ШОҲРУХ

ШОҲРУХ, амирзода Шоҳрух, Мирзо Шоҳрух, Шоҳрух мирзо, Хоқони саъид, Абу Наср Шоҳрух баҳодир султон (1377.20.8, Самарқанд — 1447.19.3, Рай) — Амир Темурнинг 4ўғли, Темурийлар ҳукмдори. Ёшлик йиллари Самарқандда ўтган, шу ерда дунёвий ва диний таълим олган. Амир Темур 1390—91 йил Дашти Қипчоққа ва 1392 йил ғарбий мамлакатларга 5 йиллик юришлари чоғида Шоҳрухни мамлакатни бошқаришга тайинлаб қолдирган. Кўп ўтаай, Амир Темур Ш. ни ўз ёнига чақириб олади ва 17 ёшли Шоҳрух жанговар ҳаракатларда қатнаша бошлайди. Амир Темур уни лашкарнинг манғлай ва жуванғар қисмларига тайинлайди, кейинроқ эса, Самарқандга қайтариб, пойтахтни бошқариб туришни топширади.

Амир Темур 1396 йил Шоҳрухга Хуросон ўлкасини суюрғол қилади ва тегишли қўшин ҳамда элат билан бирга уни ўз мулкига жўнатади. Ш. Амир Темурнинг 7 йиллик юришида, хусусан, Яқин Шарқдаги ғарбий ҳаракатларда бевосита қатнашган, лашкарнинг илғор, манғлай, жуванғар қисмларини бошқарган; жангларда шахсий довюраклик ва маҳорат намойиш этган. Уни адолатпарвар, раият тинчлигини кўзловчи шахс сифатида билганлар; қамалда қолган шаҳарлар аҳолиси аксари ҳолларда сулҳ таклифи билан Шоҳрухга мурожаат қилганлар ва у ҳам ўз ёрдамини аямаган. Баъзи ҳолларда, Амир Темур Шоҳрухни лашкарнинг ўғруқ қисмини қўриқлашга мутасадди қилган.

Шарафуддин Али Яздий «Зафарнома»да ёзишича, Амир Темур ҳаётининг кейинги йилларида Шоҳрухнинг давлатдорлик сифатларига алоҳида эътибор берган. Чунончи, Хитойга юриши чоғида, салтанат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, ғарбий ўлкаларни идора этиш каби катта масъулиятни Шоҳрух зиммасига юклайди ва уни Хуросонда қоддиради. Соҳибқирон 1391—92 йиллар мўғуллар босқини даврида бутунлай хароб қилинган Банокат шаҳри ўрнига янги шаҳар барпо этиб, у ерга атроф ерлардан аҳолини кўчириб обод қилади ҳамда уни Шоҳрухга суюрғол қилади ва бу шаҳар Шоҳрухия номи билан шуҳрат топади.

Амир Темур вафотидан сўнг, 1405 йил мартда Шоҳрух расмий равишда Темурийлар салтанати ҳукмдори сифатида Хуросон тахтига ўтирди ва ўз номидан хутба ўқитиб, пул (танга) зарб қилдирди. Шоҳрух ҳукмдорлигининг дастлабки йилларида Темурийлар салтанатида кучли тарқоқлик юзага келиб, салтанатнинг турли қисмларида яккаҳокимлик учун кураш бошланиб кетди. Мовароуннаҳрда Самарқанд тахтини Халил Султон эгаллади, Озарбайжон ва Ажам Ироқини Қора Юсуф, Араб Ироқи ҳудудини Султон Аҳмад ўз қўлига киритди. Эронзаминда темурий шаҳзодалар ўзаро низолашардилар, Мозандарон, Балх, Ғур ва бошқалар вилоятларда ҳам исёнлар юзага келди. Шоҳрух салтанатда вужудга келган низолар, исёнлар, яккаҳокимлик учун чиқишларни теран қобилияти, маҳорати, тафаккури, олиб борган сиёсати туфайли биринкетин бостиришга муваффақ бўлди.

Шоҳрух ўз ҳукмдорлиги чоғида Темурийлар салтанатининг ҳудудий кенглиги, ҳарбий салоҳияти, кучли иқтисодий мавқеини сақлашга интилди. Бунинг учун Мовароуннаҳр, Эронзамин, Озарбайжонга юришлар қилиб ғалаба қозонди; 1429 йил Ш. Озарбайжонда хавфли кучга айланган амир Искандар ибн Қора Юсуф устига деярли бутун салтанати ҳудудидан лашкар йиғиб юриш қилади. Салмос чўлида иккала томон ўртасида қаттиқ жанг бўлади; Ш. ўғиллари Мирзо Бойсунғурнк лашкарнинг жуванғарини, Иброҳим Султонни баранғартнк бошқаришга белгилайди; Муҳаммад Жўгийни эса ўзига тегишли бўлган ғул қисмда қолдиради. Шиддатли жангдан сўнг Шоҳрух лашкари зафар қучади. Шоҳрух Сейистон ва Бадахшонга лашкар жўнатиб, у ерлардаги исёнларга чек қўяди. 1405 йилдан 7 йил давомида Хоразмни забт этиб турган Дашти Қипчоқ амирларига қарши Ш. катта лашкар жўнатади ва ғолиб келиб, Хоразмни Темурийлар салтанати таркибига киритади ҳамда вилоятни бошқаришга саркарда амир Шоҳмаликнн белгилайди. Шоҳрух кўпгина низоларни сулҳ йўли билан бартараф қилган ва бунда таниқли давлат арбоблари ва шайхлар хизматидан кенг фойдаланган. Умуман, Ш, ҳукмронлиги даврида шарқда Мўғулистондан тортиб ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жан. да Ҳиндистоннинг марказий қисмидан бошлаб шим. дан то Дашти Қипчоқ чегараларигача бўлган жойлар Темурийлар салтанати таркибига кирган. Салтанатни суюрғол тизими бўйича бошқарган; мамлакат ҳудудини ўғиллари, неваралари, қариндошлари, хизмат кўрсатган садоқатли амирларига суюрғол қилиб берган.

