ШУЛЛУКТЕПА

ШУЛЛУКТЕПАҚарши воҳасидаги ўрта асрларга оид йирик қўҳна шаҳар харобаси. Ҳоз. Қарши шаҳридан 8 км шим. ғарбда, Қашқадарёнинг чап қирғоқларига яқин ерда жойлашган. Кўпчилик тадқиқотчилар томонидан қадимий Насаф шаҳри харобаси эканлиги эътироф этилади.

Шуллуктепа 1883 йил рус археологлари В. В. Крестовский, 1895 ва 1910 йилларда Б. И. Литвинов, 1910 йилда Д. И. Логофет томонидан текширилиб, умумий маълумотлар тўпланган. Бу тадқиқотчилар араб географлари асарларида қайд этилган Насаф шаҳри айнан шу ерда жойлашганлиги ҳақидаги фикрни илгари сурганлар. 1916 йилда шарқшунос Л. А. Зимин биринчи бўлиб Шуллуктепада археологик тадқиқотлар ўтказган. Кейинчалик бу ёдгорликда С. К. Кабанов, М. Е. Массон, Б. Д. Кочнев, В. А. Пирин, М. Х. Исомиддинов каби археолог олимлар тадқиқот ишлари ўтказганлар. Ушбу тадқиқотлар натижаларининг кўрсатишича, Шуллуктепа ўрнида мил. 3—4-асрларда дастлаб унча катта бўлмаган истеҳком бунёд этилиб, 5—6-асрларда қалъа (150×80) ва уни ўраб турган шаҳристон шаклланган. 6—8-асрларда эса шаҳристон қалинлиги 15 м бўлган девор билан ўраб олинган. Араблар истилоси ва унга қарши кўтарилган қўзғолонлар оқибатида Нахшаб шаҳри (Заҳҳоки Морон) аста-секин вайронага айлангач, 9-асрдан бошлаб қуйи Қашқадарёдаги шаҳарсозлик маркази Шуллуктепа ўрнида ривожланади. 200 га майдонни эгаллаган бу янги шаҳар араб манбаларида Насаф деб атала бошланган. 10—12-асрларга оид араб географлари (Ибн Хурдодбеҳ, Истахрий, Ибн Ҳавқал, Муқаддасий, Самъоний) асарларида ушбу кўҳна шаҳар қалъадан ташқари шаҳристон ва рабодга эга эканлиги, шаҳар ўртасидан дарё оқиб ўтиши, шаҳарнинг 4 дарвозаси борлиги қайд этилади, айрим бош кўчаларнинг номлари тилга олинади.

Шуллуктепада олиб борилган тадқиқотлар шаҳар Мовароуннаҳрнинг ички ва ташқи иқтисодий савдо алоқаларида фаол иштирок этганлигини кўрсатади. Шуллуктепа (Насаф) орқали илк ва ривожланган ўрта асрларда Эрон ва Хуросоннинг савдо шаҳарларини Самарқанд, Чоч воҳаси ва Фарғона водийси билан, Бухорони Термиз, Балх ва Ҳиндистоннинг савдо марказлари билан боғловчи транзит савдо йўллари ўтиши бу шаҳар ривожига катта таъсир кўрсатганлигини қайд этиш мумкин.

Мўғуллар босқинидан сўнг шаҳар харобага айланади ва унинг харобалари кейинчалик Шуллуктепа номи билан атала бошланади.

Ад.: Массон М. Е., Столичнме города в области низовьев Кашкадарьи с древнейших времен, Т., 1973; Сул ейманов Р. Х.,Древний Нахшаб, Т., 2000.

Ўктам Мавлонов.

Loading...