ТАЛЬК

ТАЛЬК (нем. Talk; араб — talg) — варақсимон силикатларнинг кичик синфига мансуб минерал. Кимёвий таркиби Mg3[Si4O10](OH)2 бўлиб, унда MgO31,7%, SiO263,5%, H2O 4,8%. Баъзан магний Fe, Ni, Al, Cr билан ўрин алмашиши мумкин. Талькнинг виллемсеит (никелли), миннесотаит (темирнинг микдори 50 — 80%), стеатит (гилватасимон ёғли минерал; зич массивли) агалит (ингичка толали) турлари мавжуд. Ўта асосли тоғ жинсларининг магнезиал силикатларини гидротермал ўзгариши маҳсули. Агрегатлари варақ ва тангачасимон шаклда, ушлаганда ёғлиқсимон. Юпқа варақчалари шаффоф ёки қисман нур ўтказади. Ялтираши шишадек, садаф каби товланиб туради. Варақчалари эгилувчан, лекин қайишқоқ эмас. Баргсимон ёки ингичка донали, баъзан 10 см гача бўлган нотўғри шаклли пластинкасимон, уланиш текислигида эгилувчан шаффоф тангачаларга осон ажралувчи мўрт агрегатлар ҳосил қилади. Ранги оқ, яшилроқ. Қаттиқлиги 1, зичлиги 2,6 — 2,8 г/см3. Оловбардош, иссиклик ва электрни яхши ўтказмайди. Тальк конлари магнитга бой бўлган тоғ жинсларининг ўзгариш маҳсулот, контакт метасоматик жараёнлар билан боғлиқ бўлиб, кўпинча гидротермал босқичда доломитлар билан интрузив жинслар контактида юзага келади. Тальк сланецлар ва лиственитларнинг жинс ҳосил қилувчи минерали. Талькдан локбўёқ, резина, қоғоз, атирупа саноатида тўлдирувчи, техникада қаттиқ суркама, кислота ва оловга чидамли материал сифатида, айниқса керамикада кўп ишлатилади. Темирсиз стеатитли Талькдан безак тошлари сифатида фойдаланилади. Ўзбекистонда Нурота, ЗирабулоқЗиёвуддин, ЧатқолҚурама тоғларида Тальк намоёнлари, Султон Увайсда эса кичик кони мавжуд.

Loading...