ШРИ ЛАНКА

ШРИ ЛАНКА (1972 йилгача Цейлон) , Шри Ланка Демократик Социалистик Республикаси — Ҳинд океанидаги Шри Ланка о. да, Ҳиндистон я. о. дан жан. шарқда жойлашган давлат. Майд. 65,6 минг км2. Аҳолиси 19,5 млн. киши (2002). Расмий пойтахти — ЖаяварденапураКотте (парламент жойлашган); амалдаги пойтахти — Коломбо шаҳри Маъмурий жиҳатдан 9 вилоят (ргоутсе)га бўлинади.

Давлат тузуми. Шри Ланка — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи республика. Амаддаги конституцияси 1978 йил 7 сентябрда қабул қилинган; кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғипрезидент (1994 йилдан Кумаратунга Чандрика хоним). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни президент ва бир палатали парламент, ижрочи ҳокимиятни парламент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Орол соҳилларининг аксарият қисми паст, лагунали, маржон рифлари билан ўралган, кам парчаланган. Ҳудудининг 80%дан ортиғи пасттекислик, айрим жойларда қоялар учрайди. Маркази ва жан. да зинапоясимон тоғлик жойлашган. Энг баланд жойи — Пидуруталагала тоғи (2524 м). Шри Ланкада графит, кварц, қимматбаҳо тошлар, каолин ва бошқалар бор. Иклими муссонли, шим. ва шарқида субэкваториал, жан. ва ғарбида экваториал иклим. Ҳаво т-раси текисликларда 26—30°; тоғларда 15—20° гача пасаяди. Йиллик ёғин тоғликнинг жан. ғарбий ён бағрида 5000 м гача, тоғ этакларида 2000 мм гача, шим. ғарбий ва жан. шарқий соҳилларида 1000 мм дан кам. Дарёлари қисқа ва серсув (энг йириги Махавели дарёси); қуйи оқимида кема қатнайди. Тупроқлари қизил ва латерит, дарё водийлари ва соҳилида аллювиал тупроқ. Мамлакат ҳудудининг 44% нам тропик ўрмон билан қопланган. Ясситоғликлар саванна типидаги ялангликлардан иборат. Соҳилида мангра ўрмонлари ва кокос пальмазорлари бор. Ҳайвонот дунёси хилмахил: фил, маймун, кийик, тўнғиз, қоплон, силовсинлар яшайди; тимсоҳ, тошбақа, илоннинг бир қанча тури, калтакесак бор. Қуш ва ҳашарот кўп. Вилпатту, Яла (Рухуну), ГалОя миллий боғлари, Канди шаҳри яқинида ботаника боғи бор.

Аҳолисининг 75% сингаллар, 16% дан ортиғини тамиллар ташкил этади. Шунингдек, маврлар (араб ва маҳаллий мусулмонлар авлодлари) ва бошқалар ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 23%. Расмий тиллар — сингал, тамил ва инглиз тиллари. Диндорлар буддавийлик, ҳиндуийлик, ислом ва бошқалар динларга эътиқод қиладилар. Йирик шаҳарлари: Коломбо, Жафна, Канди.

