ТАБИАТ

ТАБИАТ — одамнинг пайдо бўлгунича ҳам, одам иштироки билан ҳам мавжуд борлиқ. Умуман — бу дунё, одам, коинот; микромакромегадунёлар; жонсиз ва жонли борлиқ. Тор маънода — табиат фанлари ўрганадиган объект. Т. одамга, жамиятга боғлиқ бўлмаган қонуниятга бўйсунади. Одам Табиатнинг бир қисми. Одам Табиат қонунларини ўзгартира олмайди, фақат қрнунлардан фойдаланиб, Табиат элементларини, қисмларини ўзлаштириши мумкин. Табиат тушунчаси инсоният жамияти яшаши табиий шароитларининг мажмуи сифатида ҳам қаралади. Инсон яшаши учун меҳнат қилади, меҳнат (мас., деҳқончилик, қурилиш, саноат), мия фаолияти ва б. эса Табиатнинг баъзи жиҳатларини ўзгартиради. Одам томонидан, яъни ижтимоий меҳнат жараёнида яратиладиган моддий бойликлар шартли равишда «иккинчи Табиат» дейилади. Мас., водороддан урангача бўлган 92 та кимёвий элемент табиийдир, ундан кейинги кашф этилганлари сунъийдир. Барча сунъий синтетик кимёвий бирикмалар, одам яратаётган атом ва ядро энергиялари «иккинчи Табиат»га киради.

Одамнинг Табиатга муносабати тарихда ўзгариб ва ривожланиб борди. Антик фалсафада Табиатга стихияли кучлар (Демокрит), идеал дунёнинг инъикоси (Платон), уйғун жараён (Пифагор), мукаммаллик (Аристотель) деб қаралган. Диний таълимотларда Табиат рухий ибтидонинг моддий гавдаланиши деб хисобланган ва худо Т. дан юқори туради деб тушунилган. Уйғониш даврида Табиатга ҳамма табиий уйғунлик ва мукаммалликнинг юзага чиқиши сифатида каралди. Янги даврда Табиатга бўлган муносабат Т. нинг илмий ўрганиш объектига айланишида катта роль ўйнади.

Табиат объекти фазо ва вақтда мавжуд модда, материядир. Улар чексиз маълум нарсаларнинг (элементар зарралар, антизарралар, қум, тош, тупроқ, сув, ҳаво, жонсиз ва жонли мавжудот, планеталар, юлдузлар, галактикалар ва б. самовий жисмлар, физик майдонлар) мажмуидан иборатдир. Бир вақтлар (фаннинг сўнгги маълумотлари бўйича бундан 20 млрд. йил аввал) бу жисмлар бошқа кўринишда бўлган. Бўлажак млрд. йилларда у яна ўзгариб боради. Табиат одамнинг, жамиятнинг ватани. Одамнинг ҳаёти Табиатнинг, биосферанинг уйғун шароитига боғлиқ. Бу шароит салбий томонга ўзгартирилса, одамнинг нормал яшашига путур етказилади, экологик муаммолар пайдо бўлади. Илмий-техника ютуқларидан нотўғри фойдаланиш — биосферанинг бузилишига олиб келади. Бинобарин Табиатни пухта билиб, ундан самарали фойдаланиш, унга тўғри ва оқилона муносабатда бўлиш лозим (қ. Табиатни муҳофаза қилиш). Инсоннинг Табиатга бундай муносабатда бўлишида фан асосий омил бўлиб келмоқда. Ер ва коинотда инсоннинг фаолияти фаоллашмоқда. Коинотнинг узоқузоқ жойлари (мас., метагалактикалари)да ,t юз бераётган ҳодисаларни кенгроқ ва чуқурроқ билиш Табиат ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиради. Омонулпа Файзуллаев.

Loading...