ШОХ — 1) дарахтларнинг танасидан чиққан ўсимтаси;
2) кўпчилик туёқли сут эмизувчилар бошидаги қаттиқ ўсимта, эркак ҳайвонларда урғочиларини талашиб уришганда қурол фазифасини бажаради. қадимий қазилма судралиб юрувчилар (мас, динозаврлар) да ҳам Шох бўлган. Каркидонларнинг 1 ёки 2 та тоқ Ш. и мугузланган эпидермиснинг конуссимон ўсимтаси, яъни бурун ёки пешона суяги бўртмасида жойлашган теридан ҳосил бўлади. Бошқа туёқлиларнинг жуфт Ш. и пешона суяги билан қўшилиб ўсган ўқ стерженга эга. Қувушшохлилар Ш. нинг ўқ стержени сиртдан ғовак ғилоф билан қопланган, ҳаёти давомида ўсади; жирафлар Шохи юнг билан қопланган, юмшоқ тери ғилоф ичида жойлашган; буғулар Шохи фақат ёш даврида юмшоқ тери билан қопланган, кейинчалик тери тушиб кетади. Буғуларда кўпинча эркагида (шим. буғуларида урғочиларида ҳам) Шох бўлади; эркак буғунинг Шохи алмашиниб туради. Ёш ўтган сайин буғулар Шохи катталашиб шохланади. Шохнинг мугуз ғилофидан ҳар хил зийнат буюмлари, суяк қисмидан суяк ёғи, суяк уни, елим олишда фойдаланилади.