ШЎЪБА

ШЎЪБА (араб. — қисм, тармоқ) — 1) Ўрта аср Ўн икки мақом тизимида парда тузилмаларининг муайян тармоғи. Шўъбалар асосий мақомларга алоқадор бўлган қуйи табақадаги парда тузилмаларидир. Шарқ мусиқа назариясига оид адабиётларга кўра, жами 24 Шўъба бўлиб, товушқатори 2 дан 10 поғонагача етган. Улар, асосан, Дугоҳ, Сегоҳ, Чоргоҳ, Панжгоҳ, Аширан, Наврўзи Араб, Моҳур, Наврўзи Хоро, Наврўзи Баётий, Ҳисор, Нуҳуфт, Уззол, Авж, Найриз, Мубарқаъ, Ракб, Сабо (Наврўзи Сабо), Ҳумоюн, Зовулий, Исфаҳонак ёки Рўйи Ироқ, Бастаи Нигор, Ниҳованд, Жавзий, Мухайяр деб номланади. Баъзи манбаларда Нишобурак, Мағлуб, Ажам (Наврўзи Ажам) каби Шўъба номлари ҳам келтирилган;

2) Шашмақомда жамланган мукаммал ашула йўллари. Шўъба намуналари ўзаро фарқли 2 гуруҳга тақсимланган бўлиб, биринчисини сарахбор, талкин, наср ва якунловчи уфар, иккинчисини эса, асосан, савт ва мўғулча (таркибий шохобчалари билан) кабилар ташкил этади.

Loading...