ШВЕЦИЯ

ШВЕЦИЯ (Sverige), Швеция Қироллиги (Konungariket Sverige) — Шим. Европада, Скандинавия я. о. нинг шарқий қисмидаги давлат. Майд. 450 минг км2. Аҳолиси 8,94 млн. киши (2002). Пойтахти — Стокгольм шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 24 лен (губерня)га бўлйнади. Стокгольм ленга тенглаштирилган мустақил маъмурий бирлик сифатида ажратилган.

Давлат тузуми. Швеция — конституцияли монархия. Амалдаги конституцияси 1975 йил 1 янв. дан кучга кирган. Давлат бошлиғи қирол (1973 йилдан Карл XVI Густав). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни риксдаг (1 палатали парламент), ижрочи ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Ш. Европанинг Атлантика бўйи қисмида, мўътадил минтақа шим. да жойлашган. Швеция ғарбий қисми тоғли (Скандинавия тоғлари, энг баланд жойи 2123 м, Кебнекайсе тоғи). Швеция шим. да Норланд ясситоғлиги (бал. 200—800 м), жан. да Смоланд қири бор. Қолган қисми пасттекислик ва кўллардан иборат. Фойдали қазилмалардан темир, мис, қўрғошин, рух, уран рудалари, олтин, кумуш, марганец, вольфрам конлари ҳамда минерал булоқлар бор. Иқлими мўътадил, Гольфстрим илиқ оқимининг таъсири катта. Шим. да иқлим совуқ. Янв. нинг ўртача т-раси жан. да 0—5°, шим. да —6° дан —14° гача, июлники худди шу жойларда 15—17° ва 10—11°. Йиллик ёғин тоғларда 1500—2000 мм, текисликларда 700—800 мм. Дарёлари қисқа ва серостона. Швеция ҳудудининг 9% қўллар билан банд. Йирик кўллари: Венерн, Веттерн, Ельмарен, Меларен. Ҳудудининг 57% ўрмон, асосан, игна баргли дарахтлар, аралаш ўрмонлар, шим. да тундра ўсимлиги ўсади. Тупроқлари подзол, чимли подзол, қўнғир ўрмон, тоғ подзол, тоғ тундра ва ботқоқ тупроқлар. Швецияда ўрмон ҳайвонлари ва сув паррандалари кўпроқ учрайди. Абиску, Муддус, СарскШёффаллет миллий боғлари ва кўрихоналар бор.

Аҳолисининг 91% шведлар. Шунингдек, саамлар, финлар, норвеглар, данлар ҳам яшайди. Расмий тилшвед тили. Диндорлари — христианлар (асосан, лютерчилар). Шаҳар аҳолиси 83,1%. Йирик шаҳарлари: Стокгольм, Гётеборг, Мальмё.

Тарихи. Мил. ав. 8—9минг йилликдан бошлаб Швеция ҳудудида одам яшаб келади. Мил. нинг 1-аср ўрталарида герман қабилалари (све, гёт ва бошқалар) келиб жойлашган: улар ҳоз. шведларнинг этник асосини ташкил қилган. 6—7-асрларда швед қабилаларининг бирлашиш жараёни бошланди. 8 —11-асрларда шведлар викинглар юришларида қатнашдилар. 11аср бошларида христианлик тарқалди. 11-асрда бирлашган швед қироллиги ташкил топди. 12 — 14-асрларда Ш. Финляндияни босиб олди (1809 йилгача Швеция таркибида бўлган). 1397 йилда Швециянинг Дания ва Норвегия билан бирлашиши натижасида Ш. Данияга тобе бўлиб қолди. 15-аср — 16-аср бошларида Дания ҳукмронлигига қарши миллий озодлик ҳаракати авж олди. 1521—23 йилларда дворян Густав Эриксон раҳбарлигида кўтарилган ғалаён Дания ҳукмронлигига барҳам берди. Г. Эриксон 1523 йил Густав I номи билан Швеция қироли этиб сайланди ва Ваза сулоласига асос солди. 16-асрнинг 30-й. ларида реформация ҳаракати авж олди ва лютерчилик жорий этилди. 16—19-асрларда Швеция, айниқса, Густав II Адольф даврида Болтиқ денгизида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш учун уруш олиб борди (1558—83 йиллардаги Ливон уруши, 1618—48 йиллардаги Ўттиз йиллик уруш, 17-аср бошида Рус давлатига қарши уруш, 17-аср 2-ярмида Польша, Дания, Россия билан бўлган урушлар). 1700—21й. лардаги Россия билан бўлган Шимолий урушт Карл XII бошчилигидаги швед армияси тормор келтирилди; Ш. ўз ҳудудининг бир қисмидан маҳрум бўлди. 19-аср бошларида Швеция антифранцуз коалицияси таркибида Наполеон I га қарши урушларда иштирок этди. 1809 йил Швецияда демократик ислоҳотлар ўтказилди, конституция қабул қилинди (айрим ўзгаришлар билан 1975 йилгача амалда бўлди). 1814 йил Дания билан тузилган Киль шартномасига мувофиқ, Норвегия Швеция таркибига ўтди (1905 йил Швециядан ажралиб чиқди). 1-жаҳон уруши (1914—18) даврида бетараф Швеция амалда Германияга ён босди. 2-жаҳон уруши (1939—45) даврида қатъий бетарафлик эълон қилди. 2-жаҳон урушидан кейин ташқи сиёсатда ҳарбийсиёсий блокларда иштирок этмаслик йўлини тутди. 193276, 198291 йилларда ва 1994 йилдан ҳокимиятни Социал-демократик ишчи партияси эгаллаб келмоқда. Швеция 1946 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 йил 16 янв. да тан олган ва 1992 йил 8 апр. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрамлари: 30 апр. — Қирол туғилган кун (1946), 6 июньШвеция байроғи куни (1523, 1809).

