ТАФАККУР

ТАФАККУР — инсон аклий фаолиятининг юксак шакли; объектив воқеликнинг онгда акс этиш жараёни. Тафаккур атроф муҳитни, ижтимоий ҳодисаларни, воқеликни билиш қуроли, шунингдек, инсон фаолиятини амалга оширишнинг асосий шарти саналади. У сезги, идрок, тасаввурларта Караганда воқеликни тўла ва аниқ акс эттирувчи юксак билиш жараёнидир. Тафаккур — инсон миясининг алоҳида функцияси. Унинг нерв физиологик асоси биринчи ва иккинчи сигнал системаларининг ўзаро муносабатидан иборат. Тафаккур жараёнида инсонда фикр, мулоҳаза, ғоя, фараз кабилар вужудга келади ва улар шахснинг онгида тушунчалар, ҳукмлар, хулосалар шаклида ифодаланади (қ. Онг). Т. шил ва нутқ билан чамбарчас боғлиқ равишда намоён бўлади. Фикрлаш фаолияти нутқ шаклида намоён бўлади. Нутқ алоқаси жараёнида инсоннинг ҳиссий мушоҳада доираси кенгайиб қолмай, орттирилган тажриба бошқа кишиларга ҳам берилади. Инсон ўзининг Тафаккури, нутқи ҳамда онгли хаттиҳаракати билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. У фикр юритиш фаолиятида ўзида акс эттирган, идрок қилган, тасаввур этган нарса ва ҳодисаларнинг ҳақиқийлигини аниқлайди, ҳосил қилинган ҳукмлар, тушунчалар, хулосалар чин ёки чин эмаслигини белгилаб олади. Инсон Тафаккури орқали воқеликни умумлаштириб, бавосита (билвосита) акс эттиради, нарса ва ҳодисалар ўртасидаги энг муҳим боғланишлар, муносабатлар, хусусиятларни англаб етади. Бинобарин, инсон муайян қонун, қонуният ва қоидаларга асосланган ҳолда ижтимоий воқеа ва ҳодисаларнинг вужудга келиши, ривожланиши ҳамда оқибатини олдиндан кўриш имкониятига эга.

Тафаккур кўпгина фан соҳалари (фалсафа, мантиқ, жамиятшунослик, пед., физиология, кибернетика, биол.)нинг тадқиқот объекти ҳисобланади. Психологияда Тафаккур воқеликни умумлаштириш даражасига, муаммони ечиш воситаси хусусиятига, ҳолатларнинг инсон учун янгилиги, шахснинг фаоллик кўрсатиш даражасига кўра бир неча турларга (кўргазмали ҳаракат, кўргазмалиобразли, амалий, назарий, ихтиёрий, ихтиёрсиз, мавҳум, ижодий ва ҳ. к.) ажратиб тадқиқ қилинади. Ижтимоий ҳаётда, таълим жараёни ва ишлаб чиқариш. да одамлар ўртасидаги алоқа ва муносабатлар ҳам Тафаккур ёрдамида намоён бўлади. Жамоада танқидий қараш, ўзини ўзи танқид, баҳолаш, текшириш, ўзини ўзи текшириш, назорат қилиш, ўзини ўзи назорат қилиш, гуруҳий мулоҳаза юритишдан иборат Тафаккур сифатлари вужудга келади. Инсоннинг инсон томонидан идрок килиниши ҳам Тафаккур билан узвий алоқададир. Ижодий ишлар, кашфиётлар, ихтиролар, таклифлар Тафаккурнинг маҳсули ҳисобланади. Психология Т. нинг филогенетик (инсоният пайдо бўлиши даври), онтогенетик (киши умри давомида) билишга оид тарихий жиҳатларини ҳам ўрганади. Ҳоз. замон фанининг жуда кўп мураккаб масалалари Тафаккур даги мантиқий жараёнларни янада чуқурроқ ўрганишни тақозо этмоқда.

Эргаш Ғозиев.

Prev Article

ТАУСАҒИЗ

Next Article

ТАФТАЗОНИЙ