ТАБАРИЙ

ТАБАРИЙ, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий [839, Табаристон (Эрон)нинг Амул ш. — 923.16.2, Бағдод] — тарихчи, фақиҳ ва филолог. Маҳаллий зодагон оиласида туғилган. Амул ш. да дастлабки таълимни олган. Райда машҳур муҳаддис ва фақиҳлар қўлида уз билимини оширган. Сўнгра Бағдод, Басра, Куфага бориб, замонасининг машҳур уламоларига шогирд тушган. 867 й. Мисрга борганида етук олим сифатида эътироф этилган. У Бағдодга қайтгач, «алЖаририййа» деб аталган ўзининг фиқҳ (ҳуқуқ) мактабига асос солган. Унинг тарафдорлари Ибн Ханбал қарашларини танқид қилишган. Аҳмад бин Комил Абу Бакр, Абдулазиз бин Муҳаммад атТабарий, Абдуллоҳ бин Аҳмад ал-Фарғоний унинг етук шогирдлари эди.

Табарий фиқҳ ва тарих илмларини мукаммал эгаллаб, бу илмлар ва Қуръон, ҳадислар бўйича араб тилида 20 дан ортиқ асарлар ёзган. «Китоб ихтилоф алфуқаҳо» («Фақиҳларнинг ихтилофлари ҳақида китоб») асари турли мактабларга мансуб фақиҳлар дунёқарашининг тахлилига бағишланган. Ьцуръони карим тафсирига бағишланган «Тафсир алҚуръон» (20 жилд, 30 жилд қилиб нашр этилган) асари уни мусулмон оламига танитган. «Тарих аррусул валмулук» («Пайғамбарлар, подшохлар ва халифалар тарихи», «Тарихи Табарий» номи билан машҳур) асарида кад. Эрон подшохлари, Рим ва Византия императорлари, халифалик ҳудудидаги юртлар (хусусан, Хуросон ва Мовароуннаҳр)нинг 915 й. гача бўлган тарихи ўз ифодасини топган.

Асарда Туркистон халкларининг араб босқинчиларига қарши кураши ва қўзғолонлар (Бухоро, Вардона, Самарқанд ва Фарғонадаги жанглар; Абу Муслим ҳаракати, Муқанна қўзғолони, Рофе ибн Лайс қўзғолони ва ҳ. к.) ҳам кўрсатилган. «Тарихи Табарий» асари бизгача тўлиқ етиб келмаган. Унинг араб тилидаги мавжуд матни М. Я. де Гуе (1836—1909) тарафидан Лейденда 15 жилд қилиб нашр этилган (1879—1901). Бу асарни Балъамий қайта ишлаб ва янги маълумотлар билан бойитиб, форс тилига таржима қилган. Балъамий асари («Табарий — Балъамий тарихи» номи билан ҳам машҳур)ни Т. Зотенберг француз тилига (1874), Муҳаммад Юсуф Баёний ўзбек тилига (1882) таржима қилишган.

«Тарихи Табарий» В. И. Беляев томонидан арабчадан рус тилига қисқартирилган қолда таржима қилинган ва Тошкентда нашр этилган (1987). Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти фондларида бу асарнинг Муҳаммад Содиқ Кошғарий (18-а.) томонидан уйгур, Баёний (19-а.) томонидан ўзбек тилига қилинган таржимаси сакланади.

Ас: История атТабари, Избранные отрывки (Перевод с арабского В. И. Беляева), Т., 1987.

Ад.: Материалы по истории Средней и Центральной Азии X—XIX вв., Т., 1988.

Қаҳрамон Ражабов.

Prev Article

T