Тарихи. Шри Ланка ҳудудида одам палеолит давридан яшайди. Мил. ав. 5-асрда Ҳиндистондан ҳиндлар кўчиб ўтишган. Мил. ав. 3-асрда дастлабки йирик давлат уюшмаси пайдо бўлди. 15-асрда 3 йирик давлат (сингалларнинг Котте ва Канди, тамилларнинг Жафна давлатлари) вужудга келди. 16-асрда Португалия орол соҳилини босиб олди. 17-аср ўрталарида Нидерландия португалларни сиқиб чиқариб, оролнинг 1/4 қисмини эгаллаб олди. 18-аср ўрталаридан Англия билан Нидерландия ўртасида оролни эгаллаш учун кураш авж олди. 1795—96 йилларда оролни инглизлар босиб олди. Орол дастлаб Англиянинг ОстИндия компаниясига қарашли Мадрас президентлигига қўшиб юборилди. 1802 йилдан Буюк Британиянинг алоҳида мустамлакасига айланди. Цейлон аҳолисининг мустамлакачиларга қарши бир неча марта қўзғолонлари бўлиб ўтди (1796, 1818, 1848). 19-аср охири — 20-аср бошларида сиёсий ташкилотлар вужудга келди, миллий озодлик ҳаракати авж олди. 1919 йил биринчи йирик сиёсий партия — Цейлон миллий конгресси тузилди. 2-жаҳон уруши йиллари (1939—45) мамлакатдаги демократик кучлар миллий мустақиллик учун курашни янада авж олдирдилар. 1948 йил 4 фев. да Буюк Британия Цейлонга доминион мақоми асосида мустақиллик беришга мажбур бўлди. Мамлакатда чет эл ҳарбий базалари тугатилди, иқтисодиётда давлат сектори кенгайди, қ. х. да ислоҳотлар ўтказилди; ташқи сиёсатда бетарафлик, ҳарбий блокларда қатнашмаслик йўли тутилди. 1972 йил 22 майда Цейлон Ш. Л. Республикаси деб эълон қилинди. 1978 йил 7 сентябрдан Ш. Л. Демократик Социалистик Республикаси деб атала бошлади. 1977 йилдан иқтисодиётда хусусий секторни мустаҳкамлаш ва унга хорижий сармояни жалб этиш сиёсати амалга оширилмоқда. 1980-й. лардан этник зиддиятлар кескинлашган. Шри Ланка — 1955 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 4 фев. — Мустақиллик куни (1948). ЎзР суверенитетини 1992 йил 12 фев. да тан олган ва 1999 йил 13 октябрда дипломатия муносабатларини ўрнатган.

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Бирлашган эркинлик иттифоқи, 1993 йил тузилган; Ш. Л. Коммунистик партияси, 1943 йил 3 июдда ташкил этилган; Ш. Л. халқ партияси, 1984 йил янв. да тузилган; Бирлашган миллий партия, 1946 йил асос солинган. Шри Ланка озодлик партияси, 1951 йил ташкил этилган; Ш. Л. социалистик партияси, 1935 йил дек. да тузилган; Ш. Л. мусулмонлар конгресси, 1980 йил ташкил этилган; Тамил озодлик бирлашган фронти, Тамил миллатчи партиялар блоки, 1972 йил асос солинган. Демократик ишчилар конгресси, 1956 йил ташкил этилган; Цейлон ишчилар конгресси, 1940 йил тузилган; Цейлон касаба уюшмаси федерацияси, 1941 йил асос солинган; Умумцейлон эркин касаба уюшмалари федерацияси.

Хўжалиги. Шри Ланка — плантация ҳўжалиги ривожланган аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. 18%, саноат 31%, хизмат кўрсатиш тармоғи 51% ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги. Иқтисодий фаол аҳолининг 70% дан кўпроғи қ. х. да банд. Ҳудудининг 1/3 қисми қ. х. да фойдаланилади. Иқтисодиётининг асоси — маҳсулоти экспорт қилинадиган ўсимликлар (чой, каучук, кокос пальмаси) ўстириш. Чой етиштириш бўйича Шри Ланка дунёда олдинги ўринларда туради. Ички эҳтиёж учун шоли, тариқ, маккажўхори, дуккакли ўсимликлар, батат, маниок, сабзавот, зираворлар, техника экинларидан толали ва мойли ўсимликлар, шунингдек, банан, ананас етиштирилади. Қорамоллардан, асосан, юк ташишда фойдаланилади. Денгиздан балиқ овланади ва марварид олинади.

Саноатида графит, қимматбаҳо тошлар, туз қазиб олинади. Йилига ўртача 4,4 млрд. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Чой ва каучукка ишлов бериш, копра ва кокос мойи ишлаб чиқариш саноатнинг асосий тармоқларидир. Енгил, озиқовқат саноати, металлсозлик корхоналари бор. Мамлакатда туризм катта даромад келтиради.