Тарихчи Ҳофизи Абрунинг «Зубдат аттаворих» асарида ёзилишича, Шоҳрух 1443 йил Миср подшосига элчи йўллаб Каъба уйига ёпинчиқ кийгазишни сўрайди ва розилик олади. Шу асосда 1444—45 йил каъбапўш тайёрлатиб, уни шайх Нуриддин Муҳаммад алМуршидий ва мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Абҳарий воситасида Маккага жўнатади; улар каъбапўшни муқаддас Каъба уйига ёпиб қайтадилар.

Шоҳрух подшоҳлик девонида кундалик ишларни доим назорат қилиб борган; қарорлар қабул қилишда кенгаш ва маслаҳатга кенг ўрин ажратган, кўпчилик фикрини инобатга олган ҳолда адолатли ҳукмлар чиқарган. Шунингдек, девонда диний ва дунёвий масалалар юзасидан етук алломалар иштирокида суҳбатлар, фиқҳ, тиб, нужум, геогр., тилшунослик ва бошқалар фан соҳалари бўйича баҳсмунозаралар ташкил қилган, ўзи ҳам уларда фаол қатнашган.

Шоҳрух салтанати ҳудудида бунёдкорлик фаолияти учун катта имкониятлар юзага келди. Шаҳарсозлик, ҳунармандчилик, савдо, деҳқончилик, илм-фан, маданият тез суръатлар билан ривожланди. Шоҳрух бунёдкорлик ишларига, хусусан, шаҳарлар ободончилиги ва суғориш тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб Ҳирот (1405 йил), Балх (1407 йил) шаҳриларини тиклашга олий фармон берган. Чингизхон юриши чоғида хароб қилинган (1220 йил) Марв шаҳри қайта барпо этилиб, унга Мурғоб дарёсидан ариқ қаздириб сув келтирилди. Суғориш тизими яхшиланди, янги ерлар ўзлаштирилди, экин майдонлари кенгайди. Шаҳарларда ҳунармандчилик ва савдо ривожланди, кўплаб маданиймаънавий муассасалар — мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар қурилди.

Шоҳрух илм-фан ривожига алоҳида эътибор берди. Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, Машҳад, Шероз ва бошқалар шаҳарларда илм-фан кенг ривож топди. Мовароуннаҳрда Мирзо Улуғбек расадхона (қ. Улуғбек расадхонаси) барпо этиб аниқ фанлар ривожланди; Нақшбандия таълимоти ёзма мерос тарзида шаклланди ва шу йўналишда бир қанча асарлар ёзилди. Ҳирот ва Шероз шаҳриларида тарихнависликка катта эътибор қаратилди. Амир Темур ва темурийлар тарихига оид бир қанча йирик асарлар яратилди. Темурийлар салтанатида китобат ва миниатюра санъати юксалди. Ҳиротда Мирзо Бойсунғур ва Шерозда Иброҳим Султон бу соҳаларнинг ривожига катта ҳисса қўшдилар.

Шоҳрух ҳукмронлиги даврида Темурийлар салтанатининг халқаро миқёсдаги нуфузи ортди; давлатлар ўртасидаги элчилик муносабатларига Шоҳрух жуда катта эътибор берган. Унинг ҳузурига Хитой, Ҳиндистон, Миср, Шом, Рум, Европа, Дашти Қипчоқ ҳукмдорларидан элчилар келгани ва Шоҳрух ҳам ўз элчиларини жўнатгани ҳақида Темурийлар даври тарихий манбаларида маълумотлар қайд этилган ва иккита элчилик ҳақида мукаммал кундалик ҳам ёзклган. 141922 йиллар Хитойга бориб келган сафар хотиротлари, унда бевосита қатнашган Ғиёсиддин Наққошнинг кундалиги ҳамда 144244 йиллар Жанубий Ҳиндистонга бориб қайтган элчиларнинг сафар тафсилотлари, уни бошқарган Абдураззоқ Самарқандийнинг сафарномасида акс этган.

Шоҳрухнинг элчилар воситасида йўллаган мактубларида савдо йўллари хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро савдосотиқни ривожлантириш алоҳида таъкидланган. Буюк ипак йўли орқали савдо ва элчилик карвонлари мунтазам қатнаб турган. Шоҳрух ўзининг халқаро сиёсатида давлатлараро тинчтотувлик ва дўстона муносабатлар таъминланишини устувор йўналиш деб билган.

Шоҳрухнинг давлатчилик сиёсатида бунёдкорлик ишларига катта эътибори натижасида илм-фан ва маданият ривожида ўзига хос уйғониш (ренессанс) бўлди ва бу !5-асрнинг 2-ярмида Алишер Навоий даврида Хуросонда илм-фаннинг юксак ривожланиши учун замин яратди.

Манбалар: Шарафуддин Али Яздий, Зафарнома, Т., 1972; Абдураззоқ Самарқандий, Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн, Т., 1969.

Ад.: Асқаров А. ва бошқалар, Темур ва Улуғбек даври тарихи., 1996.

Омонулло Бўриев.

Loading...