ШУМТОЛ

ШУМТОЛ — зайтундошларга мансуб дарахтлар туркуми. Табиий ҳодда учрайдиган 65 тури маълум. Ўрта Осиё тоғлари ён бағирларида ва тоғ дарёлари водийларида сурия Ш. и, дарё бўйи Шумтоли ва суғд Ш. и ўсади. Ўрта Осиёнинг шаҳар ва қишлоқларида пенсильвания Ш. и (қора шумтол), оддий Шумтол, америка Ш. и (оқ шумтол), безакли Шумтол ва наштарбарг Шумтол турлари манзарали дарахт сифатида экилади. Шумтол ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик. Кўкламги қорасовуқлардан кўпроқ зарарланади. Дарахтлари 150 — 350 йил яшайди, 15— 20 ёшида гуллайди. Илдизи бақувват, ён томонга кенг тарқалган. Дарахтининг бал. 30—50 м, тана айланаси 1,5 м, шохшаббалари узунтухумсимон. Барги патсимон мураккаб, кузда тўкилади. Гуллари четдан чангланади. Меваси узун, қанотли писта ёки ёнғоқча, қиш давомида дарахтда сақланади. Шумтол уруғидан ва тўнка бачкисидан кўпаяди. Уруғлари кузқишда терилади, баҳорда сепилади. Кўчатларини бир ёшда кўчириб экиш мумкин. Ҳимоя ўрмонлари барпо этишда, парк ва хиёбонларни кўкаламзорлаштиришда фойдаланилади. Ёгочи ёғочни қайта ишлаш саноатида ишлатилади.

Prev Article

ШУМЕР

Next Article

ШУМҒИЯ