ШУҲРАТПАРАСТЛИК

ШУҲРАТПАРАСТЛИК – шоншуҳрат кетидан қувишда намоён бўладиган ахлоқий иллат. Шуҳратпараст инсон доимо атрофдагилар ва жамият диққат марказида туришга, сохта обрў қозонишга, машҳурликка интилади. Ўзини бошқалардан баланд тутишга ҳаракат қилади. Бу ҳол оқибатда уни жамиятнинг ахлоқий талаблари билан, индивид сифатидаги ўз биологик ва маънавийинтеллектуал имкониятлари билан мутлақо ҳисоблашмайдиган ижтимоий нафс бандасига айлантириб қўяди. Натижада у мавжуд воқеликни, атрофдагиларнинг ўзига бўлган асл муносабатини ҳақиқий баҳолай олмайди, ҳаётдаги ўз инсоний вазифасини бажармай қўяди. Манман, мақтанчоқ кишига айланади. Фақат ном чиқаришни ўйлайди. Шуҳратпарастлик «касали»га мубтало бўлган инсон тимсоли сифатида Герострат тилга олинади. У мил. ав. 356 йилда тарихда номи қолиши ва абадий шуҳрат қозониш учун оламнинг 7 мўъжизасидан бири — Эфес шаҳридаги Артемида ибодатхонасига ўт қўйган. Ҳоз. гача унинг номи таажжуб, ҳайрат ва айни пайтда нафрат ва лаънат билан тилга олинади.