ШУВОҚ — мураккабгулдошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. Кўп йиллик, камданкам бир йиллик. 400 (баъзи маълумотларга қараганда 250) тури маълум. Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Закавказьенинг чўл ва ярим чўл, даштларида кўп учрайди. Узбекистонда, асосан, бир йиллик Шувоқ ёки бурган, кўп йиллик оддий Шувоқ ёки ола эрмон, аччиқ Шувоқ ёки эрмон, сиверс шувоғи ёки сассиқ алаф, суғд шувоғи, оқ Шувоқ ва бошқалар турлари учрайди.
Бир йиллик Шувоқ (бурган) пояси тик, юқори қисми сершох, бўйи 30—100 см, илдизи йўғон, ёғочсимон. Барглари кетмакет жойлашган, бандли, патсимон қирқилган. Поя ва барглари тукли, кумуш рангда.
Гуллари майда, сариқ ёки қизғишпушти, рўваксимон тўпгули саватчага тўпланган. Меваси майда писта. Июль—авг. да гуллаб, мевалайди. Бир тупи 100 мингдан ортиқ уруғ беради. Уруғи ва илдизпоясидан кўпаяди. Оддий Шувоқ (ола эрмон) пояси тик, сершох, юқори қисми тукли, бўйи 50—200 см, барглари патсимон қирқилган, юқори барглари бандсиз, пастдагилари бандли. Гуллари рўваксимон, тўпгули саватчага тўпланган. Меваси писта. Суғориладиган деҳқончилик минтақаларида бегона ўт сифатида учраиди, шунингдек, ариқ ва йўл чеккаларида, боғ, токзорларда ўсади.
Кураш чоралари: механик усулда йўқотилади.