ШЎРВА

ШЎРВА — суюқ овқат тури. Тайёрлаш усулига кўра, Шўрванинг қовурма Шўрва ва қайнатма Шўрва ; солинадиган масаллиғига кўра шолғом Ш., нўхат Ш., дўлмали Шўрва, вермишель Ш., шовул Ш., карам Ш., каби йигирмадан ортиқ тури бор. Қовурма Шўрва — қўй ёғи кубик қилиб тўғралади ва қозонга солиб чалароқ эритилади. Гўшт бўлакларга бўлиниб, ёғ билан бирга қизаргунча, сўнгра тўғралган пиёз ва помидор қўшиб яна 7—10 мин. қовурилади, картошка солиб бирикки айлантирилади ва сув қуйилади. Сув қайнаб чиққунча қозонга туз, бир дона қизил қалампир, тўғралган укроп ва кашнич солинади. Шўрва қайнаб чиққач, олови пасайтирилиб, яна 1 соатча милдиратиб қайнатилади. Қайнатма Шўрва — қўй гўшти (тўши, қовурғаси, озгина ёғи) қозондаги совуқ сувга солиб қайнатилади. Шўрванинг кўпиги олинмайди (пиёз солингач, кўпиги ўзўзидан йўқолиб кетади). Шўрвага пиёз билан бирга арчилган бутун сабзи, тўғралган помидор, туз ва зираворлар солинади. Шўрва 40—50 мин. қайнагач, арчилган бутун картошка солинади ва олов пасайтирилиб, милдиратиб қайнатилади. Картошка пишиши билан, Шўрва оловдан олиниб, дастурхонга косаларда тортилади.