ТАМАРАХОНИМ

ТАМАРАХОНИМ (тахаллуси; асл исми ва фамилияси Тамара Артёмовна Петросян) [1906.16(29).3, ҳоз. Янги Марғилон шаҳарчаси — 1991.30.6, Тошкент] — қўшиқчи ва рақкоса, балетмейстер, ўзбек профессионал ракси асосчиларидан. Ўзбекистон халқ артисти (1932). Москва театр техникумида ўқиган (1923—24). Ёшлигидан санъатга қизиққан: дастлаб Марғилон, Фарғона аёллари орасида рақсга тушиб, кўшик айтган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комиловлардан ўзбек рақс ҳаракатларини, Ҳамза, К. Станиславский, НемировичДанченко ва б. дан қўшиқчилик, актёрлик маҳоратини қунт билан ўрганди. Саҳна фаолиятини 1919 й. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий труппасида бошлаган. Кейинчалик Юсуфжон кизиқ труппасида ишлаган. 1921 — 22 й. лар Тошкент рус опера ва балет театрида, 1924 й. дан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги концерт труппаси (1926 й. дан Ўзбек давлат концертэтнографик ансамбли, 1929 й. дан Ўзбек давлат мусиқали театри)да фаолият кўрсатган. 1925 й. Парижда бўлиб ўтган Жаҳон безак санъати кўргазмасида М. Қориёқубов билан биргаликда иштирок этиб, ўзбек санъатини илк бор Европада намойиш этган. Тамарахоним ўзбек лапар ва ялла намуналарини саҳнавий ижро шароитига мослаштириб, янгича ифодавий воситалар (мимика, рақс, диалог ва б.) билан бойитиб, улар негизида бир неча кичик мусикий инсценировкаларни яратди, миллий оммабоп (эстрада) санъат ривожига асос солди. Тамарахоним ижросидаги қўшиқ ва лапарлар («Лолахон», «Қорасоч», «Билагузук», «Ойижон», «Фабриканинг йўлидан», «Қизлар, шитобингиз нима?», «Гулёр», «Етимлар йиғиси», «Туйғуной», «Эрк болалари» ва б.), «Синахирож», «Дилхирож», «Қаринаво», «Усмония» сингари рақслари халққа манзур бўлган.

1925—29 й. лар Андижон, Қўқон, Самарканд театрларида саҳналаштирилган мусиқали драмаларда Ҳалима (F. Зафарий, «Ҳалима»), Ширин (Хуршид, «Фарҳод ва Ширин»), Гулчеҳра (У. Ҳожибеков, «Аршин мол олон») сингари ролларни ижро этди. 1929—34 й. лар Самарканддаги Ўзбек давлат мусиқали театри (1931 и. театр Тошкентга кўчирилган) да, 1934—35 й. лар Хоразм театрида ишлади. 1934 й. М. Яновскийнинг «Ференжи» балетида Индра ролини ўйнади. Ўзи ташкил қилишда қатнашган республика балет мактаби 1935—47 й. лар Тамарахоним номи билан юритилган. 1935 й. Лондонда бўлиб ўтган биринчи халқаро халқ рақси ва мусиқа санъати фестивалида (Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир Исмоиловлар билан) қатнашиб олтин медаль олишга сазовор бўлган. 1937 й. Москвада бўлиб ўтган биринчи ўзбек санъати декадасида ҳам иштирок этган. 1936 — 41 й. лар Ўзбек давлат филармонияси, айни вақтда, Ўзбек давлат мусиқали театри (1939 й. дан Ўзбек давлат опера ва балет театри)да раққоса ва балетмейстер. 1941—69 й. ларда Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа ансамблида бадиий раҳбар, балетмейстер ва актриса. Тамарахоним 2жаҳон уруши йилларида концерт бригадалари билан армия қисмларида хизмат килди. Тамарахоним қайси халқ қўшиқ ва рақсини ижро этмоқчи бўлса, ўша халқнинг тарихи, этнографияси, маҳаллий урфодатлари, санъати ва маданиятини батафсил ўрганиб, сўнг ижро этган. Унинг ижросида «Эрта билан» (қўқонча), «Яллама ёрим» (марғилонча), «Омонёр» (андижонча), «Фарғонача рақс», «Бухороча рақс», «Мавриги», «Лазги» (хоразмча), «Бибижон» (туркманча), «Янги ой» (мўғулча), «Никоҳ тўйи» (грузинча), «Эшикни қоқма» (озарбайжонча), «Гулизор» (туркча), «Чандо» (индонезча), «Хумор кўзлар», «Бинти шалобия» (арабча), «Бандай тоғи» (японча), «Чўпон рақси», «Торази» (корейсча), «Ширин забон» (афғонча), «Нилуфар» (ҳиндча), «Паризодой» (қирғизча), «Жўра жоним» (тожикча), «Гармончи» (татарча), «Ой да Галя и Султан» (украинча) каби 500 дан ортиқ қўшиқ ва рақслар 86 тилда янграган. У устози Уста Олим Комилов билан кўплаб ўзбек халқ рақсларини саҳналаштириб, ўзига хос (аёллар ва эркаклар рақси ҳаракатларини мужассам этган) услубини яратди, янги замонавий рақслар, театрлашган рақс сюжетларини, янги хореографик композицияларни («Гул ўйин», «Садр», «Занг», «Пилла», «Кема ўйини» каби) ижод қилди. У ўзбек халқ рақс ҳаракатлари билан Европа мумтоз балет рақслари ҳаракатларини уйғунлаштирувчи дастурлар («Баҳор», «Наво», «Қизил ва оқ атиргуллар уруши» ва б.) яратди, булар миллий ўзбек балетини юзага келишида, миллий хореографияни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. У биринчи ўзбек балетларидан «Гуландом» (Е. Брусиловский, 1938) либреттосини Уйғун ва М. Яновскийлар билан биргаликда яратди, уни саҳналаштириб, бош ролни ўзи ижро этди. М. Турғунбоева, Г. Раҳимова, Р. Каримова, Г. Маваева, Ҳ. Комилова, И. Окилов, Л. Пепгросова кабилар Тамарахонимнинг шогирдларидир. Т. Франция, Норвегия, Германия, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон каби давлатларда гастролда бўлган. Тошкент ш. кўчаларидан бири (ўзи яшаган кўча)га Тамарахоним номи берилган. Тошкентда Тамарахоним уй музейи фаолият кўрсатмокда. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001).

Ад:Авдеева Л. А., ТамараХанум, Тамарахоним, 1959; Широкая О. И. Тамара Ханум, Тамарахоним, 1973.

Моҳина Аширова.