Транспортида автомобиль транспорти муҳим аҳамиятга эга. Автомобиль йўллари уз. 102,6 минг км, т. й. узунлиги 1,49 минг км. Ташқи савдо юклари, асосан, кемаларда ташилади. Асосий портлари: Коломбо, Тринкомали, Галле. 111. Л. четга чой, марварид, каучук, кокос пальмаси маҳсулотлари, қимматбаҳо тошлар, тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари чиқаради. Четдан нефть ва нефть маҳсулотлари, машина ва жиҳозлар, транспорт воситалари, маиший техника олади. Ташқи савдода АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия ва бошқалар давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — Ш. Л. рупияси.

Тиббий хизмати, маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Шри Ланкада врачлар унтларнинг 2 тиббиёт фтида тайёрланади. Мамлакатда 12 йиллик мактаб жорий қилинган. Бошланғич ва кичик ўрта мактабда таълим мажбурий. Ўқиш давлат мактабларида бепул ва у сингал ёки тамил тилларида, олий ўқув юртларида инглиз тилида ҳам олиб борилади. Коломбо, Жафна, Моратува ва бошқаларшаҳарларда унтлар бор. Шунингдек, Коломбода Технология коллежи, Юридик коллеж, Жафна ва бошқалар шаҳарларда коллежлар бор. И. т. ларни Шри Ланка миллий илмий кенгаши (1968 йил тузилган) мувофиклаштиради. И. т. лар илмий ва саноат тадқиқотлари институти (1955), қ. х. тадқиқотлари институти (1972), тиббиёт тадқиқотлари институти (1900), астрономия расадхонаси (1907), қ. х. марказий илмий текшириш институти (1965), чой институти (1925)даолиб борилади. Кутубхоналари: Ш. Л. миллий музейи кутубхонаси, Коломбодаги жамоат ва юридик кутубхоналар, унтлар ҳузуридаги кутубхоналар. Шри Ланка миллий музейи Коломбо, Канди, Ратнапура, Анурадҳапурадаги миллий музейларни бирлаштиради.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Шри Ланкада бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «Айленд» («Орол», инглиз ва сингал тилларидаги ҳафталик газ., 1981 йилдан), «Даваса» («Кун», сингал тилидаги кундалик газ., 1961 йилдан), «Дейли ньюс» («Ҳафта янгиликлари», инглиз тилидаги кундалик газ., 1918 йилдан), «Дейли обсервер» («Кундалик кузатувчи», инглиз тилидаги кундалик кечки газ., 1834 йилдан), «Динамина» («Кун янгиликлари», сингал тилидаги кундалик газ., 1909 йилдан), «Наваюгайя» («Янги аср», сингал тилидаги жур., 1956 йилдан), «Сан» («Қуёш», инглиз тилидаги кундалик газ., 1964 йилдан), «Силумина» («Тождаги қимматбаҳо тош», «Динамина» газ. нинг якшанбада чиқадиган безакли нашри, 1930 йилдан). Ланкапуват, миллий ахборот агентлиги, 1978 йил тузилган; Пресс Траст оф Цейлон, Шри Ланканинг миллий кооператив ахборот агентлиги, 1951 йил ташкил этилган. Шри Ланка радиоэшиттириш корпорацияси, давлат хизмати, 1967 йил асос солинган. Телекўрсатувлар 1979 йилдан бошланган.

