ШИРКАТ

ШИРКАТ, хўжалик ширкати — жисмоний ва юридик шахсларнинг шартнома асосида ва ҳамкорликда хўжалик фаолияти юритиш мақсадларини кўзлайдиган ихтиёрий бирлашмаси. Ширкат аъзолари хўжалик шартномаси асосида иш юритадилар, унда Ширкатнинг мақсадлари, Ширкат мулкини барпо этишда аъзолар иштироки ва бадал миқдори, олинадиган фойданинг тақсимланиши ҳамда Ширкат тугатилганда мулкнинг ўзаро тақсимланиши, бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқлари белгилаб қўйилади. Ширкат мулки ҳамиша Ширкат аъзоларининг ҳиссавий бадаллари негизида шаклланади.

Мулкни барпо этиш тамойили Ширкат турига боғлиқ. Муассислик шартномаси ва устав Ш. нинг таъсис ҳужжатлари ҳисобланади. Узбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар хўжалик ҳаётида Ширкатнинг тўлиқ Ширкат, коммандит (аралаш) Ширкат турлари кўпроқ тарқалган. Тўлиқ Ширкат хўжаликларда якка шахслар ёки тадбиркорлар, тижорат ташкилотлари таъсис шартномасида белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун ўз фаолияти ва капиталлари билан иштирок этадилар. Ширкат мажбуриятлари бўйича ўзларига тегишли жами молмулк билан бирдамликда жавоб берадилар. Иштирокчиларнинг ҳар бири бошқа ҳуқуқлар билан бир қаторда корхонани бошқаришда иштирок этади ва ҳар бир шахс бир овозга эга бўлади, ҳар бир иштирокчи фақат биргина тўлиқ Ширкатга аъзо бўлиши мумкин. Мас, 90-й. ларнинг 2-ярмидан бошлаб Ўзбекистон қ. х. да собиқ колхозлар — жамоа хўжаликлари ёпиқ Ширкат хўжаликлари — пайчилар хўжалиги шаклига ўтказила бошлади ва 1,4 млн. дан ортиқ деҳқонлар Ш. даги пай мулки эгаларига айланди (2004). Коммандит Ширкат аъзолари Ширкат мажбуриятлари бўйича ўзининг жами молмулки билан жавоб берадиган бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан бир қаторда жавобгарлиги қўшган улуши миқдори доирасида чекланадиган бир ёки бир нечта қатнашчи (коммандитчи)лардан ташкил топади.

Ширкатнинг тугатилиши хўжалик Ш. лари ҳақидаги қонунларда ва Ш. нинг таъсис шартномасида кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.

Расулмат Ҳусанов.

Loading...