ШИРИНМИЯ

ШИРИНМИЯ, қизилмия — буғдойдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт. Пояси тик, бўйи 50—20 см, шохланган, баъзан шохланмаган, туклар билан қопланган. Илдизи ўқиддиз, шохланган, 5—6м чуқурликкача боради. Барглари тоқ патсимон, уз. 8—20 см. Гуллари қийшиқ (зигоморф), икки жинсли. Меваси 3—7 уруғли дуккак. Уруғи қаттиқ, майда, силлиқ, мош ранг. Апрелнинг охиридан июнгача гуллайди. Августда пишади. Асосан, Европа ва Осиёда тарқалган. Дарё ёқаларида, ариқ ва зовур бўйларида, қумлоқ ерларда, тоғ ён бағирларида, баъзан 2500 м баландликкача бўлган ерларда, кам ва ўрта шўрланган тупроқларда ҳам ўсади. Амударё, Сирдарё, Урал ва Или тўқайзорларида Ширинмиянинг катта майдонларни эгаллаган ўтлоқзорлари учрайди. Ширинмия қадимдан қимматбаҳо доривор ўсимлик сифатида маълум. Унинг илдизи таркибида гормонал фаол глицирризин, сахароза, фруктоза, глюкоза, ошловчи моддалар, 30 га якин флавоноидлар ва бошқалар бор. Тиббиётда Ширинмиянинг илдизи ва илдиз поясидан тайёрланган дорилар билан яллиғланиш. аллергия, заҳарланиш, Аддисон касштлиги, бод, беланги, бўғма, сил, чипқон, экзема ва бошқалар касалликлар даволанади. Шунингдек, озиқовқат, кимё ва кон металлургияси саноатида ҳам ишлатилади. Ширинмиянинг пояси таркибида кўп миқдорда оқсил, ёғ, қанд, каротин, витамин С ва бошқалар борлигидан қимматбаҳо емхашак ҳисобланади. Ундан яхши пичан ва силос тайёрланади. Ўзбекистон ФА «Ботаника» илмий ишлаб чиқариш марказида Ширинмиянинг серҳосил, қургоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли шакллари яратилган; уруғи ва илдизпоясидан кўпайтириш усуллари, афотехникаси ишлаб чиқилган; йилига 2 марта ҳосил олиш мумкинлиги исботланган.

Loading...