ШОЙИ

ШОЙИ, шоҳи — ипак мато; 19 — 20-аср ўрталарида Ўрта Осиёда барча ипакчилик ривожланган йирик марказ (Фарғона, Бухоро ва бошқалар)ларда ишлаб чиқарилган. Шойининг арқоқ ва танда иплари бир хил ингичка ипак иплардан иборат бўлиб, содда тўқилган: ҳар бир арқоқ ип орасига танда иплар тушган, юзаси силлиқ, ўнгтерси бир хилда бўлган; эни 33—35 см, 20-аср 30-й. ларидан 50—54 см га кенгайган. Шойининг гулсиз сидирға ва гулли (абр гулли), йўлйўл, катак гулли хиллари маълум. Турли ипакчилик марказларининг Шойи лари қалинюпқалиги, гуллари, ранги (колорити) билан фарқланган. Фарғона Ш. си юпқа ва пишиқлиги, юмшоқ ва майинлиги билан бошқа Шойи лардан ажралиб турган; абр гуллари тўлқинсимон ёки услублаштирилган новда, гул шаклида, ранги бинафша, сариқ, феруза, кулранг. Бухоро Шойиси қалин тўқилган, танда иплари зичлиги туфайли қаттиқ, ғижимланмайдиган ҳамда сув ўтказмайдиган бўлган; гуллари катта доира, тухумсимон шаклларда, икки четлари қатор йўллар, 8 ёки тўлқинсимон чизиқлар билан ҳошияланган; ранги кўпроқ қизил ва сариқ, оқ, нафармон, оч настарин, феруза ранглар.

20-аср бошида Самарқанд, Тошкентда Фарғонадан келтирилган йўлйўл Шойи кенг тарқалган; бинафша, қора, оқ ва тилла рангсариқ йўлли Шойидан кийим кийиш урф бўлган. Шойидан кишилик кўйлаклар, белбоғ ва бошқалар тайёрланган, эркак ҳамда хотинларнинг зар чопон ва бахмал тўнлари астарларига, бадиий буюмлар (сўзана, чойшаб ва бошқалар)га ишлатилган. Ш. Бухорода 20-аср бошларигача, Фарғона водийсида 60-й. ларгача ишлаб чиқарилган.

Сайёра Маҳкамова.