ШУМЕР ТИЛИ

ШУМЕР ТИЛИ — шумерларнинг тили; мил. ав. 2-минг йиллик бошларида ўлик тилга айланган. Шумер тилининг бошқа қадимий тиллар билан қариндошлиги аниқланмаган. Ушбу тил мил. ав. 29 — 28-асрлардан 3—1-асрларгача бўлган миххат ёзувларидан маълум. Шумер тили ёдгорликлари қадимий шумер (мил. ав. 25-асргача), «классик» шумер (мил. ав. 24—22-асрлар), янги шумер (мил. ав. 21-аср), сўнгги шумер (мил. ав. 2-минг йиллик боши; асосан, адабий, илмий, қисман хўжалик мазмунидаги матнлар) ва шумердан кейинги давр ёдгорликларига бўлинади. Сўнгги ёдгорликлар Шумер тили Месопотамияда аккад тили билан бирга фақат иккинчи адабий тил бўлиб қолган даврда яратилган.

Шумер тилини ўрганган кўпчилик тилшунослар уни олтой тиллари (туркий, мўғул, тунгусманжур, корейс тиллари) билан таққослаганлар ва Шумер тили ҳамда олтой тиллари (асосан, туркий тиллар гуруҳи) орасида бир қатор ўхшашликлар борлигини аниқлаганлар. Шумер тили ва туркий тиллар орасида ўзаро қариндошлик мавжудлиги ҳақидаги фикрни биринчи марта немис олими Ф. Хаммел (1928) ўртага ташлаган ва 350 га яқин ўхшаш сўзлар топган. Бундай ўхшашликлар фақат лексика соҳасида эмас, балки сўз ясалишида ва келишик қўшимчалари тизимида ҳам кўзга ташланади. Бу масалани ўрганиш давом этмоқда.

Loading...