ШОРАҲИМОВ

ШОРАҲИМОВ Шоназир (1908.5.5 Тошкент — 1968.1.9) — театр рассоми, ўзбек миллий профессионал театрининг дастлабки рассомларидан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1940). Шораҳим Шоумаровнинг ўғли. Тошкентдаги тасвирий санъат курсларида ўқиган; Ленинград бадиий саноат техникумини тугатган (1928). Ёш томошабинлар театрида рассом (1928—29), Бухоро театрида бош рассом (1929—32), Навоий театрида рассом, бош рассом (1932—43), Муқимий театрида бош рассом (1943— 48). Шораҳимов яратган декорация эскизлари тарихан ҳаққоний, саҳнавий кенглик муваффақиятли ҳал этилган, ранглар софлиги, уйғунлиги билан ажралиб туради: Ёш томошабинлар театри «Додҳо» (1929), «Бешлар» (1930), «Олис йўл» ва бошқалар; Навоий театрининг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Ичкарида» (1933), «Гулсара» (1935) мусиқали драмалари, «Аршин мол олон» (1937) мусиқали комедияси, «Шоҳида» балети (1939), «Лайли ва Мажнун» операси (1940) ва бошқалар; Муқимий театрининг «Олтин кўл» (1949), «Нурхон» (1952) ва бошқалар; Бухоро театрининг «Ҳамза», «Арафа» (1931), «Бургут янчилди», «Ҳалима» (1932), «Ғунчалар», «Алпомиш», «Янги ер», «Қутлуғ қон» ва бошқалар спектакллари декорациясини яратди. «Фарҳод ва Ширин», «Гулсара» (мусиқали драма), «Лайли ва Мажнун» (опера) спектаклларига яратган саҳна безакларида унинг бадиий маҳорати намоён бўлди.

Loading...