти, 2 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 2 фельдшеракушерлик пункти, дорихона, «Хавотог» санаторийси, маданият ва истироҳат боғи, Хотира боғи мавжуд. «Ширин садоси» газ. чоп қилинади. Шаҳар телестудияси фаолият кўрсатади.