ШУҲРАТ (тахаллуси; асл номи Алимов Ғулом Аминжонович) (1918.19.4 — Тошкент — 1993.20.6) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1986). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Транспорт техникуми (1932 — 33), Урта Осиё транспорт инженерлари тайёрлаш институти (1934—36) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1936—40)да ўқиган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—43). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳат бюросида котиб (1934—36), адабий маслаҳатчи (1955—58; 1960—70), Адабиёт жамғармасида директор (1958), ёшлар газетасида бўлим мудири (1945—48), «Шарқ юлдузи» жур. да бўлим мудири (1948—50), масъул котиб (196070). Шуҳрат 1951 йилда қатағон қилиниб, қамоқ лагерларида бўлган. 1955 йилда оқланган.
Дастлабки асари — «Меҳрол» (эртакдостон, 1940). Шуҳрат урушдан қайтгач, бадиий ижод билан самарали шуғулланган ва кўплаб шеърий («Бизнинг кўча», 1947; «Ҳаёт нафаси», 1948; «Қардошлар», 1950; «Балладалар», 1958; «Сенинг севгинг», 1961; «Ишқингда ёниб», 1964; «Буюк муҳаббат», 1966; «Лирика», 1973; «Шайдо кўнгил», 1976; «Ҳали тун узоқ», 1984 ва бошқалар) ва насрий («Оила», 1946; «Рустам», 1947; «Балоғат», 1958; «Бир кеча фожиаси», 1976 ва бошқалар) тўпламларини эълон қилган. 60—70-й. ларда яна достон жанрига қайтиб, «Мардлик афсонаси» (1959), «Гулдурсин» (1960), «Сўлмас чечаклар», «Жамила» (1962), «Қувғинди» (1963) сингари достонлар ёзган. Асарлари нафис лиризми, лирик қаҳрамон руҳий оламининг ёрқин ифодаланганлиги, ҳистуйғуларнинг самимийлиги билан ажралиб туради. Шуҳратнинг сўнгги йилларда ёзган шеърларида фалсафий ўйлар тасвири устуворлик қилади; лирик қаҳрамони энди ўзининг ҳистуйғулари билан эмас, балки бир кам дунёнинг сиру синоатларини англай бошлаган киши сифатида, ҳаёт ва абадият, табиат ва жамият, ўтмиш, ҳоз. давр ва келажак ҳақида мушоҳада юритувчи инсон сифатида намоён бўлади.
Шуҳратнинг 2-жаҳон урушида иштирок этиб, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, мағлубият ва ғалабани ўз кўзи билан кўриши унинг йирик насрга ўтиб, «Шинелли йиллар» (1958) романини ёзишига туртки берган. Шуҳрат «Олтин зангламас» (1965) романида мустабид совет тузуми даврида инсон ҳақҳуқуқларининг топталишини ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни умумлаштирган ҳолда тасвирлаган, эътиқод, ватанпарварлик, виждон амрини ҳар бир кишининг жамиятдаги мавқеи ва инсоний қадрқимматини белгиловчи муҳим маънавий қадриятлар сифатида талқин этган. Шуҳратнинг «Жаннат қидирганлар» (1968) романи «Олтин зангламас»нинг мантиқий давомидир. Шуҳрат бу асарида ҳақиқат (жаннат) ахтариб яшовчи кишиларнинг икки хил кўринишини тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ёзувчи умрининг сўнгги кунларида исёнкор шоир Машраб ҳақидаги тарихий роман устида ишлаган, бироқ асар тугалланмай қолган.
Шуҳрат — «Беш кунлик куёв» (1970), «Қўша қаринглар» (1971), «Она қизим» (1973) ва бошқалар драмаларнинг муаллифи.
Г. Гейне, А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, А. Мицкевич, Т. Шевченко, М. Воқиф асарларини, шунингдек, япон ва вьетнам, озарбайжон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).
Ас: Танланган асарлар, 3 ж. ли, Т., 1969 — 73; Сенинг севгинг, Т., 2003.
Ад.: Норматов У., Шуҳрат, Т., 1969; Адиб ҳаётига бир назар [Хотиралар], Т., 1998.