Адабиёти, асосан, сингал, шунингдек, тамил ва инглиз тилларида ривожланмоқда. Сингал тилидаги дастлабки асар 6-асрда пайдо бўлди. Ўрта аср сингал адабиёти қадимий ҳинд адабиётидаги хроника ва достон жанрларини ўзлаштирди. 13-асрдан буддавийлик ғояларини тарғиб этувчи оддий тилда ёзилган наср муҳим ўрин эгаллади. Видьячакравартнинг Б«удданинг қароргоҳи», Маюрападетхеронинг «Хайрэҳсон тарихи» панднасиҳатлар тўплами сингал адабиётида биринчи марта деҳқонларнинг оғир ҳаётини тасвирлаган муҳим насрий асардир. Қишлоқ ҳаёти будда роҳиблари Дхармасена, Дхармакиртимахатхеро асарларида ҳам акс эттиридци. 15-асрда шеърият, асосан, достонмактуб етакчи ўринни эгаллади (Шри Рахула, Веттеветхеро, Видагама). 16-аср охири — 17-аср бошлари шеъриятининг ёрқин вакили Алагьяванна Мохотталадир. Португал, нидерланд, кейинчалик инглизлар мустамлакачилиги адабиёт тараққиётини секинлаштирди. 20-аср бошларида сингал тилида С. де Силва, П. Сирисенанинг биринчи романлари пайдо бўлди. В. А Силва тарихий ва сатирик роман, ҳикоялар ёзди. Реализмнинг қарор топиши, сингал адабий тилининг ривожи ёзувчи ва адабиётшунос М. Викрамасингхе (1891 — 1976) номи билан боғлиқ. У сингал насрида биринчи марта ишчилар синфи вакили образини яратди. X. Мунидас, Г. Б. Сенанаяке, К. Жаятилаки, Э. Саратчандра каби ёзувчилар ўз асарларида инсонпарварлик ғояларини олға сурдилар. М. Ратнаяке, Г. Лиянаге, А. В. Суравира, К. Карунаратна роман ва қиссаларида муҳим ижтимоий муаммолар кўтарилган. Шоирлар С. Махинда, С. Палансурия, Г. Х. Перера ва бошқалар, драматурглар А. Самаравира, Э. Саратчандра, В. А. Абесинхе ва бошқалар самарали ижод қилдилар. 1969 йил Шри Ланканинг илғор ёзувчилари «Халқ ёзувчилари фронти» ташкилотига бирлашдилар. Шри Ланканинг тамил тилидаги кўп асрлик адабиёти Ҳиндистон тамил адабиёти изидан ривожланиб келмоқда. 20-асрда шеърият, новелла ривожланди. Ёзувчи ва шоирлардан С. П. Амарасингам, Ж. Веджатунга, К. Даниел, Д. Жива ва бошқалар машҳур. Инглиз тилидаги адабиёт 19-асрда пайдо бўлди. Р. Л. Спиттел, Г. Вирасурия, Р. Проктор, А. Ранасингхе, Ж. Гунавердена 20-асрнинг машҳур ёзувчиларидир.

Меъморлиги. Шри Ланка санъатининг қадимий даври (мил. ав. 3-аср — мил. 8-аср) Ҳиндистон санъатига кўп жиҳатдан ўхшаш бўлиб, асосан, Анурадҳапурадаги буддавийлик билан боғлиқ бўлган ёдгорликларда мужассамланган. Ўрта аср (8—13-асрлар)да қурилишлар аксарият янги пойтахт — Полоннарувда олиб борилган. Шри Ланка мустақилликка эришгач, миллий меъморлик мактаби шаклланди; шаҳар ва қишлоқ мажмуалари пайдо бўлди. Меъморликда ўрта аср миллий белгилари ҳоз. европа қурилиш усуллари билан уйғунлашиб кетди (Коломбодаги Давлат миллий ассамблеяси биноси, 1948; «Силон Интерконтиненталь» меҳмонхонаси, 1970-й. лар боши; Коломбодаги Соломон Бандаранаике ҳайкали, 1976).

Тасвирий санъати. Шри Ланка санъатининг илк даври Ҳиндистон санъати, хусусан, буддавийлик билан боғланган (ибодатхоналар ҳайкаллар билан безатилган). Дунёвий тош ҳайкалтарошлигининг кўпгина намуналари, маъбудаларнинг металлдан ясалган ҳайкалчалари, қоятошларга ишланган машҳур Сигирия нақшлари сақланган. Мустамлакачилик даврида (16-асрдан) Шри Ланкада амалийбезак санъати ривожланди (металл, ёғоч, фил суяги, лок, тош ҳамда лойдан бадиий буюмлар ишланди). Шунингдек, заргарлик безаклари, бадиий газлама, кашта, ёғоч ниқоблар тайёрланди.

Шри Ланкада профессионал дастгоҳлик санъати инглиз санъати таъсирида 19-аср охирида вужудга келди. «Цейлон санъати жамияти» биринчи бадиий уюшма бўлган (1888 йилдан; рассомлар А. Амарасекера, Ж. Д. А. Перера. Т. Ражапакша, С. Г. Абейсингхе, Д. Пейнтер ва бошқалар). 20-аср бошлари озодлик ҳаракати таъсирида Европадаги янги оқимлар тажрибаларини миллий анъаналар билан уйғунлаштирган рассомлик мактаби шаклланди («43 гуруҳи», рассомлар Ж. Кейт, Г. Пиерис; «Миллий санъат жамияти»). Ш. Л. да бадиий ҳунармандчилик ривожланган (тўқувчилик, ёғоч ва суяк ўймакорлиги, локли буюмлар тайёрлаш, қимматбаҳо тошларни қайта ишлаш ва ҳ. к.).