Асосий сиёсий партиялари ва касаба уюшма бирлашмалари. Сўл партия, 1917 йил тузилган; Халқ партиясилибераллар, 1895 йил ташкил этилган; Атрофмуҳитни муҳофаза қилиш партияси («Кўкатпарварлар») ёки «Мильепартиет», 1981 йил асос солинган; Марказ партияси, 1910 йил тузилган; Ш. социалдемократик ишчи партияси, 1889 йил ташкил этилган; Мўътадил коалицион партия, 1904 йил асос солинган; Христиандемократик партия, 1964 йил тузилган. Швеция касаба уюшмалари марказий бирлашмаси, 1898 йил тузилган, 20 тармоқ касаба уюшмаларини бирлаштиради.

Хўжалиги. Швеция интенсив қ. х. га эга юксак даражада ривожланган индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 30,5%, қишлоқ ва ўрмон хўжалигиники 2,2%, хизмат кўрсатиш тармоғиники 67,3% ни ташкил этади.

Саноатида қора ва рангли металлургия, машинасозлик (кемасозлик, автомобилсозлик, авиасозлик, электротехника ва радиоэлектроника), ёғочсозлик ва целлюлоза қозоз саноати етакчи тармоқлардир. Кимё, тўқимачилик, озиқовқат (сут ва гўшт ишлаб чиқариш) ривожланган. Темир рудаси ва рангли металлар қазиб олинади. Энергетикаси гидроэнергия ресурслари ва четдан келтириладиган ёнилғига асосланган. Йилига ўртача 142,9 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади, унинг 1/2 қисми ГЭС ларга, 1/2 қисми АЭСларга тўғри келади. Асосий саноат марказлари: Стокгольм, Гётеборг, Мальмё, Вестерос, Линчёпинг.

Қишлоқ хўжалиги сермаҳсул бўлиб, озиқовқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг 80% ни таъминлайди. Чорвачилик етакчи тармоқ ҳисобланади ва у гўштсут етиштиришга ихтисослашган; қорамол, чўчқа, шим. буғуси боқилади. Деҳқончиликда емхашак экинлари, ғалла (арпа, сули, буғдой), қанд лавлаги, картошка экилади. Болтиқ ва Шим. денгизлардан балиқ овланади. Ўрмонда ёғоч тайёрланади.

