ТАБАҚА ПАРДОЗ

ТАБАҚА ПАРДОЗ — ўймакорликда пардоз тури; уйма гул — нақшларни 2 ёки 3 қатламли ўймалар билан пардозлаш усули. Ўймалари унча чуқур бўлмасада, нақшлар ҳажмдор кўринишга эга бўлиб, ажойиб жозибадорлик ҳосил қилади. Пардозлар ичида энг мураккаби бўлгани учун устадан юксак касбий маҳорат талаб этади. Бухоролик усталар Табақа пардоз усулини кенг қўллайди. Жумладан, Уста Ширин Муродов Т. п. нинг имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиб, жозибадор нақш мужассамотлари яратган.