ТАҲОРАТ — намоз ўқиш, ибодат олдидан ювиниш, покланиш. Исломда Таҳоратнинг икки тури мавжуд: вузуъ — кичик таҳорат — қўлоёқ ва юзни ювиш; ғусул — катта таҳорат — тўла ювиниш, чўмилиш. Таҳоратнинг 4 та фарзи бор; юзни ювмоқ; икки қўлни тирсак ила қўшиб ювмоқ; икки оёқни тўпиғи ила қўшиб ювмоқ, бошнинг тўртдан бир қисмига масҳ тортиш — икки қўлни ҳўллаб суртмоқ. Бу фарзлардан бирортаси бажарилмаса, Таҳорат ҳақиқий бўлмайди. Таҳоратнинг фарзларидан бошқа унинг суннат ва вожиблари хам бўлади. Таҳорат оладиган ҳар бир кимса сувни керагидан ортиқ ҳам, оз ҳам сарф қилмаслиги; сувни юзга шапиллатиб сочмаслиги; Т. қилаётганда ўринсиз гаплашмаслиги; ифлос ерда Таҳорат олмаслиги керак. Таҳорат қилиш учун сув топилмаса таяммум қилинади. Таҳорати бор кишида қуйидаги ҳолатлардан бири юз берса Таҳорати бузилган ҳисобланади: вужуднинг бирон еридан қон, йиринг, сув чиқса; оғзи тўлиб қусса; тупурган вақт тупугини ярмидан купи қон бўлса; кичик ва катта ҳожатга борса ва орқадан ел чиқарса; бехуш ёки маст бўлса; намоз вақгида кулса; ухласа. Таҳоратни бузадиган ҳолатлар рўй берса, Таҳоратни бошқатдан қилиш лозим бўлади.