Транспортида т. й. узунлиги 10,9 минг км, автомобиль йўллари уз. 136,2 минг км. Денгиз савдо флотининг тоннажи 2,74 млн. рег. брутто т. Йирик портлари: Гётеборг. Стокгольм, Лулео, Мальмё. Дания, Финляндия, Германия билан темир йўл, паромлар орқали боғланган. Швеция четга қоғоз, картон, целлюлоза, ёғоч, машина ва жиҳозлар, темир рудаси, кимёвий маҳсулотлар чиқаради; четдан саноат маҳсулотлари, хом ашё, озиқовқат моллари олади. Ташқи савдода Германия, Буюк Британия, АҚШ, Норвегия билан ҳамкорлик қилади. Хорижий сайёҳлик ривожланган (йилига 6 млн. киши келиб кетади). Пул бирлиги — швед кронаси. Тиббий хизмати. Врачлар 6 унтнинг тиббиёт фтларида тайёрланади. Швецияда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бепул. Стрёмстад балчиқли, Раннебю бальнеолбгикбалчиқли, Марстранд денгиз бўйи иқлимий ва бошқалар курортлар бор.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Мамлакатда 7 ёшдан 9 йиллик мажбурий таълим жорий этилган бўлиб, у 3 босқич (3+3+3) дан иборат. 9 йиллик мактабни тугатганлар ўқишни гимназияда давом эттиради. Швецияда ЗОдан ортиқ олий ўқув юрти бор. Йириклари: Упсала университети, Стокгольм университети, Гётеборг унти (1891), Стокгольмдаги Қироллик олий техника мактаби (1827), Гётеборгдаги Политехника унти (1829). Швеция даги машҳур илмий муассасалар: Швеция қироллик фанлар академияси, Муҳандислик академияси (1919), Упсаладаги қироллик гуманитар фанлар жамияти (1889), Упсаладаги қироллик табиий фанлар жамияти (1710), Гётеборгдаги қироллик санъат ва фан жамияти (1778), Стокгольмдаги тиббиётжарроҳлик инти, Стокгольмдаги Швеция академияси (1786). Йирик кутубхоналари: Стокгольмдаги қироллик кутубхонаси, Упсала, Гётеборг унтларининг кутубхоналари, Стокгольм ва Гётеборг шаҳри кутубхоналари. Музейлари: Миллий музей, ҳоз. замон санъат музейи, энт. музейи, Стокгольм шаҳри музейи, Тарих музейи, Шим. музей, Миллий денгиз музейи, Кронан қалъасидаги ҳарбий музей, археология музейи ва бошқалар Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Швецияда бир қанча газ. ва жур. нашр этилади. Йириклари: «Арбетет» («Меҳнат», кундалик газ., 1887 йилдан), «Афтонбладет» («Кечки газета», кундалик кечки газ., 1830 йилдан), «Ви» («Биз», ҳафталик ижтимоийсиёсий безакли жур., 1913 йилдан), «Гётебергспостен» («Гётеборг почтаси», кундалик газ., 1858 йилдан), «Дагенс нюхетер» («Кун янгиликлари», кундалик газ., 1864 йилдан), «Квелльспостен» («Кечки почта», кундалик кечки газ., 1948 йилдан), «Металларбетарен» («Металлург», ҳафталик жур., 1888 йилдан), «Свенска дагбладет» («Швеция ҳафталик газетаси», кундалик газ., 1884 йилдан), «Сюдсвенска дагбладет снеллпостен» («Жанубий Швеция ҳафталик газетаси», кундалик газ., 1848 йилдан), «Экспрессен» («Экспресс», кундалик кечки газ., 1944 йилдан). Швеция телеграф бюроси 1921 йил тузилган; Ш. даги газ. ларнинг акциядорлик жамияти. Швеция радиоси ҳамда Швеция телевидениеси акциядорлик жамиятлари сифатида 1993 йил ташкил этилган. Швецияда радиоэшиттиришлар 1924 йилдан, телекўрсатувлар 1956 йилдан олиб борилади.