Мусиқаси. Шри Ланка мусиқаси узоқ вақт Жанубий Ҳиндистон мусиқа маданияти таъсирида ривожланди. Сингалларда чолғу мусиқаси вокал мусиқадан устун бўлган. Мусиқа асбоблари: бера барабанлари (5 тури бор), пантеру (мис қўнғироқли ҳалқа), талампот деб номланган мис тарелкалар, хоранеуа (гобой тури), хагедия (турли шакл ва ўлчамдаги денгиз чиғаноқлари) ва бошқалар Рақс миллий байрам, диний расмрусум, театр спектаклларининг ажралмас қисми. Сингаллар қўшиғи қисқа куйлардан иборат. Шри Ланка мустақилликка эришгач, миллий маданиятни сақлаш масалалари билан Сингал маданияти институти шуғуллана бошлади. Композиторлар орасида П. Кемадаса, П. Дунстан де Силва, В. Д. Амарадева машҳур. Миллий рақс ансамбли (1973), рақсчилар оиласи авлодидан иборат рақс ансамбли (1970-й. лар), Ш. Л. симфоник оркестри ва бошқалар жамоалар бор. Коломбода Нафис санъат давлат коллежи (1953), Ҳукумат мусиқа коллежи, ун-т ҳузурида рақс мактаби фаолият кўрсатади.

Театри. Шри Ланка театр санъати халқўйинлари, маросимлари ва қадимдан шу оролда яшаган қабилаларнинг рақсларидан бошланган. Халқ театрларининг ҳар хил турлари мавжуд. Булар: колам (рақс ва пантомималарга асосланган ниқобли томоша театри), сокари (комедия томошаларини намойиш этувчи театр) ва бошқалар Замонавий театрнинг вужудга келиши Шри Ланка халқининг миллий озодлик кураши билан чамбарчас боғлиқ. 1920-й. ларда профессионал труппалар вужудга келди. Уларнинг репертуаридан миллий драматурглар К. Д. Бастиан, Д. де Силва асарлари ўрин олди. Шри Ланка мустақилликка эришгач, миллий анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш имконияти туғилди. Янги театр турлари, жумладан, анъанавий ва халқ рақс санъатини уйғунлаштирган балет театри пайдо бўлди. 1944 йил биринчи профессионал раққос ва балетмейстер Читрасена раҳбарлигида мактаб ва труппа (1955 йилдан Читрасена Цейлон балети) ташкил этилди. Мамлакатда ҳаваскор театр жамоалари ҳам мавжуд.

Киноси. 1948 йил «Сингалафильм» кинокомпанияси тузилди. Шри Ланка киносанъати ривожига Ҳиндистон киноси таъсири катта. Дастлаб тижорат фильмлар яратилди. Халқ ҳаётини ҳаққоний акс эттирувчи дастлабки фильмлар 1950-й. ларнинг охири — 1970-й. ларда яратилди («Тақдир чизиғи», «Мактуб», «Ўзгарган қишлоқ»; ҳаммасининг реж. Л. Д. Периес). 1972 йил Давлат кинокорпорацияси ташкил этилди. 70-й. ларда илғор реж. лар ўз фильмларида муҳим ижтимоий муаммоларни ёритдилар («Эзгу истак», «Ласанда», икковининг реж. К. Перера; «Нима бўлди?», реж. П. Гунаратне; «Етти денгиз», реж. С. Гунасинге). Шри Ланка киносида реж. ларД. Патхиража, М. Сандасагера, С. Периес ва бошқалар машҳур. 80-й. лардаги энг яхши фильмлар: «Қайиқлар соҳилга қайтганда» (реж. С. Арьяватна), «Икки оила» (реж. С. Периес).