
ШУМАН Роберт Александер
ШУМАН Роберт Александер (1810.8.6, Цвиккау — 1856.29.7, Эндених, Бонн яқинида) — немис композитори, 19-аср мусиқий романтизмнинг намояндаларидан. Ф. Вик (фортепиано) ва Г. Дорн (композиция)дан таълим олган. Шуман ижоди учун дастурлилик ва инсон туйғуларини чуқур психологик очиб бериш хос. Шуман ўз асарларида ҳаёт оқимини буткул акс эттиришга интилган, ҳар бир ҳодиса ва таассуротни ўзига хослигини ифода этиб, қарама-қарши кайфият ва образлардан иборат бўлган, кенг қамровли бадиий дунёсини яратган. Фортепиано асарларидан — «Симфоник этюдлар», «Карнавал», «Фантастик пьесалар» каби туркумлари, шунингдек, «Фантазия», 3 соната, концерт ва бошқалар ажралиб туради. Вокал лирика тарихида Шуманнинг Г. Гейне («Шоир севгиси»), А. Шамиссо («Аёл ҳаёти ва севгиси»), йилЭйхендорф («Қўшиқлар давраси») шеърларига ёзган қўшиқ (романс) туркумлари муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Шуман «Геновева» (1848) операси, Ж. Байроннинг «Манфред» поэмасига мусиқа, 4 симфония, камер ҳамда хор асарлари ва бошқалар муаллифи. Ш. Лейпцигда «Янги мусиқа журнали»ни ташкил этиб (1834), илғор ғояларни олдинга сурган. Шуман Шарқ мавзуларида камерчолғу («Арабча», «Шарқ маназаралари»), камервокал («Шарқ гулларидан», «МағрибМашриқ девонидан») ва йирик («Жаннат ва Пери» ораторияси, 1843) асарларини яратган.