Адабиёти. Швед бадиий адабиётининг дастлабки ёдгорликлари 9-асрга оид бўлиб, у шеър ёки ритмик наср шаклидаги руник ёзувлардцр. Ўрта асрларда адабий анъаналар халқ оғзаки ижодида ўз аксини топди. Христианликнинг тарқалиши даврида лотин тилида диний адабиёт яратилди. 14—15-асрларда баллада, қўшиқ, тарихий хроникалар, 17-асрдан драматургия ривож топа бошлади. Бу жанрларда тарихчи ва драматург Ю. Мессениус асарлар яратди. Биринчи йирик лирик шоир Л. Вивалиус бўлди. Уйғониш даври ғоялари энциклопедист олим ва шоир Г. Шернъелм ижодида, Ю. Руниус шеъриятида ўз аксини топди. Г. Дальперна шеъриятда барокко услубининг асосчисидир. 18аср адабиёти маърифатчилик ғоялари таъсирида ривожланди; унинг ёрқин вакили шоир, публицист ва тарихчи У. Далиндир. 19-аср бошларида романтизм адабиётдаги етакчи оқимга айланди. Бу оқимнинг таниқли вакили шоир, тарихчи ва файласуф Э. Г. Гейер бўлди. Э. Тегнер ўз ижодида маърифатчи ва романтиклар тажрибасидан фойдаланиб, «Фритьоф ҳақида достон»ни яратди; бу асар кейинчалик миллийэпосга айланди. 19-асрнинг 30-й. ларида К. Ю. Л. Альмквистнинг реалистик қиссалари юзага келди. 70-й. ларда Ю. А. Стриндберг танқидий реализм асосларини яратди. 20-аср бошларида танқидий реализм Я. Сёдерберг, Я. Бергман, П. С. Сивертс ижодида ёрқин намоён бўлди. Д. Андерсон, М. Кох. Ю. Чельгрен, И. ЛуЮхансон, М. Мартинсон пролетар адабиёти вакили сифатида майдонга чиқдилар. П. Ф. Лагерквист ўз асарларида мураккаб ахлоқий ва фалсафий муаммоларга тўхталиб ўтди. Шеъриятла А. Эстерлинг, Н. Ферлин реалистик йўналишда ижод қилдилар. 30-й. лар ва 2-жаҳон уруши йиллари Швецияда антифашистик адабиёт шаклланди (Э. Юнсон, В. Муберг, М. Мартинсон асарлари). 50—70-й. ларда реалистик наср анъаналарини П. А. Фогельстрём, С. Лидман, П. Родстрём, Л. Густафсон ва бошқалар давом эттирди. Ҳужжатли наср ривожланди (А. Лундквист, С. Лидман, Е. Пальма ва бошқаларнинг айрим асарлари). А. Линдгреннинг болалар учун китоблари жаҳонда шуҳрат қозонган. Адиблардан Б. Сеттерланд, Л. Форшел, Б. Хокансон, Ё. Сунневи, С. Окессон, Ё. Пальма машҳур.

Меъморлиги. 11 —12-асрларда роман услубида черковлар, 13—15-асрларда готика услубида ибодатхоналар қурилди. 16-асрда Уйғониш даври меъморлиги услубида қасрлар бунёд этилди. 17-асрда барокко ва классицизм услубида шаҳар саройлари, шаҳардан ташқарида боғли қароргоҳлар қурилди (Рицарлар уйи, 1641—71, меъморлар С. де ла Валле, Ж. де ла Валле ва бошқалар; биржа, 1767—76, меъморлар К. Ю. Крунстедт ва бошқалар; иккаласи ҳам Стокгольмда). 19-аср меъморлигидаги классицизм эклектикага ўрин бўшатди. 20-аср бошларида миллий романтизм белгилари пайдо бўлди (меъморлар Ф. Буберг, К. Бергстен). Неоклассицизм (Стокгольмдаги шаҳар кутубхонаси, 1924—27, меъмор Е. Г. Асплунд), неоромантизм (Стокгольмдаги ратуша, 1911—23, меъмор Р. Эстберг) йўналишлари, функционализм ва органик меъморлик ғоялари уйғунлашган замонавий меъморлик мактаби (Стокгольмдаги Веллингбю турар жойлари, 1951—55, меъморлар С. Маркелиус ва бошқалар; Эксильстундаги Фреслунд турар жой мажмуи ва савдо маркази, 20-аср ўрталари, меъморлар Я. Гейер, С. Юнгквист) шаклланди. Кейинги йилларда яратилган йирик иншоотлар: «ВеннерГрен» илмий маркази биноси (1959—61, меъморлар С. Линдстрём, А. Бюден), телеминора (1964—67, меъморлар X. Боргстрём, Б. Линдрос; иккаласи ҳам Стокгольмда), Гётеборг шаҳридаги савдо маркази (1967, меъморлар Х. Клемминг, Э. Телаус), Стокгольмдаги маданият уйи (1974, меъмор П. Гелсинг).

