ТАДБИРКОРЛИК

ТАДБИРКОРЛИКкапитал сарфлаб товар ва хизматлар яратиш билан фойда топишга қаратилган иқтисодий фаолият, бизнеснинг асосий тури; Т. мулкчилик субъектларининг фойда олиш мақсадида таваккал қилиб ва мулкий жавобгарлиги асосида амалдаги крнунлар доирасида ташаббус билан иқтисодий фаолият кўрсатишидир. Тадбиркорлик ноёб қобилият, ер, меҳнат, капитал, ахборотлар билан бир қаторда иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш. нинг бош омилларидан бири ҳисобланади. Тадбиркорлик бизнесга киради, лекин ҳар қандай бизнес Т. бўлавермайди. Бизнесда товар ва хизматлар яратилиб, бозордаги талаб крндирилганда Тадбиркорлик фаолияти юзага келади.

Тадбиркорлик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалсада, Тадбиркорлик тушунчаси 18-а. да пайдо бўлган ва кўпинча «мулкдор» ибораси билан бир маънода қўлланилган. Хусусан, А. Смит тадбиркорни фойда олиш учун биронбир тижорат ғоясини амалга ошириш мақсадида таваккалчилик билан иш кўрувчи мулкдор деб тавсифлайди. Ҳоз. замон Ғарб адабиётида ҳам Тадбиркорлик фойда олиш мақсадида хўжалик юритиш санъати, иқтисодий ва ташкилий ижодкорлик ва ташаббуснинг эркин намоён бўлиши, новаторлик, хавфхатарга доим тайёр туриш каби белгилар билан тавсифланади.

Тадбиркорлик қуйидаги тамойилларга таянади: бозор талабига кўра мустақил иқтисодий фаолият олиб бориш; фойда олишдан иборат мақсадга эга бўлиш; иқтисодий масъулият ва мажбуриятни ўз зиммасига олиб, таваккалига иш кила билиш; янгиликка интилиш; белгиланган қонунқоидаларга риоя қилиш; тадбиркорлик сирини саклаш; ижтимоий масъулиятни ҳис этиш, яъни ўз жамоаси, халқи фаровонлигини таъминлашни ўз фаолиятининг асосий йўналиши деб билиш ва б. Ташкилий жиҳатдан Тадбиркорлик жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан иборат. Тадбиркорлик бизнес сифатида, асосан, саноат, аграр ва сервис соҳаларда кечади. Тадбиркорлик мулкий жиҳатдан 4 хил куринишга эга: давлат тадбиркорлиги; хусусий тадбиркорлиги; жамоа тадбиркорлиги; аралаш Тадбиркорлик

Иш кўлами жиҳатидан кичик, ўрта ва йирик Тадбиркорликка булинади. Улар бирбиридан капитал микдори, ишловчилар сони, яратилган маҳсулот ва хизматларнинг бозор қиймати (ҳажми) ва олинган фойда миқдорига қараб фарқланади. Тадбиркорлик ғоят мураккаб фаолият бўлганидан, махсус истеъдод, тайёргарлик ва тажрибани талаб қилади. Ер юзида Тадбиркорлик билан аҳолининг 8—10% шуғулланади, холос. Хитойда 2002 й. да аҳолининг 12,5% Т. қилган. Ўзбекистонда 2003 й. меҳнатга лаёқатли аҳолининг 15,4% Т. билан шуғулланди. Улардан микрофирма соҳиблари (минг киши) — 214,0, кичик корхона эгалари — 17,3, урта корхона эгалари — 7,4, фермерлар — 87,5, якка тартибда Тадбиркорлик килувчилар — 97,1, майда деҳқон хўжалиги соҳиблари — 160,0дан иборат булди (2004). Ўзбекистонда Тадбиркорлик тарихан кўҳна ҳодиса ҳисоблансада, бозор иқтисодиётига ўтиш муносабати билан ўтказилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида 20-а. нинг 90й. ларидан бошлаб кичик ва урта савдо, умумий овқатланиш, аҳолига хизмат курсатиш корхоналарининг хусусийлаштирилиши муносабати билан хусусий Тадбиркорлик анча ривожланди. Республикада иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг дастлабки босқичида «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида» қонуни (1991, 15 фев.), «Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш тўғрисида» (1995, 12 дек.), «Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида» (1999, 15 апр.). «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» (2000, 25 май) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 й. 23 фев. даги «Кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллабқувватлаш механизмини такомиллаштириш тўғрисидаги» фармони Ўзбекистонда бозор иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган тадбиркорлар тоифасини шакллантиришга ҳуқуқий базани яратди.

Аҳмаджон Ўлмасов, Рустам Ҳасанов.

Prev Article

ТАГЛАР

Next Article

ТАДРИЖ