ШИРВОНШОҲЛАР САРОЙИ — Бокудаги меъморий мажмуа (15—16-асрлар); ўрта асрлар Озарбайжон меъморлигининг муҳим намунаси. Мажмуа 2 қаватли сарой, 8 қиррали гумбазли девонхона (15-асрнинг охири, атрофи равоқли 5 қиррали айвон билан ўралган), тўртбурчак тарҳли мақбара (1435), ҳашамдор пештоқли хонақоҳ, 2 гумбазли ва минорали масжид (1442), 8 қиррали Саид Яҳё Бокувий мақбараси, дарвоза (1585), сардоба ва ҳаммомдан иборат. Турли даврларда яратилган иншоотларни ўз ичига олган мажмуанинг яхлитлигини меъморий усулларнинг умумийлиги белгилаган. Биноларнинг ҳажмларини ифодали безаклар зийнатлайди. Ширвоншоҳлар саройи музейга айлантирилган.