Тасвирий санъати. Бохуслендда жез даврида ишланган қоятош расмлари сақланган (ов, жанг лавҳалари). Темир даврида (мил. ав. 6-аср — мил. бошлари) тош стелалар тайёрланган, металл ва ёғочга ўйиб нақш, тасвирлар ишланган. Ўрта асрларда безак рассомлиги, ҳайкалтарошлик, миниатюра ривож топди. 18-асрда ҳайкалтарошлик (Ю. Т. Сергель), рассомлик Н(. Лафренсен, П. Хиллестрём), портрет санъати (А. Рослин, К. Г. Пило, Г. Лундберг) юксак даражага кўтарилди. 19-аср нинг 1-ярмида тасвирий санъатда романтизм тарқалди. 19-асрнинг 2-ярми — 20аср бошларида А. Цорн, Э. Юсефсон портрет ва маиший картиналарда реализмни ривожлантирдилар. 20-аср ҳайкалтарошлигида К. Миллес, Б. Юрт, Б. Марклунднинг монументалбезак асарлари, рассомликда С. Деркерт, Э. Юлли, А. Амелин асарлари ажралиб туради. Рассомлар И. Грюневальд, В. Нильсон, С. Хальстрём картиналари маиший мавзуга бағишланган. Ф. фан Шанц, К. Ду, Л. Линдебергнинг график асарларида санъаткорларнинг юксак маҳорати яққол кўзга ташланади. 20-аср Ш тасвирий санъатида сюрреализмдан попарт ва гиперреализмгача бўлган турли модернистик оқимлар кенг тарқалди. Халқ санъати анъаналарга бой. Кулоллик, металл ва чармга бадиий ишлов бериш, суяк ва ёғоч ўймакорлиги ривожланган.

Мусиқаси. Скандинавия мусиқа маданияти оқимида ривожланди. Халқ чолғулари — лур (чўпон бурғуси), қўнғироқча, кейинчалик скрипка, кларнет, флейта, арфа, аккордеон. 11-асрдан профессионал черков мусиқаси ривожланди. Дунёвий мусиқа маданиятини тарқатувчилар — скальдлар (13-асргача) ва саёқ мусиқачилар (16-асргача) бўлган. 14—15-асрларда баллада қўшиқлар пайдо бўлди. 16-асрда протестант хорали тарқалди. 1526 йил Стокгольмда сарой капелласи тузилди [дастлаб Дюбен оиласи бошчилигидаги немис мусиқачилари, 18-асрдан Ю. Х. Румен (биринчи профессионал композиторлардан бири) ва Ф. Уттини (биринчи швед операси муаллифи, 1773, опера труппаси асосчиси, 1773, унинг негизида қироллик операси тузилган)]. 1771 йил Стокгольмда қироллик мусиқа академияси ташкил этилган (19-аср охиридан консерватория, 1940 йилдан Олий мусиқа мактаби, 1971 йилдан Давлат олий мусиқа мактаби). 18аср охири — 19-аср композиторлари ўртасида Ю. Г. Науман, Ф. А. Бервальд, К. Стенборг машҳур бўлган. 19-аср бошлари романтизм таъсирида миллий мусиқа фольклорига қизиқиш ортди. 19-аср 2-ярмида композиторлар халқ куйларидан фойдаландилар. Швед вокал мактаби жаҳонда шуҳрат қозонди (Е. Линд, К. Нильсон, Э. Гульбрансон ва бошқалар). 20-аср 1-ярмида миллий композиторлик мактаби асосчиси В. ПетерсонБергер ижод қилди (мусиқали драмалар, 5 симфония, чолғу асбоблари асарлари муаллифи). 20-асрнинг ўрталарида композиторлардан К. М. Аттерберг, йил Нюстрём (чолғу асарлари), Х. Русенберг ва бошқалар самарали ижод қилдилар. 1950—70-й. лар композиторлари ижодига авангардизм оқими таъсир қўрсатди. Ижрочилар ўртасида дирижёрлар С. Эрлинг, С. Вестерберг, X. Блумстедт; хонандалар Н. Гедда, Р. Сёдерлёф, Б. Нильсон, Л. Андерсон; балет артистлари И. Броссе, М. Ланг машҳур. Швецияда 10 симфоник оркестр, хорлар, Стокгольм, Гётеборг, Мальмёда опера театрлари ишлайди.

