ТАЛҚИН

ТАЛҚИН (араб. — тушунтириш, насиҳат) — 1) ўзига хос (3/8+3/4 ёки 9/8 такт ўлчовидаги) дойра усули (ланг ёки оқсоқ деб ҳам юритилади);

2) шу усул асосида яратилган куй, ашула ва мақом йўллари. Талқин йўлидаги ашулалар дастлаб насиҳатомуз, ибратли мазмундаги шеърлар билан ижро этилгани учун шундай ном олган. Талқин Шашмақом ашула бўлими таркибида муайян шўъба бўлиб, Сарахбор ва унинг тароналаридан кейинги ўринни эгаллайди. Талқинлар Ироқдан ташқари барча мақомларда мавжуд: Бузрук мақомида Талқини Уззол (Хоразм туркумида Талқини Бузрук), Ростда Талқини Ушшоқ (Талқини Рост), Навода Талқини Баёт (Талқини Наво), Дугохда Талқини Чоргоҳ, Сегоҳда Талқини Сегоҳ деб номланади. Талқинлар наср шўъбалари ва ундаги уфар қисмлари билан ҳамоҳанг, мантиқан узвий боғлиқ бўлиб, бирбиридан асосан доира усуллари билан фарқланади. Номдош намуналарнинг куй тузилиши, авжда намудларнинг келиши ҳам бир хил. Талқинлар салобатли ва улуғвор янграйди, чуқур лирикфалсафий ҳолатни ифодалайди. Уларни маҳорат билан ижро этувчи ҳофизларни халқ орасида талқинчи, талқинхон деб аташган. Талқин усулидаги ҳамда диний мазмундаги шеърларга ўқиладиган (хонақоий) ашула йўллари машҳур бўлган;

3) бадиий асарларнинг ижодкорона ёндошган ҳолда ижро этилиши.

Равшан Юнусов.

Loading...