ШОВҚИН

ШОВҚИН — 1) кенг маънода — нутқ ва мусиқани тўғри қабул қилишга, хордиқ чиқаришга ва ақлий меҳнатга халақит берувчи бегона товушлар. Шовқин децибел билан ўлчанади. Мас, нафас олиш, баргларнинг шитирлаши 10, қаттиқ гапириш 60—70, транспортнинг шовқини 80—100, реактив самолёт овози 140—175 децибелга тенг ва ҳ. к. Қаттиқ, суюқ, газсимон муҳитлардаги ҳар қандай тебранишлар, турли двигатель ва механизмлар Шовқин ларнинг асосий манбаидир. Машиналарнинг деталларини аниқ қилиб ишлаш, механизмларнинг товуш чиқаришини пасайтириш, товушни тўсадиган, ютадиган ва титрашни камайтирадиган воситаларни қўллаш йўли билан Шовқин камайтирилади;

2) техника ва физикада (тебранма жараёнлар билан боғлиқ бўлган радио, электроника, радиолокация, радиоастрономия, акустика, товуш ёзиш, оптика ва бошқаларда) даврий бўлмаган тартибсиз тебранишлар. Мас, электрон лампаларда электр токининг тартибсиз тебраниши, ўтказгичларда электронларнинг иссиқлик ҳаракати (иссиқлик Ш. и), Ер ва ер атмосферасидан, Қуёш, юлдузлар, юлдузлараро муҳит ва бошқалардан тарқалаётган иссиқлик нурланишлари (космик Шовқинлар) натижасида Шовқин ҳосил бўлади. Шовқиннинг умумий фойдали жиҳатлари ҳам бор. Мас, радиоастрономияда частотанинг маълум диапазонидаги Шовқин бўйича юлдузлар ва бошқалар космик жисмларнинг радионурланиши текширилади, ҳарбийденгиз техникасида эса сув ости қайиқ ва кемалари топилади;

3) гигиенада — одам организмига салбий таъсир кўрсатадиган ва турли касалликларга сабаб бўладиган товушлар. Одам организмига узоқ вақт таъсир этиши натижасида марказий асаб системаси, томирлар тонуси, ҳазм йўллари аъзолари, эндокрин системаси ва ҳ. к. нинг фаолияти бузилиши, қулоқ оғирлиги, карлик пайдо бўлиши мумкин. Шовқин таъсирида ҳаракатнинг аниқ мувозанати бузилиб, меҳнат унумдорлиги пасаяди. Ортиқча Шовқин одамни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан кучсизлантиради. Инсон учун 20—30 децибел зарарсиз ҳисобланади. Бу табиий ҳолатдир. Умуман одамга 80 децибелли Шовқин рухсат этилади. Қиймати 130 децибелга тенг Шовқин инсон қулоқларида оғриқ пайдо қилади, 150 децибелга етганда чидаш қийин бўлади, 180 денибелда ҳатто металл чатнаб кетади. 20-аср 70-й. ларида шаҳар кўчаларидаги Шовқин 60—70 децибелни ташкил қилган, 21-аср бошида бу кўрсаткич 100 децибел ва бундан юқори қийматга етди.

Шовқиннинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида ибтидоий жамоа давридан маълум. Унинг таъсирини камайтириш учун, мас, темирчилар, тунукачилар ва мисгарларнинг кечаси ишлаши тақиқланган. Рим диктатори Юлий Цезарь кечалари шалдираб юрадиган араваларнинг шаҳар кўчаларида юришини тақиқлаган. Одам организмига Шовқиннинг таъсирини олдини олиш учун ҳозир ҳам баъзи ташкилий, техник ва тиббий чоратадбирлар кўрилади. Аҳоли яшайдиган пунктларда Шовқинга қарши кураш чоралари: кўкаламзорлаштириш, кўча ҳаракатини тартибга солиш, транспортлар сигналини ман этиш, турар жой биноларига товуш ўтказмайдиган ойнали (мас, пласмасса, алюминий) деразалар қўйиш, лифт, насос, вентилятор каби ускуналар Шовқин ини камайтириш ва ҳ. к. Ишлаб чиқаришда Шовқинга қарши кураш чоралари: Ш. сиз технологик жараёнларни қўллаш, янги ускуналарни Шовқин ўлчови назоратидан ўтказиш, корхона биносини товушдан изоляция қилиш, товуш ютувчи қурилиш материаллари ишлатиш ва бошқалар Шунингдек, сершовқин цех ишчилари индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланади. Бундай ишчилар шифокор (терапевт, отоларинголог, невропатолог) кўригидан ўтказиб турилади ва ҳ. к.

Loading...