ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ

ТАБАҚАЛАШТИРИЛГАН ТАЪЛИМ — умумий ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчиларининг қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида ўқув режаси ва дастурлар асосида олиб бориладиган тамим тури. Табақалаштирилган таълимнинг меҳнат таълими билан алоқаси ўқувтарбиявий ишларнинг муҳим асоси ҳисобланади. Табақалаштирилган таълим жараёнида юқори синф ўқувчиларининг касбий тайёргарликларига алоҳида эътибор берилади. Шу сабабли айрим мактаблар билим асосларини чуқурлаштиришга, ўқувчиларни муайян касбга йўналтиришга мўлжалланган бўлади. Табақалаштирилган таълимда умумий ўрта таълим тизимидаги асосий ўқув предметлари мазмунини чуқур ўзлаштириш, бевосита керакли ўқув материалларини ўрганиш кўзда тутилади. Табақалаштирилган таълимнинг муҳим жиҳати унинг маълум соҳага йўналтирилганлиги ва бу таълим жараёнида ўзига хос предметлар тизимининг ўқитилишидир. Табақалаштирилган таълимни ташкил этишда мактаблардаги имкониятлар пухта ўрганилади. Табақалаштирилган таълимда маълум миқцорда қўшимча дарс машғулотлари ўтказиш ёки ўқув режасидаги айрим предметларни танлаб олиб, уларни чуқурроқ ўзлаштириш режалаштирилади. Унинг у ёки бу шаклини танлашда мактаб ва ўқувчиларнинг имкониятларидан келиб чиқилади. Табақалаштирилган таълимда ўқувчилар ўз қизиқишлари асосида йўналишлар бўйича гурухларга бўлиниб, таълим маълум касбга йўналтирилган тарзда амалга оширилади. Табақалаштирилган таълим касбга йўналтириш ва йўллашнинг муҳим асоси ҳисобланади ҳамда бирор мутахассислик соҳасидаги билим ва кўникмаларни эгаллаш билан боғлиқ билимлар асосида амалга оширилади. Табақалаштирилган таълимда ўқувчилар касбга йўналиш ва қизиқишидан қатъи назар, барча ўқув предметлари бўйича тўлиқ ўрта маълумотга эга бўлишади. Табақалаштирилган таълим ўқувчининг қайси бўлим ёки қайси предметни чуқур ўрганган бўлишига қарамай, олий ўқув юртига кириш учун белгиланган имтиҳонларда қатнашиш имконини беради ва унга тайёргарлик босқичи вазифасини ўтайди.

Табақалаштирилган таълим асосида ўқувчилар танланган мутахассислиги бўйича чуқур билим асосларини эгаллашади ва амалий малакаларга эга бўлишади. Табақалаштирилган таълим касб танлашнинг асоси ҳисобланади ва ўқувчиларнинг ўз қизиқиш ва мойилликлари асосида касб тайёргарлиги сирларини эгаллашларида муҳим ўрин тутади.

Рўзмон Келдиёров, Нурилла Аҳмедов.

Loading...