ТАЖРИБА

ТАЖРИБА — воқеликни амалий жиҳатдан ҳиссийэмпирик билиш жараёни. Тажриба кенг маънода — уқув, малака ва билимнинг бирлигидан иборат. Шунингдек, фалсафада билишнинг эмпирик усулларидан бири — эксперимент усули ҳам Тажриба деб аталади. Тажриба қадимдан фалсафа тарихида муҳим тадқиқот объекти бўлиб келган. Шарқ фалсафасида бирор нарсадаги муайян хосса ёки хусусиятни текшириб кўриш мақсадида ўтказилган синов ҳам Тажриба деб аталган. Абу Райҳон Беруний Т. ни эксперимент ва кузатиш билан боғлаб тушунтириш тарафдори бўлган. У Ибн Сино билан мунозарада фикран фараз қилиб кўришга нисбатан амалий эксперимент ишончлироқ маълумот беришини таъкидлаб, фикрий мулоҳазалар оғиздан-оғизга ўтиш билан ўзгариб бориши ва асл маъносини йўқотиши мумкин деб, амалий Тажрибанинг аҳамиятини юқори қўйган. Эмпиризм ва сенсуализм вакиллари билимларимизнинг энг ишончли ва ягона манбаи ҳиссий маълумотлардир, деб ҳисоблашган. Уларнинг фикрича, билимларда сезгилардан илгари бўлган нарсаларнинг ўзи йўқ, ҳамма билимлар энг аввало сезгилар орқали хреил килинади. Идеалистик эмпиризм намояндалари Д. Юм, Ж. Беркли Т. асосида объектив реаллик ётишини инкор этиш асосида уни сезгилар мажмуасидан иборат деб билишган. Ф. Бэкон, Гоббс, Локк, Дидро, Гельвецийлар эса Тажрибанинг манбаи моддий олам деб материалистик эмпиризм нуктаи назарида туришган. Рационализм вакиллари Декарт, Спиноза, Лейбниц фикрича, оламни мантиқий билишда Тажрибага эҳтиёж йўқ, чунки Тажриба узуқюлуқ, бир томонлама, саёз ва юзаки, номукаммал билимларни беради. Бундай билимларни системалаштириш, умумлаштириш, чуқурлаштириш учун аклий тафаккур керак бўлади деб, билишда Тажрибанинг ролини камситишади. И. Кант Т. ни тушунишда рационализмни ҳам, эмпиризмни ҳам жиддий танқид қилган. Унинг фикрича, одамлар мушоҳаданинг шундай бир априор (тажрибагача бўлган) шаклига эгаки, унинг ёрдамида сезгилар орқали олинган маълумотлар синтез килинади ва улар тасаввурдаги бўйича қатъий тартибга солинади. Гегель билишни кўп босқичли деб тушунади, у оламнинг билиш жараёнида эришган натижалари билан қўйган мақсади ўртасида доимо фарқ бўлади, яъни эришилган натижалар мақсадга етмайди, оқибатда билувчи истаган нарса билан эришган натижани таққослаш асосида предметга қараш ҳам ўзгариб боради ва шу тарзда предмет ҳақидаги янги билимлар пайдо бўлади, ана шу янги билимларнинг ҳосил бўлиш жараёни Тажриба дир, деб ҳисоблайди. Прагматист ва инструменталистлар фикрича, Тажриба нарсалардан «инструментал» маънода фойдаланишдир, экзистенциалистлар Тажрибани субъектнинг бевосита ички кечинмалари дунёси сифатида талқин этади, неопозитивистлар Тажрибани субъект онгининг турли ҳолатлари деб ҳисоблашади. Марксча файласуфлар назарида, Тажриба практика (амалиёт) категориясига мансубдир.

Кишиларнинг ҳаёти мобайнида орттирган билимлари, укув ва малакалари мажмуаси бўлган Тажриба авлодцан авлодга ўтиб боради. Тажриба фанни бойитишнинг, назария ва амалиётни ривожлантиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.

Бахтиёр Тўраев.

Loading...