Театри. Швед профессионал театри тарихи ун-т ва мактабларда драма театр труппалари пайдо бўлганвақт (1ба.)дан бошланади. 1682 йил драматург Урбан Йерненинг Упсала унти қошида тузган театр труппаси Швециянинг биринчи профессионал театри ҳисобланади. 1779 йилдан Гётеборгда доимий театр, 1788 йилдан Стокгольмда Кироллик драма театри ишлай бошлади. 19-асрнинг етакчи актёрлари: Л. Юртсберг, Э. Хёгквист, Н. Альмлёф, Г. Дальквист. 19-аср охири — 20-аср бошларида Ю. А. Стриндбер ижоди туфайли Швеция театри Европада шуҳрат қозонди. Унинг пьесаларини реж. ва актёр Ю. Линдберг ва реж. Г. Муландер саҳналаштирдилар. 1907 йил Стриндберг ташаббуси билан Стокгольмда Интим театри очилди. 20-асрнинг 20—30-й. ларида реж. П. Линдбергнинг фаолияти муҳим ўрин эгаллади; у турли даврларда Гётеборгдаги «Лоренсберг театр», Стокгольмдаги «Театр Экман» ва «Васатеатр»га раҳбарлик қилди. П. Линдберг ижоди Швецияда ҳоз. замон реж. ларининг шаклланишига таъсир кўрсатди (А. Шёберг, И. Бергман, С. Мальквист ва бошқалар). Швециянинг йирик театрлари: Қироллик драма театри, Гётеборг, Хельсингборг, Мальмёдаги театрлар. 20-асрнинг 60—80-й. ларидаги етакчи актёрлар: Т. Хаммарен, И. Хедквист, Л. Хансон, Э. Дальбек, Г. Вольгрен, Я. Кулле, С. Милиандер, М. Экстрём К. Ханнинг, У. Пальме.

Киноси. 1897 йилда швед Н. Патерсон бир неча ҳужжатли ва бадиий фильмни суратга олди. Швецияда мунтазам равишда кино ишлаб чиқариш 1907 йилдан бошланди. 1910—20-й. ларда бир қанча фильмлар яратилди («Тирье Виген», 1916; «Тоғлик Эйвен ва унинг рафиқаси», 1917; «Ингмар ўғиллари», 1918; ҳаммасининг реж. В. Шёстрем). 20—30й. ларда кинонинг бадиий ва ғоявий савияси пасайди, экранларга ўртамиёна комедия ва мелодрамалар чиқарилди. 40-й. ларда фашизмни қораловчи фильмлар қўйилди («Ўт аланга олади», 1943, реж. Г. Муландер; «Жаноби олийлари», 1944, реж. Х. Экман). 2-жаҳон урушидан кейинги йилларда реж. лар ижодида ёлғизлик, маънавий тушқунлик етакчи мавзуга айланди. Бу И. Бергман ижодида ўз ифодасини топди («Масхарабозлар оқшоми», 1953; «Кўзгудагидек», «Дахлдор» ва «Сукут» трилогияси, 1961—63; «Кузги соната», 1980; «Фанни ва Александр», 1982). А. Шёбергнинг фильмлари эса инсон ички дунёси тахлилига бағишланган («Оддийгина она», 1949; «Фрёкен Юлия», 1951; «Сўнггиси ўйиндан чиқади», 1956). 60—70-й. ларда реж. лар ижтимоийсиёсий муаммолар кўтарилган фильмларни яратдилар («Одален31», 1969; «Жо Хилл», 1971; иккаласининг реж. Б. Видерберг; «Мана сенинг ҳаётинг», 1967; «Муҳожирлар», 1970; «Янги ер», 1972; ҳаммасининг реж. Я. Троэлль). Шу билан бирга 60—80-й. ларда айрим реж. лар ўз ижодларида очиқ натурализм, қўпол эротикадан ҳам фойдаландилар (В. Шёман, Т. Викман, Б. Торн). Швеция киносида ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш алоҳида ўрин тутади (Э. Лейслернинг «Қонли давр» фильми, 1960; 70-й. ларнинг бошларидаги иш ташлашлар тўғрисида кинорепортажлар туркуми). Швеция киносининг етакчи актёрлари: Б. Андерсон, Х. Андерсон, И. Тулин, Л. Ульман, Г. Бьёрнстранд, М. Сюдов ва бошқалар 1963 йилдан Стокгольмда Швед кино инти, 1965 йилдан унинг ҳузурида кино мактаби ишлайди.

Ўзбекистон — Ш. муносабатлари. 2001 йил 29 майда ЎзР ҳукумати билан Ш. Қироллиги ўртасида сармояларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида битим, 2002 йил 12 сентябрда ЎзР Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари вакили (Омбудсман) билан Швеция парламенти Омбудсмани ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Икки мамлакат ўртасида товар айланмаси 2003 йилда 17,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди. 1999 йил 10—13 апр. да Швецияда Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Loading...