ТАЪМИНЛАГИЧ

ТАЪМИНЛАГИЧ — сочилувчан ва донали юкларни бункер, юклаш новлари ва б. дан яқинроқ жойга ташиш ёки қайта ишлаш машиналарига бир текисда узатиш учун мўлжалланган қурилма. Икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга лентали, винтли (шнекли), тебранма, титрама ва б. хиллари киради. Булар узунлиги ва ҳаракатлантириш двигателининг қуввати билан конвейердан фарқ қилади. Иккинчи гуруҳдагиларга конвейерларнинг прототиплари бўлган барабанли, дискли, занжирли ва пневматиквинтли хиллари киради. Барабанли Таъминлагич сочилувчан, донали, майда ва йирик бўлакли юкларни узатишда ишлатилади. Дискли (тарелкали) Таъминлагичдан сочилувчан юкларни узатишда фойдаланилади; бунда юк вертикал ўкда айланувчи дискка тушиб, ундан юк қўзғалмас қилиб маҳкамланган куракча билан туширилади. Дискнинг айланиш тезлиги юк марказдан қочма куч таъсирида сирғалиб тушиб кетмайдиган қилиб танланади. Занжирли Таъминлагич йирик бўлакли юкларни узатишда ишлатилади; бунда бункернинг чикариш тешигини қопловчи занжирли парда бор. Ҳаракатлантирувчи барабан айланганда занжирлар юкнинг катламини новга сиқади. Бу билан юкларнинг сирпаниш тезлигини ростлайди. Пневматик винтли Таъминлагич сочилувчанчангсимон материалларни узатиш учун ишлатилади; материални чиқиш олдида тутиб қолиб, ҳаво оқими таъсирида юклаши билан винтли Таъминлагичдан фарқ қилади.

Барча Таъминлагич ларнинг иш органлари тезлигини ва бункердан чиқариш тирқишлари ўлчамини ўзгартириб, титра м а Т. да эса тебраниш амплитудаси ва частотасини ўзгартириб иш унумдорлиги ростланади. Таъминлагичлар қурилишда, цемент здларида, маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналари ва б. соҳаларда қўлланади.