ШЎРТОБЛАР

ШЎРТОБЛАР — тупроқлар типи; ювилмайдиган сув режими шароитида тупроқ сингдириш комплексида натрий (сингдириш ҳажмининг 10 — 14% дан 70% гача) тўпланганда (тупроқ эритмаси ёки грунт сувидан ўтади) шаклланади (шўртобланиш жараёни). Шўртобларда табиий ҳолда қора шувоқ, изен, шўра ва бошқалар ўсимликлар ўсади. Африка, Осиё, Шўртоблар Жанубий Америка, Австралияда учрайди. Тузлар таркибига кўра, содали ва содасульфатли, хлоридсульфатли бўлади. Тузларнинг жойлашиш чуқурлигига нисбатан шўрхокли Шўртоблар (сувда осон эрийдиган тузлар 5—20 см чуқурликда жойлашган), шўрхокланган Шўртоблар (20—40 см) ва ювилган Шўртоблар (60—80 см) мавжуд. Шўртоблар намланганда кучли дисперсланади, тупроқнинг структурасиз массаси бўкади ва сув ўтказмайди, қуриганда эса зичлашиб, палахсапалахса ёрилиб кетади. Шўртобларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун кальций тузлари, айниқса, гипс солинади. Бунда кальций тупроқ сингдириш комплексидаги натрийнинг ўрнини олиб, тупроқ структурасининг тикланишига имкон яратади. Содали Шўртобларга гипс солиш, айниқса яхши натижа беради. Хлоридсульфатли Шўртобларни плантаж ҳайдаш, ўт ўсимликлар (айниқса, илдиз системаси кальций бирикмаларига мойил бўлган дондуккакли)ни экиш йўллари билан ўзлаштириш мумкин. Ад.: Почвоведение, М., 1988.

Loading...